«Ёшлар учун 1000 китоб» лойиҳаси доирасида Марказий Осиё тарихи бўйича етакчи олимлардан бири, Карлтон Коллежи (АҚШ) доценти, Жейн ва Рафаэл Бернштейн профессори, «Коммунизмдан кейинги Ислом» (2007), «Ўзбекистон таваллуди: илк СССР даврида миллат, империя ва инқилоб» (2015, «Академнашр» нашриётида 2022 йилда ўзбек тилига ўгирилган), «Марказий Осиё: Империялар истилосидан ҳозирги давргача янги тарих» (2021) сингари китоблар муаллифи Адиб Холид билан учрашув ташкил қилинди.
Учрашувда олимнинг лойиҳа доирасида «Академнашр» нашриёти томонидан ўзбек тилида чоп қилинган «Туркистонда жадидчилик» китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирга Ёшлар ишлари агентлиги директорининг давлат тили бўйича маслаҳатчиси Саида Рашидова ва Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кренгаши раиси Акрамжон Фозилов модераторлик қилди.
Gazeta учрашувда Адиб Холид тадбир меҳмонлари саволларига берган жавобларнинг муҳим тезисларини келтиради.
Биз жадидларни кашшофлар, янги ғоялар олиб кирганлар сифатида биламиз. Шундай янги ғоялардан бири «миллат» тушунча эди. Бу тушунчанинг моҳияти нимада ва жадидларнинг ўзбек миллати шаклланишидаги роли қандай?
Марказий Осиёда XIX асрда «миллат» тушунчаси бўлмаган — ҳатто «миллат» сўзи бошқа маънода ишлатилган. Умуман олганда, «миллат» тушунчаси — сиёсий тизимни ва сиёсий ҳамжамиятни «миллат» сифатида кўриш — нисбатан янги ғоя: Европада ҳам бундай қараш янги даврда пайдо бўлган. Жадидлар учун «миллат» тушунчаси қабила, уруғ ва бошқа бирликлардан юқорироқ турувчи, уларни бирлаштирувчи тушунча бўлган.
Бир нарсани ёдда тутишимиз керак: Россиядаги 1917 йил инқилоби жиддий трансформацияга олиб келган ҳодиса эди ва инқилобдан олдинги ҳамда инқилобдан кейинги жадидчиликни ҳам фарқлашимиз керак. Инқилобдан олдин жадидларнинг «миллат» тушунчаси ўзгарувчан бўлган — барқарор бўлмаган. Бу пайтда миллатни ифодалаш учун «Туркистон мусулмонлари» атамаси ишлатилган. Бироқ бевосита инқилобдан олдинги йилларда «миллат» тушунчаси кучли бирлаштирувчи тушунча сифатида юзага келди. Дастлаб бу «туркчилик» (пантуркизм эмас, айнан «туркчилик» — Туркистонликлар бирлигини ифодаловчи ғоя) сифатида юзага келган бўлса, инқилобдан кейин жадидлар кўпроқ ўзбекчилик, ўзбек миллати ҳақида гапира бошладилар.
Демак, «миллат» тушунчаси Туркистон мусулмон аҳолисининг Россия мустамлакачилигига қарши бирлигини ифодаловчи тушунча сифатида юзага келди. Умуман олганда, XX аср бошларида аксар реформаторлар учун «миллат» сиёсий фаолликнинг, айниқса, мустамлакачиликка қарши фаолликнинг энг кучли шакли эди.
Мустақилликдан кейин жадидлардан қолган меросга янгича назар ташлашни бошладик, тадқиқ қила бошладик. Шу тадқиқотларда биз нималарни кўздан қочиряпмиз? Уларни тўлароқ тушуниш учун нималарга эътибор беришимиз керак?
Совет даврида жадидчилик муҳокама қилиш учун тақиқланган мавзу эди. Биламизки, 1937−1938 йиллар қатағони жадидчилик ҳаракатига якуний нуқта қўйди. Бироқ бундан олдинроқ — 1920 йилларда расмий совет позицияси аллақачон жадидчиликка қарши эди ва жадидлар инқилоб душманлари сифатида кўрила бошланган эди. 1980 йилларнинг иккинчи ярмидаги ошкоралик давригача жадидчилик ҳаракати совет илм-фанида фақат буржуа миллатчилик ҳаракати, аксил-совет ҳаракат сифатида эсланар эди. Эсимда, ўзбек адабиёти тарихига бағишланган 1980 йилларда чоп қилинган китобни ўқиганимда жадидчилик ҳақида бор-йўғи бир хатбошида айтилган эди.
Жадидчиликка бағишланган, кейинчалик китобим учун асос бўлиб хизмат қилган диссертациямни ёзаётган пайтимда жадидлар асарлари библиографиясини ўзим тузиб чиқишимга тўғри келган, чунки уларнинг кўп асарлари ҳали номаълум эди. Ҳозир кўпчиликни қизиқтирадиган, илмий тадқиқотлар олиб борилаётган мавзуга айланган жадидчилик узоқ йиллар давомида тилга олиш ҳам мумкин бўлмаган мавзу эди.
Ҳозирги кунда жадидчиликнинг қайси қирралари етарлича тадқиқ қилинмаган дейдиган бўлсак, биз жадидларнинг бошқа мусулмон жамиятлари билан муносабатлари, алоқалари ҳақида яхши тасаввурга эгамиз — бу алоқалар, айниқса, инқилобдан олдин жуда муҳим аҳамиятга эга эди. Шу билан бирга, бу ҳали чуқурроқ ўрганиш керак бўлган мавзу.
Яна бир ўрганишни талаб қиладиган мавзу — бу жадидларнинг ўз жамиятида уларга мухолиф бўлган кучлар. Бу омилга — жадидларга мухолиф бўлган кучларга, айниқса, бугунги Ўзбекистонда етарлича баҳо берилмаяпти. Бу мухолиф 1917 йилда, сиёсат билан шуғулланиш имкони пайдо бўлиб, [Думага] сайловлар ўтказилганда муҳим омилга айланди — жадидлар ўз жамиятида қаттиқ мухолифат билан юзлашдилар.
Назаримда, бу — тадқиқ қилиниши керак бўлган муҳим мавзу. Бу мавзуни ўрганиш 1917 йилдан кейин жадидларнинг «босмачилик» деб аталган ҳаракат вакиллари билан муносабатларини, нега улар ўртасида ҳамкорлик бўлмаганини тушунишга ҳам ёрдам беради.

Жадидларни каттароқ контекстда ўрганиш етишмаяпти дедингиз. Ўша каттароқ контекст нимадан иборат эди? Халқаро контекстда қўйсак жадидлар қайси ҳаракатнинг бир қисми, маҳаллий кўриниши эди? Иккинчидан, жадидларга мухолиф бўлганлар ҳақида гапирдингиз. Жадидлар большевиклар билан ҳамкорлик қилиб, совет тизимига киришиб кетиб, ўзидан нимадир қолдиришга муваффақ бўлган. Лекин уларнинг мухолифлари — муҳофазакор қатламнинг ғоялари нималардан иборат бўлган, улар нимани хоҳлашган?
Кенгроқ контекст, юқорида айтилгандек, мустамлакачилик билан боғлиқ. XX аср бошларига келиб Европадан ташқаридаги дунёнинг аксар қисми турли Европа давлатларининг мустамлакасига айланган эди. Мусулмон дунёсида икки суверен давлат қолган эди: Усмонлилар империяси ва Эрон. Кенгроқ контекстда жадидчилик мусулмон дунёсидаги мустамлакачиликка қарши катта ҳаракатнинг бир қисми эди. «Биз қандай қилиб бу аҳволга тушдик ва энди нима қилишимиз керак?» каби саволлар бу ҳаракатнинг асосий саволлари эди. Бундай саволларга жавоблар, мустамлакачиликка жавоблар ягона эмас эди — турли жойларда жавоблар турлича эди.
Мусулмон дунёсида шундайлар бор эдики, Исломнинг тоза кўринишига қайтишни ёки жиҳодни мустамлакачиликка жавоб сифатида кўришар эди. Шундайлар ҳам бор эдики, Ислом ва тараққиёт, замонавий дунё — бир-бирига зид тушунчалар эмас, мусулмонлар тараққиётга эришиш учун замонавий билимларни эгаллашлари керак, деб ҳисоблашарди. Жадидларнинг энг муҳим сўзлари — тараққий ва маданият бўлган. Яъни кенгроқ контекстда жадидчилик мусулмон модернизмининг бир қисми, Ислом билан уйғунлашган тараққиётга қаратилган ҳаракат эди.
Лекин бу ягона ҳаракат эмас эди — турли зиёлилар конкрет сиёсий вазиятлардан келиб чиқиб ҳаракат қилишган. Масалан, Мисрда ёки Ҳиндистонда ёки ҳатто Россия империясининг ичида — Волга минтақаси ва Туркистонда контекстлар турлича бўлган ва бу модернистик ҳаракатлар турлича шакл олган. Менинг жадидларга қизиқишим ҳам шундан бошланган: мен Ҳиндистон ва Мисрдаги мусулмон модернизми ҳаракатларини ўрганганман ва бу пайтда Марказий Осиёда қандай жараёнлар кечгани мени қизиқтириб қолган. Шу маънода жадидларни ўрганиш Марказий Осиё тарихини глобал контекстда кўриш имконини беради.
Ҳозирги Ўзбекистон ҳаётининг кўп қирралари — масалан, ҳозирги ўзбек тили, ўзбек миллати тушунчаси жадидлар меросига бориб тақалади. Жадидларга мухолиф бўлганлар — муҳофазакорларга келсак, уларнинг сони, шубҳасиз, анча катта бўлган. Буни 1917 йилда Тошкент Думасига ўтган сайловлар натижасидан ҳам кўришимиз мумкин: «Уламо жамияти» 72 овозни ва жадидлар 12 овозни қўлга киритган, яъни шаҳар думасининг катта қисми муҳофазакорлардан иборат бўлган.
Жадидлар учун мустамлака ҳолатда бўлишнинг ўзи радикал ғоялар, радикал ечимларни, маданиятни, жамиятни ва Исломнинг ўзини ўзгартиришни талаб қилган бўлса, уларнинг мухолифлари катта ўзгаришларга зарурат кўришмаган. Россия империяси турли динларга эътиқод қилишга рухсат берган, қозилар судлари ишлаб турган. Мустамлака ҳукумат анъаналар, урф-одатлар ва Уламо ҳокимияти, мавқейига дахл қилмаса, муҳофазакорлар жиддий ўзгаришларда зарурат кўришмаган. Умуман, бутун мустамлака дунёсида кўп муҳофазакорлар мустамлака бўлишни фожиа сифатида кўришмаган.

Ўзбекистонда ҳозирги дарсликларда, масалан, тарих, адабиёт дарсликларида жадидларнинг ҳаддан ташқари «романтизатсия» қилингандай (идеаллаштирилгандай) таассурот қолдиради, уларнинг асарлари ҳам асосан советларга қарши кураш нуқтаи назаридан талқин қилинади. Бундай қараш қай даражада ҳақиқатга яқин ва ҳозирги ўзбек адабиётшунослари жадидлар асарларини ўрганишда нималарга эътибор беришлари керак?
Мен Ўзбекистондаги адабиёт дарсликларида жадидлар қандай тақдим қилингани билан таниш эмасман, лекин уларнинг бир қолипда тақдим этилишини тасаввур қила оламан. Юқорида айтилганидек, 1917 йилдан олдинги ва кейинги жадидчилик анча фарқ қилган, бу даврларда уларни ўйлантирган муаммолар ҳар хил бўлган. 1917 йилдан кейинги жадид адабиётининг ҳаммаси ҳам советларга қарши бўлмаган. Ўзи «советларга қарши» тушунчаси жуда «ажойиб» тушунча бўлган: ОГПУ (кейинроқ НКВД, МГБ, КГБ номлари билан аталган хавфсизлик хизмати — таҳр.) «партияга содиқ» сифатида кўрмаган ҳар қандай нарса «аксилсовет» деб баҳоланган. Биз жадидларни ўрганаётганда контекстни, хусусан, 1920 йиллардан кейин контекст жуда мураккаб бўлганини ҳисобга олишимиз керак.
Сизнинг китобларингиз ўзбек китобхонларига яқингача таниш эмас эди. Бугунги кунда Марказий Осиёни ўрганаётган ғарб тадқиқотчиларидан кимларнинг ишларини муҳим деб биласиз?
Мен ҳурмат қиладиган олимлардан бири — Марианна Кемп (Марианне Камп), унинг «Янги ўзбек аёлининг яратилиши» деган китоби, бу китоб учун у жуда кўп оғзаки тарихни ўрганган. Эдриэн Эдгар (Адриэнне Эдгар) иккита китоб ёзган, бири совет Туркманистони ҳақида ва бири Совет Иттифоқидаги турли элат (этнос) вакиллари ўртасидаги никоҳларга бағишланган. Сара Камерон (Сараҳ Cameron) Қозоғистондаги очарчилик ҳақида китоб ёзган — ундан олдин ҳатто Қозоғистоннинг ўзида ҳам ҳеч ким бу мавзуга қўл урмаган эди. Артемий Калиноский (Artemy Kalinovsky) ҳам жуда маҳсулдор — у Тожикистон ҳақида, советларнинг Афғонистонга бостириб кириши ҳақида, совет давлатининг сўнгги йиллари ва илк мустақиллик йилларидаги жамиятнинг ривожланиш ҳолати ҳақида китоблар ёзган.
