ЖЧ-2026 гуруҳ босқичига қуръа ташлаш маросимидан сўнг Ўзбекистон миллий терма жамоаси «К» гуруҳидан жой олди ва унда Португалия, Колумбия ҳамда 1-плей-офф босқичи ғолиби Ямайка, Янги Каледония ёки Конго Демократик Республикаси билан ўйнайди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Gazeta’га берган эксклюзив изоҳида Вашингтонда бўлиб ўтган қуръадан сўнг таассуротлари ва ушбу ўйинларда жамоамизнинг қандай кучли томонларини кўраётгани ҳақида гапирди.
Италиялик мутахассис Ўзбекистон терма жамоасини жуда кучли жамоалар кутиб турганини таъкидлади. «Бу қийин бўлади, лекин биз қўлимиздан келганини қиламиз. Биз ўрганамиз ва бу жамоаларга қарши қўрқмасдан ўйнашга ҳаракат қиламиз. Бу жаҳон чемпионати — у ерда ҳамма нарса бўлиши мумкин», — дейди терма жамоа бош мураббийи.
Унинг фикрича, жамоа учун қийин бўлиши мумкин бўлса-да, улар мусобақадан завқ олишлари керак.
«Ўйинчилар рўйхатига қарасак, биз учун жуда қийин бўлиши аниқ. Лекин биз ўйнашимиз керак, биз қўрқмаслигимиз керак. Биз у ерга ўрганиш, тарих яратишга ҳаракат қилиш учун келдик ва йўқотадиган ҳеч нарсамиз йўқ. Шунинг учун, биз Жаҳон чемпионатидан завқланамиз».
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Португалия ва Колумбияга қарши ўйинлардаги кучли томонлари ҳақида сўралганда, Каннаваро жамоанинг охиригача курашишга тайёрлигини алоҳида қайд этди.
«Биз ҳеч қачон таслим бўлмаймиз ва сўнгги сонияларгача курашишни истаймиз. Лекин биз шунчаки курашмоқчи эмасмиз — тўпни бошқаришни, олдинга боришни ва гол уришни хоҳлаймиз. Чунки агар биз шунчаки паст блокда ўйнаб, улар гол урмасликларига умид қилсак, бу жуда қийин бўлади. Биз қўрқмаслигимиз керак — олдинга интилишда давом этишимиз, гол уришга ҳаракат қилишимиз керак, акс ҳолда жуда қийин бўлади».
Терма жамоа бош мураббийи, шунингдек, мухлислар ишончи ва қўллаб-қувватлаши бўлажак жаҳон чемпионатида муҳим омиллардан бўлишини, чунки бу барча учун биринчи мусобақа эканлигини таъкидлади. «Футболчилар ҳар дақиқада, ҳар сонияда, ҳаммадан: мураббийлар штаби, федерация ва мухлислардан қўллаб-қувватлашга муҳтож. Ҳамма йигитларга ёрдам бериши керак, чунки босим жуда катта бўлади», — дея якунлади у.
Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳ босқичи учрашувларини Мексика ҳамда АҚШ майдонларида ўтказади. Унга кўра, ўзбекистонликлар илк турни 17 июнь куни Колумбияга қарши майдонга тушади. Иккинчи турни 23 июнь куни Португалия билан ўйнайди. 27 июнь куни бўлиб ўтадиган охирги турда Конго/Ямайка/Янги Каледония ўртасидаги учрашувлар ғолибига қарши баҳс олиб боради.
2026-йилги Жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида бўлиб ўтади. Мусобақада 48 та терма жамоа бош соврин учун кураш олиб боради. Канада ЖЧ-2026 мусобақасининг 13 та ўйинига мезбонлик қилади. Учрашувлар Торонто ва Ванкувердаги стадионларда ўтказилади. Мексика ҳам 13 та ўйинни ўзида қабул қилади. Учрашувлар Мехико, Гвадалахара ва Монтеррей шаҳрида жойлашган стадионларида бўлади. Қолган барча ўйинларга АҚШ мезбонлик қилади.
Расмий қуръа ташлаш маросимидан Gazeta томонидан тайёрланган эксклюзив репортажларини қуйида мавзуга оид материалларда ўқишингиз қилишингиз мумкин.