Футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг учта ўйинини икки мамлакат — Мексика ва АҚШда ҳамда учта шаҳарда ўтказади. Бу Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) томонидан эълон қилинган мусобақа тақвимидан маълум бўлди.
Миллий терма жамоа «К» гуруҳидаги дастлабки учрашувни 18 июнь куни Тошкент вақти билан соат 8:00 да Мехикода Колумбияга қарши ўтказади.
Иккинчи ўйин 23 июнь куни соат 23:00 да Хьюстонда бўлиб ўтади ва унда Португалия терма жамоаси рақиблик қилади.
Фабио Каннаваро шогирдлари гуруҳ босқичини 28 июнь куни соат 5:30 да Атлантада Янги Каледония, Ямайка ва Конго Демократик Республикаси ўртасидаги қитъалараро плей-оффда аниқланадиган жамоага қарши ўйин билан якунлайди.
Суратда шарқий-американ вақт минтақаси кўрсатилган. Тошкент билан фарқ — 10 соат.
Ҳозирга қадар чемпионатда 42 та терма жамоа иштирок этиши кафолатланган. Яна олтита жамоа 2026 йил март ойи охирида бўлиб ўтадиган плей-офф ўйинларида аниқланади. Улар автоматик равишда тўртинчи саватга тушади.
2026 йилги Жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлгача бўлиб ўтади ва 39 кун давом этади. Плей-офф формати ҳам ўзгарди: 1/16 финалга нафақат ҳар бир гуруҳдан энг яхши икки жамоа, балки учинчи ўринни эгаллаган саккизта терма жамоа ҳам чиқади. Шу тариқа, плей-офф босқичига 32 та жамоа йўл олади.
