Ўзбекистон олтин-валюта захиралари 1 декабрь ҳолатига кўра 61,23 млрд долларга етди, дейилади Марказий банк маълумотларида. Бу 2013 йилдан бери энг юқори кўрсаткич.
Ноябрь ойида захиралар яна 1,9 млрд долларга (+3,2%) ўсди, йил бошидан эса улар 20 млрд долларга (+48,7%) ошди.
Жаҳон бозорларида қимматлашган олтин яна ўсишнинг асосий омили бўлди. МБ маълумотларига кўра, нархларнинг бир унция учун 4013,2 доллардан 4159,4 долларга (+3,6%) ошиши захираларга тахминан $1,8 млрд қўшган (сентябрда — $4,6 млрд, октябрда — $2,5 млрд).
Олтиннинг физик ҳажми кетма-кет иккинчи ой ошди. Ноябрда у 310 минг трой унцияга (9,64 тонна) ошиб, 12,23 млн унцияга (380,4 тонна) етди. Шунга қарамай, йил бошидан бери олтин захиралари тахминан 2,1 тоннага камайди.
Олтин захираларининг қиймати нархларнинг ошиши фонида 3 млрд долларга ошиб, тарихий максимал — 50,86 млрд долларга етди. Ҳозирда олтин барча захираларнинг тахминан 83% ни ташкил қилади.
Шу билан бирга, захираларнинг валюта қисми 1,1 млрд долларга камайди — 9,8 млрд долларгача.
Қимматли қоғозлар ҳажми 503,3 млн долларга ошди — $1,53 млрд.
Марказий банкнинг олтин-валюта захиралари иқтисодий барқарорликни таъминлашнинг асосий воситасилигича қолмоқда: улар миллий валюта курсининг кескин тебранишларини юмшатиш, ташқи мажбуриятларни бажариш, инқирозли вазиятларда импортни таъминлаш, ташқи таъсирлардан — жаҳон хомашёси нархларининг пасайишидан молия бозорларидаги турбулентликкача ҳимоя вазифасини ўтайди.
