Тошкент шаҳри ҳокимлиги пойтахт йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича 2026−2028 йилларга мўлжалланган йирик лойиҳа тафсилотларини маълум қилди. Лойиҳа тўрт босқичда амалга оширилади. Бу ҳақда пойтахт матбуот хизмати хабар қилди.

Биринчи босқич доирасида шаҳарнинг марказий ва йирик кўчаларида кенг кўламли таъмирлаш ишлари олиб борилади:

  • Шаҳрисабз кўчасининг Амир Темур шоҳкўчасидан Миробод кўчасигача бўлган 3 км қисми таъмирланиб, автобуслар учун алоҳида йўлак ташкил этилади.

  • Амир Темур шоҳкўчасининг 11 км қисми (Учқаҳрамон даҳасидан Шимолий вокзалгача) янгиланади.

  • Янги Сергели кўчасининг 5,5 км қисми модернизация қилинади.

Шунингдек, Махтумқули, Мирзо Улуғбек-Феруза-Юзработ, Лутфий, Муқимий, Нурафшон, Қоратош-Кўкча Дарвоза ва КҲАЙ-Паркент йўналишлари бўйича жами 38 км йўл таъмирланиб, уларда ҳам алоҳида автобус йўлаклари барпо этилиши кўзда тутилган.

Иккинчи босқичда 16 та кўчанинг 36 км қисмини модернизация қилиш режалаштирилган. Ушбу босқичнинг энг муҳим лойиҳаларидан бири сифатида Паҳлавон Маҳмуд кўчасини Элбек кўчасига боғловчи янги йўл ўтказгич (Zo‘r TV телеканали биноси яқинида) қурилиши белгиланган.

Учинчи босқичда Юнусобод туманидаги Амир Темур шоҳкўчасида (Юнусобод айланмаси) автомобиллар учун ерости туннели қурилади. Бундан ташқари, 9 та кўчанинг 33 км қисми янгиланиб, ҳимоя тўсиқлари ва пиёдалар хавфсизлиги учун сунъий нотекисликлар ўрнатилади.

Тўртинчи босқичда Кичик ҳалқа автомобиль йўлининг Зиёлилар кўчасидан Шота Руставели кўчасигача бўлган 19 км қисми тўлиқ янгиланади. Бундан ташқари, 15 та кўчанинг 50 км қисми реконструкция қилиниб, автобус йўлаклари ва хавфсизлик инфратузилмаси такомиллаштирилади.