• Чт. Янв 22nd, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Мундиалдаги рақибларимиз қандай ўйнайди? – Gazeta

Мундиалдаги рақибларимиз қандай ўйнайди? – Gazeta


Бешинчи декабрь куни футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичидаги рақибларини билиб олди. Қуръа ташлаш маросимида Каннаваро шогирдларига мундиалда Португалия, Колумбия ҳамда Янги Каледония, Ямайка, Конго жамоаларидан бири рақиблик қилиши ойдинлашди. Gazeta The Athletic нашрининг жаҳон чемпионати иштирокчилари ҳақидаги материали асосида Ўзбекистон терма жамоаси рақиблари ҳақида қисқа маълумот беради.

Португалия

жаҳон чемпионати, ўзбекистон миллий терма жамоаси, футбол

1966 йилда Эйсебиодан илҳомланиб, ярим финалга чиққан Португалия терма жамоаси асрнинг қолган қисмида фақат битта турнирда иштирок этди. Бироқ, 2002 йилдан бери барча Жаҳон чемпионатларида қатнашди ва Европада энг совриндор жамоалар қаторига қўшилди. Бу мамлакат футболчилари 2016 йилда Европа чемпионатида ҳамда 2019 ва 2025 йилларда Миллатлар Лигасида ғолиб бўлган.

Шуларга қарамай, XXI асрдаги Жаҳон чемпионатларида фақат бир марта (2006 йилда) ярим финалга чиққани Англиядан ҳам кўпроқ «олтин авлодлари» борлиги билан мақтанадиган кичик, аммо истеъдодларга бой футбол мамлакати учун бироз умидсиз натижа ҳисобланади.

Мураббий ким?

Португалия бош мураббийи Роберто Мартинес. У аввалроқ Белгия терма жамоаси билан 2018 йилги Жаҳон чемпионатининг ярим финалигача чиққан ва ФИФА рейтингида биринчи ўрингача кўтарилган. Португалия Евро-2024да умидсиз ўйин кўрсатган бўлса, бу йил Миллатлар Лигасида ажойиб иштирок этди. Бу мамлакатнинг ёздан умидлари катта.

Португалия қандай ўйнайди?

Мартинесга Португалиянинг тактик мослашувчанлиги (4−3−3, 4−2−3−1 ва 3−4−2−1 схемаларини алмаштириб ишлатиш), Нуну Мендеш каби ҳужумга фаол қўшилувчи топ ҳимоячилари ва мослашувчан ярим ҳимоячилари (масалан, Бруно Фернандес ва Бернарду Силва) ёқади. Жамоа тўпсиз ҳам, тўп билан ҳам яхши ўйнайди. Масалан, улар Миллатлар Лигаси ярим финали ва финалида Германия ва Испанияни иккала ўйинда ҳам тўпга камроқ эгалик қилган ҳолда мағлуб этди. Мартинес кутилмаган қарорлар қилишга мойил (мисол учун, Жоао Невес яқинда ўнг қанот ҳимоячисига сифатида ўйнади) ва жамоаси таркибида мослашувчанликни қадрлайди.

Асосий футболчиси ким?

Бу масалада танлов жуда кенг, жумладан, жамоага барқарорлик берувчи Бруно Фернандес ва таянч яримҳимоячи Витиня каби вариантлар бор. Аммо Роналдуни ҳам эътибордан четда қолдириб бўлмайди. У ўзининг 41 ёшида жамоани деярли бошқарадиган футболчи бўлиб қолмоқда. Роналдунинг турнирга қанчалик тайёр бўлиши Португалиянинг иштироки муваффақиятли ёки муваффақиятсиз бўлишида катта таъсирга эга бўлади. Саралаш босқичида ва Саудия Арабистони чемпионатида маҳсулдор ўйин кўрсатаётган Роналду сўнгги йилларда кетма-кет бир нечта йирик турнирларда ғалаба қозона олмаяпти. Сўнгги Жаҳон чемпионати ва Европа чемпионатида жами 10 та ўйинда биргина, пенальтидан гол урган. Майдонга тушадими ёки йўқ, Португалиянинг ўйинларида барчанинг эътибори унга қаратилаверади.

Колумбия

жаҳон чемпионати, ўзбекистон миллий терма жамоаси, футбол

Колумбия 2022 йилдаги паузадан кейин Жаҳон чемпионатига қайтди. Уларнинг турниргача босиб ўтган йўли Бразилия ва Аргентина устидан ўз майдонида қозонилган ғалабаларни ва Чилини 4:0 ҳисобида мағлуб этишни ўз ичига олди. Бироқ, кетма-кет учта мағлубият март ойига келиб Колумбиянинг ўрнини пасайтирди. Шунга қарамай, саралаш босқичидаги яна бир фалокатдан қутулиб қолди ва охир-оқибат CONМЕBОL’да учинчи ўрин билан, йўлланмани қўлга киритди.

2026 йилги мусобақада 2014 йил мусобақа «Олтин бутса»си соҳиби бўлган Ҳамес Родригес сўнгги бор ўз терма жамоасини сардор сифатида майдонга бошлаб чиқади. 2024 йилги Копа Америкада иккинчи ўринни эгаллаган Колумбия катта умидлар билан АҚШ майдонларига қайтади.

Мураббий ким?

Жамоа бош мураббийи Нестор Лорензо. 59 ёшли мутахассис жамоасини Копа Америка финалига олиб чиққач машҳур шахсга айланди. Энди эса Жанубий Американинг энг кучли жамоаларидан бирини Қўшма Штатларга катта кутилмалар билан бошлаб боради.

Улар қандай ўйнайди?

Колумбия ҳар доим ўзининг жонли ўйини билан машҳур бўлган. Гарчи мустаҳкам ҳимоя асосий устувор вазифага айланган бўлса ҳам бу анъана Лорензо қўл остида ҳам давом этмоқда. Мураббий 4−2−3−1 схемасини афзал кўради, унинг услубида ҳужумкор қанот ҳимоячилари ва ижодий ярим ҳимоячилар муҳим роль ўйнайди. Луис Диаз ажойиб формада бўлгани учун Лорензо Колумбиянинг ўзига хослигини «Бавария» вингерига мослаштиришга ҳаракат қилмоқда.

Жамоада Ҳамес Родригес, Жон Ариас ва Ричард Риос доим тўп атрофида бўлишади. Шунинг учун жамоа тўпни кўп ўзида ушлаб ўйнай олади, ҳамда ўрта блокдан бироз орқага чекиниб, қарши ҳужумга чиқа олади — иккаласи ҳам улар учун қулай.

Энг катта масала эса 9-рақам — марказий ҳужумчи ким бўлишида. Чунки айнан шу ўрин учун рақобат мавжуд ва бу позицияда ким тўп суриши жамоанинг ёзидаги муваффақиятини белгилаб бериши мумкин.

Асосий ўйинчиси ким?

Ҳамес Родригес Колумбиянинг терма жамоасининг юраги ва руҳи ва, эҳтимол, энг яхши ўйинчиси ҳам. Аммо Луис Диаз, шубҳасиз, жамоанинг ҳозирда энг номдор, юлдуз футболчиси. Ливерпулнинг собиқ ҳужумчиси Жаҳон чемпионати саралаш босқичида еттита гол урди. Жумладан, Колумбиянинг Бразилия устидан 2:1 ҳисобидаги ғалабасида дубль қайд этди. Аргентина билан сафар ўйинида 1:1 ҳисобида дуранг қайд этишга имкон берган ажойиб голга муаллифлик қилди.

28 ёшли Диаз ҳозир ўзининг энг яхши даврини бошдан кечирмоқда. У Жаҳон чемпионатида Колумбиянинг асосий таҳдид қуролига айланиши мумкин.

Ҳамес Родригес ва Луис Диас Колумбия терма жамоасининг асосий юлдузлари бўлишига қарамай, терма жамоа мухлисларининг севимли футболчиси Хуан Фернандо Куинтеро ҳисобланади. Жуссаси кичик футболчи тўп билан ҳақиқий сеҳргарга айланади ва ретро услубидаги 10-рақамли ўйинчиларни эслатиб юборади. Унинг узатмалари ва кўча футболи услубидаги ўйини Жанубий Америкадаги мухлисларига жуда ёқади. Мухлислар вақти билан терма жамоа бош мураббийи Лорензодан Ҳамес Родригес ва Куинтерони биргаликда ўйнатиш ҳақида сўраб туради. Лекин бу жуфтлик майдонда кўп бирга ўйнамайди.

Куинтеро майдонга тушганда, Колумбиянинг ҳужумига янги ҳаёт бағишлайди. «Ривер Плейт» плеймейкери 2014 ва 2018 йиллардаги Жаҳон чемпионатларида голлар урган ва 2026 йилда ҳам Колумбия учун ёрқин ўйин кўрсатишга ҳаракат қилади.

ФИФА биринчи плей-офф саралаши: Янги Каледония / Ямайка / Конго

жаҳон чемпионати, ўзбекистон миллий терма жамоаси, футбол

Тинч океанининг бир нечта кичик оролларидан келган ўйинчилардан ташкил топган Янги Каледония жамоаси конфедератсиялараро плей-оффда яққол аутсайдер ҳисобланади. Агар плей-офф ярим финалида уларга ютқазса, Ямайка мураббийи кечалари ухлай олмай чиқса керак.

Жамоа ноябрь ойида тўғридан-тўғри йўлланмани қўлга кирита олмагани ортида мураббий Стив Макларен истеъфо берди. Бу қарор эса жамоани ноаниқ аҳволга солиб қўйди, шунинг учун улар бу баҳсда ғолиб бўлиши кутилаётганига қарамай, Жаҳон чемпионати йўлланмаси ҳали ҳам нақд қилиб қўйилди деб бўлмайди.

Сабаби, бу учликдаги охирги жамоа — Конго Демократик Республикаси Африка футболида юксалиб бораётган кучлардан бири ҳисобланади. Улар аллақачон Камерун ва Нигерияни мағлуб этиб, бу босқичга чиқишди ва ушбу плей-офф финали йўлланмасини кафолатлашди. Яна бир қадам жамоани мундиалдан ажратиб турибди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *