Ўзбекистонда олий, ўрта махсус ва касбий таълим ташкилотлари ва академик лицейлар талаба ва ўқувчилари учун қишки таътил 28 декабрдан бошланади.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг тегишли буйруғига мувофиқ, қишки таътил 2026 йил 10 январига қадар (шу куни ҳам) давом этади.
Таъкидланишича, уларнинг бу даврда доимий яшаш ҳудудларига (Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига) бориб-келишини қулайлаштириш мақсадида Транспорт вазирлиги, «Ўзбекистон темир йўллари» ҳамда Uzbekistan Airways билан ҳамкорликда қўшимча имкониятлар яратилади.
Шунга мувофиқ, 18 декабрь-12 январь оралиғида талабалар ва ўқувчилар учун 50 фоиз чегирма асосида йўл чипталари сотуви йўлга қўйилади (ҳали ЎТЙ ва авиакомпания чегирмалар ҳақида расмий эълон бергани йўқ).
Эслатиб ўтамиз, умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари учун қишки таътил 28 декабрдан 10 январгача давом этади. III чорак дарслари 12 январдан бошланади.
