• Чт. Янв 22nd, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Харажатлар 150 млрд сўм атрофида». Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш нега муҳим?


Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь ойида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатдан ўтказиш тадбирлари бошланади. 15 январдан 28 февралга қадар бўлиб ўтадиган мазкур жараёнга ҳозирлик кўрилмоқда. Ушбу тадбир мамлакат ва аҳоли учун қай даражада муҳим, рўйхатга олиш қандай кўринишда ва кимлар томонидан олиб борилади, жараён учун қанча маблағ ажратилиши режалаштирилган? Gazeta мухбири Миролим Исажонов экспертлар билан суҳбатлашиб, шу каби саволларга ойдинлик киритди.

Рўйхатга олиш нима учун керак?

Миллий статистика қўмитаси бошқарма бошлиғи Зойир Йўлдошевнинг қайд этишича, рўйхатга олиш тадбири аҳолининг реал эҳтиёжларини тўғри баҳолаш ва қишлоқ хўжалигининг иқтисодий салоҳиятини тўлиқ ишга солишда муҳим ҳисобланади.

«Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш нафақат давлат органлари учун статистик маълумотлар йиғиш воситаси, балки жамият фаровонлиги ва ривожланишини таъминлашга хизмат қилувчи муҳим тадбирдир. Ушбу жараён орқали юртимизда қанча аҳоли борлиги, уларнинг ёш таркиби, турмуш шароити, шунингдек, қишлоқ хўжалигидаги ер майдонлари, чорвачилик ва экин турлари ҳақида аниқ маълумотга эга бўламиз. Бу эса давлат сиёсатини тўғри белгилаш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва ҳар бир ҳудуд ривожида мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади», — дейди у.

Йўлдошевнинг айтишича, аҳоли ва қишлоқ хўжалигини биргаликда рўйхатга олиш ортидан харажатлар сезиларли даражада қисқаради, вақт тежалади ва сўровларни мақбуллаштириш имкони пайдо бўлади. Бу ёндашув туфайли молиявий ва ташкилий ресурслар самарали бошқарилади, маълумотларнинг тўлиқлиги ва сифати ошади.

Зойир Йўлдошев / Фото: Масс-медиа фонди

«Жараён ўтказиладиган мазкур давр аҳоли ва қишлоқ хўжалиги соҳаси учун нисбатан кам ҳаракатланадиган қиш фаслига тўғри келиши билан ҳам қулайлик яратади. Бу пайтда қишлоқ хўжалигида ҳам мавсумий ишлар камайган бўлиб, фермерлар ва деҳқонлар учун маълумотларни тақдим этиш вақти қулайроқ бўлади. Мавсумий омилларни ҳисобга олиш, ташкилий имкониятлардан самарали фойдаланиш рўйхатга олиш жараёнининг аниқлиги ва тўлиқлигини таъминлайди. Масалан, қиш фаслида чорва молларининг сони ва ер ресурсларидан фойдаланиш ҳолатини аниқлаш осонроқ бўлиб, бу маълумотларнинг ишончлилигини оширади», — дейди қўмита вакили.

Зойир Йўлдошев Ўзбекистонда охирги марта аҳолини рўйхатга олиш 1989 йилда ўтказилганини таъкидларкан, ўтган 36 йил давомида демографик ва ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичларда сезиларли ўзгаришлар юз берганини айтди.

«Бу эса замонавий талаблар ва халқаро стандартларга мувофиқ аҳоли ҳамда қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг янги босқичини ташкил этиш заруриятини келтириб чиқарди. Ушбу мақсадда 2020 йилнинг март ойида «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Унда аҳолини камида ҳар 10 йилда, қишлоқ хўжалигини эса ҳар 5 йилда рўйхатга олиш белгиланди. 2021 йилда аҳоли ва 2022 йилда қишлоқ хўжалиги синов тариқасида рўйхатга олинди. Тўлиқ рўйхатга олишни амалга ошириш учун зарур техник тайёргарлик, ҳуқуқий асослар ва бошқа омилларга тайёргарлик ишлаб чиқилганидан сўнг мазкур тадбир 2026 йилга кўчирилган», — дейди у.

Сўровномада 71 та савол бўлади

Йўлдошевнинг айтишича, саволларнинг сони аввал режалаштирилган 328 тадан кейинроқ 71 тагача қисқартирилган. Сўровномада аҳолига оид 54 та, қишлоқ хўжалигига доир 17 та савол бўлади. Хусусан, асосий демографик кўрсаткичлар, аҳолининг даромад манбаи, бандлиги ва таълим даражаси, турар жой хусусиятлари, айрим тоифалар, чет эл фуқаролари ҳамда қишлоқ хўжалиги бўйича саволлар ўрин олган.

Унинг сўзларига кўра, рўйхатга олиш жараёни икки босқичда ташкил этилади:

  • 1-босқич 15−31 январь кунлари бўлиб ўтади. 17 кун давомида census.stat.uz сайти орқали OneID тизими ёрдамида онлайн рўйхатдан ўтиш имкони яратилади. Унда фуқаролар ўзи ва оила аъзолари тўғрисидаги саволномани мустақил тўлдириши мумкин бўлади;

  • 2-босқич 4−28 февраль кунлари ўтказилади. «Маҳалла еттилиги» аъзолари уйма-уй юриб, планшет орқали рўйхатга олиш жараёнларини ташкил этади. Бунда фуқаролардан ҳеч қандай SMS код ёки пул маблағлари сўралмайди.

аҳолини рўйхатдан олиш

«Рўйхатга олиш жараёнлари якунлангандан сўнг маълумотларни қайта ишлаш ва таҳлил қилиш босқичи бошланади. Натижалар Европа статистиклар конференциясининг 2020 йилги тавсияларига мувофиқ умумлаштирилади. Натижада аҳолининг демографик таркиби, миграция жараёнлари, оилавий ҳолати, фаолият турлари ва даромад манбалари тўғрисида ягона маълумотлар базаси шаклланади. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш, чорвачилик ва паррандачилик соҳасига оид кўрсаткичлар аниқланади», — дейди қўмита расмийси.

Зойир Йўлдошевга кўра, йиғилган маълумотлар республика ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли саломатлигини яхшилаш ва оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича дастурларни манзилли ишлаб чиқишда муҳим ахборот базаси бўлиб хизмат қилади.

Нега «маҳалла еттилиги»?

Қўмита вакили Зойир Йўлдошев рўйхатга олиш жараёнига нега «маҳалла еттилиги» ходимлари жалб қилинаётганини тушунтирди.

«„Маҳалла еттилиги“ ходимлари ўз ҳудудидаги аҳолининг ҳар бирини яхши танийди. Шу сабабли улар мазкур жараёнда асосий куч ҳисобланади. Бугунги кунда „маҳалла еттилиги“ аъзолари 55 мингдан зиёдни ташкил қилади. 38 миллион аҳолининг ҳар бири ўзига хос характерга эга. Жараён вақтида улар билан ишлаш, саволлар моҳиятини тушунтириш, тўғри ва аниқ маълумотларни олиш осон эмас. Шу сабабли „маҳалла еттилиги“ вакиллари олий таълим муассасаларининг профессор ўқитувчилари ва психологлари томонидан ўқитилди. Бунинг учун ҳар бир вилоятдаги биттадан ОТМдан беш нафардан, жами 70 нафар мутахассис танлаб олинди. Улар билан шартнома тузилиб, тренинглар учун пул тўланди», — дейди у.

аҳолини рўйхатдан олиш

Унга кўра, «маҳалла еттилиги» аъзолари ўз маҳалласида рўйхатга олиш тадбири жараёнида махсус бейджик ва қўлида планшети билан бирга юради. Уйма-уй юриб рўйхатга олиш ишларини ташкил этувчи «маҳалла еттилиги» ходимлари таркиби қуйидагича:

  • ҳоким ёрдамчиси;

  • ижтимоий ходим;

  • ёшлар етакчиси;

  • хотин-қизлар фаоли;

  • солиқ инспектори.

Рўйхатга олиш тадбири даврида маҳалла раиси рўйхатга олиш участкаси бошлиғи ҳисобланса, профилактика инспектори эса унинг ўринбосари вазифасини бажаради.

Статқўм ахборот хизмати раҳбари Усмон Абдурасуловнинг таъкидлашича, онлайн рўйхатдан ўтган фуқароларнинг уйига борилмайди.

«15−31 январь кунлари онлайн рўйхатдан ўтган фуқаролар ҳақида бизнинг базага хабар келиб тушади. Шундан сўнг бу ҳақда регистратор, яъни „маҳалла еттилиги“ вакилининг планшетига маълумот юборилади. У онлайн рўйхатдан ўтган аҳоли уйига кирмайди, вақтдан ютиши ва рўйхатдан ўтмаганлар хонадонига боришга улгуриши керак. Мисол учун, сиз регистраторсиз ва 10 та хонадонга боришингиз белгилаб берилган. Шу 10 та хонадондан нечтаси онлайн рўйхатдан ўтган бўлса, улар чиқариб ташланади ва сизга ҳали рўйхатдан ўтмаганлар ҳақида маълумот ташлаб берилади, кейин ўша хонадонларга борасиз», — дейди у.

Жараёнга қанча маблағ сарфланади?

Абдурасуловнинг сўзларига кўра, рўйхатга олиш тадбирлари учун давлат бюджетидан 140−150 миллиард сўм атрофида маблағ ажратилиши назарда тутилган.

«Тадбир давомида қандайдир қўшимча ўзгаришлар ёки молиявий ресурслар жалб қилиниши ҳисобига ҳозирча 140−150 миллиард сўм атрофида маблағ сарфлаш режалаштирилган, бу аниқ бир сумма эмас. Мазкур маблағнинг асосий қисми жараёнда иштирок этган „маҳалла еттилиги“ вакилларини мукофотлашга кетадиган харажатлар ҳисобланади. Улар амалда олаётган маошидан ташқари, қўшимча равишда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 1,5 бараварида бир марталик рағбатлантирилади. Бу президент қарорида қайд этилган. Аслида, бундай тажриба бутун дунёда мавжуд. Халқаро ташкилотларнинг тавсияларига кўра, регистраторларни моддий рағбатлантириш маълумотларнинг сифатли бўлишини таъминлаб беради», — дейди у.

224 та маҳалланинг фуқароси муддатидан аввал рўйхатга олинди

Қўмита матбуот котибининг айтишича, ноябрь ойида мамлакатнинг олис ва тоғли ҳудудларидаги жами 224 та маҳаллада аҳоли ва қишлоқ хўжалиги муддатидан аввал рўйхатга олинди. Мазкур жараён махсус ўқув семинарларда малакасини оширган «маҳалла еттилиги» аъзолари томонидан планшетлар ёрдамида амалга оширилди.

аҳолини рўйхатдан олиш

Усмон Абдурасулов / Фото: Масс-медиа фонди

«Ушбу ҳудудларда рўйхатга олиш жараёнларини регистраторлар томонидан уйма-уй юриб амалга ошириш маълум вақт ва қўшимча саъй-ҳаракатни талаб этиши, ташкилий жиҳатдан ҳам қийинчилик туғдириши сабабли мазкур тадбир муддатидан аввал ташкил этилди. БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар тавсияларида олис ҳудудларда асосий тадбирдан аввал рўйхатга олишни ўтказиш маълумотлар сифатини ошириш, ташкилий камчиликларни бартараф этиш ҳамда жараён самарадорлигини таъминлашда муҳим экани таъкидланган», — дейди Усмон Абдурасулов.

«Келажакка инвестиция»

БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси аҳолишунослик ва ривожланиш масалалари бўйича дастури раҳбари Аъзам Тошпўлатовга кўра, аҳолини рўйхатга олишни келажакка инвестиция сифатида қабул қилиш керак.

«Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири, албатта, Ўзбекистон учун энг муҳим жараёнлардан бири ҳисобланади. Бу мамлакат фуқароларига ижобий таъсир кўрсатади. Масалан, мактаб ёшидаги болалар сони ҳақидаги маълумотлар мактаб қуриш бўйича режаларни мувофиқлаштиришга ёрдам беради. Ҳудудлар кесимида қаерда ва қайси соҳада янги иш ўринларига эҳтиёж мавжудлиги, қандай мутахассислар кераклигини билиш учун ишсизлар сони ва уларнинг малака даражасини билиш лозим. Фавқулодда вазиятларда ФВВ ходимлари, шунингдек, шифокорлар аҳолини рўйхатга олиш маълумотлари асосида зарур ёрдам кўламини белгилайди», — дейди у.

аҳолини рўйхатдан олиш

Аъзам Тошпўлатов. Фото: Ҳусниддин Ато.

«Буни келажакка инвестиция сифатида қабул қилишимиз лозим. Сабаби рўйхатга олинган ҳар бир маълумот давлат томонидан стратегик режалаштиришда, ижтимоий-сиёсий дастурларни ишлаб чиқишда қўлланади. Аҳолини рўйхатга олиш макроиқтисодий кўрсаткичларни келгуси 10−20 йиллик даврни прогноз қилиш учун ҳам зарур. Статистик маълумотлар манзилли дастурларни ишлаб чиқиш, фуқаролар саломатлигини мустаҳкамлаш, оилаларга моддий кўмаклашишда муҳим аҳамиятга эга», — дея қўшимча қилди БМТ вакили.

Унинг айтишича, БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) рўйхатга олиш тадбирларининг илк кунларидан бошлаб Миллий статистика қўмитасига яқиндан ёрдам бериб келмоқда.

аҳолини рўйхатдан олиш

«Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида»ги қонун ва бошқа норматив ҳужжатларни ишлаб чиқишда 2019 йилда қўмитада ташкил этилган рўйхатга олиш бошқармасига моддий-техник томонлама ёрдамлашилди. Рўйхатга олиш пилот лойиҳаси ўтказилган пайтда АҚШ, Буюк Британия, Грузия каби давлатлардан халқаро мутахассисларни жалб қилиш ҳамда рўйхатга олувчи ходимларнинг малакасини оширишда ҳам кўмаклашилган. Ўтган олти йил давомида UNFPA томонидан мазкур жараёнлар учун Ўзбекистонга 1 миллион доллардан зиёд турли шаклларда ёрдам кўрсатилган», — дейди Аъзам Тошпўлатов.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *