Ушбу шарҳ «Ўзгидромет»нинг қисқа ва ўрта муддатли об-ҳаво прогнозлари асосида тузилган бўлиб, у бевосита об-ҳаво прогнози эмас.
Бу каби шарҳлар об-ҳаво бюроларининг прогнозларидаги рақамлар, ҳодисаларни оддий тилда тушунтириш имконини беради. Айрим нуқталарда «Ўзгидромет» ҳали тақдим этишга улгурмаган ахборотлар халқаро об-ҳаво прогнози марказларининг маълумотлари билан тўлдирилган — бу ҳам прогнозларни шарҳлаш амалиётида тасдиқланган самарали усулдир.
Жорий ҳафта об-ҳавосини марказида атмосфера босими 1045 гПа гача юқори кўтарилувчи совуқ антициклон жанубий чеккаси белгилайди. Унинг ҳаракати сабаб, ҳафта бошларида кўплаб аҳоли зич истиқомат қилувчи ва катта қишлоқ хўжалик ер майдонлари ястаниб ётган вилоятларда кўп миқдорда ёмғир, ҳафта ўрталарида енгил совуқ ва қуруқ ҳаво тақдим этилади. Дам олиш кунларига бориб, антициклоннинг минтақадан чекиниши навбатдаги нам ҳаво оқими серияларининг минтақага кириб келишини таъминлайди.
Бир сўз билан айтганда, ҳафта бошларида катта намгарчилик, айрим вилоятларда жуда кўп ёғинлар, тоғларда қор бўронлари, ҳафта ўрталарида шимол ва тоғларда −10…−12 даража совуқ, бошқа вилоятларда −5…−7 даражагача совуқроқ ва қуруқ об-ҳаво муҳити, ҳафтанинг дам олиш кунлари яна нам ҳаво оқими серияларидан ёғингарчиликлар бўлиши аниқ бўлмоқда. Ҳафта об-ҳавосини каруселга қиёслаш мумкин. Намгарчил ва салқин ҳафта боши, қуруқ ва совуқроқ ҳафта ўртаси ва намгарчил ва илиқроқ ҳафта сўнги. Умумий маънода декабрнинг айни кунлари учун ҳафта илиқроқ, аммо ўта нам ўтишига гувоҳи бўламиз.
Манба: Meteoinfo.ru
Шундай қилиб, жорий об-ҳаво шароити ҳафта бошларидаги жуда кўп ёғингарчилик кўплаб тармоқлар фаолиятига бироз таъсир этади. Чоршанба-пайшанба кунларидаги бироз совуқ ҳарорат тўлқини қиш мавсуми учун кенг майдонда ҳаво ҳароратининг нол даражадан анча пасайиб кетиши билан боғлиқ илк совуқлик тўлқини юз беради.
Хорижий об-ҳаво бюроси маълумотларида ҳафтанинг иш кунлари Ўзбекистонда ҳафтанинг иш кунларида шу кунлар учун ўртачалаштирилган беш кунлик ҳаво ҳарорати қиймати чоршанба ва пайшанба кунларидаги совуқлик таъсирига қарамай, меъёрдан юқори яъни илиқ бўлиши келтирилган.
Манба: Meteoinfo.ru
«Ўзгидромет» прогнозига кўра, душанба куни Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидан ташқари бошқа вилоятларда ёғингарчиликлар кутилади. Самарқанд, Тошкент, Сирдарё, Жиззах каби вилоятлар ҳамда тоғларда кўп миқдорда ёғингарчилик кузатилади. Кундузи ҳаво ҳарорати Бухоро, Навоий, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида +13…+18 даража, тоғларда +6 даража, бошқа жойларда +11 даражагача кўтарилади. Кечаси жанубий вилоятларда +2…+7 даража илиқлик муҳитидан шимол ва тоғларда −2…−7 даражагача совуқлик муҳитига ўзгариши айтилмоқда. Жануб вилоятларидан ташқари ҳудудларга туман ҳодисалари тушиши мумкин.
«Ўзгидромет» синоптиклари сешанба-жума кунлари учун ишлаб чиққан прогнозида Сешанба куни ҳам худди душунбадаги каби шимол ҳудудларидан ташқари жойларга ёғингарчилик тушишини, бошқа кунлари эса тоғлардан ташқари жойларда ёғингарчилик бўлмаслигини маълум қилган. Сешанба ва чоршанба кунлари ҳаво ҳарорати сезиларли пасайиб боради. Ҳатто, шимол, Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳарорат минимумлари -10 даражагача пасайиши мумкин. Шу билан биргаликда айни мана шу кунлари айни мана шу ҳудудларда кучли шамоллар эсиши, унинг тезлиги сониясига 22 метргача кучайиши қўшимча қилинмоқда. Сешанба ва чоршанба кундузлари ҳам ҳарорат жануби вилоятларидан ташқари жойларда анча паст, ҳатто +2…+7 даража илиқ атрофида кузатилиши мумкин. Пайшанба кунидан бошлаб ҳаво ҳарорати яна аста-кескин кўтарилиб боради.
Шанба ва якшанба кунлари республика бўйлаб беқарор об-ҳаво давом этади. Айрим ҳудудларда ёғингарчилик бўлиши мумкин. Ушбу кунлари аҳоли ҳароратнинг яна ҳам кўтарилиб боришига гувоҳи бўлишади.
Умуман, дам олиш кунларидаги об-ҳаво ўзгаришлари ҳақида «Ўзгидромет»нинг яқин кунларда янгиланадиган об-ҳаво прогнози ахборотидан аниқроқ маълумот олиш мумкин.
«Ўзгидромет»нинг бошқа бир ахбороти ҳамда Европа ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз маркази (ECMWF)нинг прогнозларига кўра, ҳафта (8−14 декабрь кунлари) давомида шимолдагина ўтмиш декабрнинг шу кунларига хос меъёрий ҳарорат, республиканинг бошқа ҳудудларида эса меъёрдан 1−3 даража, жанубий вилоятларда меъёрдан 3−6 даража юқори иссиқроқ ҳафта, ёғингарчилик кесимида Самарқанд, Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Фарғона водий вилоятлари ва тоғларда меъёрдан кўп ёғингарчилик тушиши ойдинлашмоқда.
Манба: ECMWF

Тоғлар ва айрим шаҳарларда ёғингарчиликнинг ҳаддан ташқари кўп ёғиши тармоқларга турлича муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.
Ҳарорат режими ва тез ўзгарувчан об-ҳаво муҳитининг инсон саломатлигига таъсири
Ҳафта бошларида аҳолиси зич истиқомат қилувчи вилоятларда аҳоли ёғинли об-ҳаво таъсирида бахт гормони яъни серотонин гормон етишмаслиги билан тўқнашадилар. Ҳафта ўртасидаги антициклон жараёни айни антициклон таъсирига мойил аҳоли қатламига таъсир кўрсатади. Сешанба куни эса навбатдаги совуқ ҳаво оқимининг минтақага кириб келиш пайти шамоллар эсишидан олдин ҳудудларда «барик тубсизлик» ҳодисасининг «ўртача» хавф даражаси кузатилади.
Жорий ҳафта узоқ кутилган ёқимли ёмғир ҳавоси остида ўтса-да, афсуски бу айрим тоифа аҳоли қатлами, бошқача айтганда, об-ҳаво ўзгаришларига мойил кишилар саломатлигига бироз таъсир кўрсатишини таъкидлаб ўтиш жоиз.
Биоиқлимий шароитлар
Ҳафтанинг иш кунлари кишилар қишги кийимларни кийиб юришларига тўғри келади. Аммо, бу жануб вилоятларига у қадар хос эмас. Сешанба ва чоршанба тонгги муддатларда эса республиканинг катта қисмидаги аҳоли қалпоқлар, яна ҳам қалинроқ кийим кийиб олишлари тавсия этилади. Дам олиш кунларига бориб, ҳароратнинг яна ҳам кўтарилиб бориши аҳолини қалин кийимлар ўрнига енгилроқ кийим кийиб олишлари томон ундайди.
Душанба-сешанба кунлари Жиззах, Сирдарё, Тошкент, водий аҳли узоқ кутилган шиддатли ёмғирларга, тоғларда қор бўронларини кўришлари мумкин. Қор бўрон ҳодисаларидан эстетик завқ олишни ҳохлаётганлар айни шу кунлари тоғларга саёҳат қилишлари тавсия этилади.
Космик таъсирлар
Ўтган шанбадан якшанбага ўтар кечаси Қуёшда М8 кучли чақнаш содир бўлди. Ундан ажралган плазма қуёш шамоллари орқали тўғри Ер томон ҳаракатланмоқда. 9 декабрь куни куннинг иккинчи ярмида плазманинг ер магнитосферасига урилиши 6−7 баллик «қизил» хавф даражасидаги магнит бўрони қўзғалишларини келитирб чиқариши мумкин.
Манба: Xras.ru
Қозоғистондаги Ионосфера институти прогнозларида ҳам сешанба ва чоршанба кунлари «тўқ қизил» ва «қизил» хавф даражадаги магнит бўрони бўлиши мумкинлиги келтирилган. Ҳафтанинг жума куни магнит бўрони билан боғлиқ вазият анча сокин бўлиши қўшимча қилинган.
Манба: Ionos.kz
Ҳозир дунёда магнит бўронларини икки кундан ортиқ давр учун ишончли прогноз қила оладиган восита ва усуллар мавжуд эмас. Шу боис магнит бўронларига таъсирчан кишилар ўз режаларини яқин икки кунлик магнит бўрони прогнози маълумотларига таяниб тузиши мақсадга мувофиқдир.
Об-ҳаво ўзгаришлари билан боғлиқ атмосфера ифлосланиши
Ва ниҳоят ҳафта бошларидаги жуда кўп ёғинлар атмосферадаги чанг-ғуборларни, жойларда қақраган тупроқ сирт юзасини етарли намлантира олиш қувватига эга бўлади. Сешанба куни Қизилқум чўлида кутилаётган кучли шамоллар йўналиши шарқий бўлиб, шамол сабаб чўл сиртида кўтарилган чанг ҳаво Қорқалпоғистон Республикаси томон йўналиш позициясига эга. Чоршанба ва пайшанба тонгги ва кундузги муддатларда антициклон сабаб, кичик инверсия жараёни кўплаб жойларда ҳавода чангнинг бироз ортишига олиб келиши мумкин. Ҳафтанинг бошқа кунлари ҳавода табиий майда чанг заррачалари кўпайиши учун шароит мавжуд эмас.
Бундай муҳитда, зарурат туғилганда, ҳавода майда заррачалар билан боғлиқ ифлосланиш ортганида қандай ҳаракат қилиш бўйича Санитария-эпидемиология қўмитаси аҳолининг турли ёш қатламлари ва беморлар учун тайёрлаган тавсиялари билан танишиб қўйиш зарар қилмайди.
Шундай қилиб, 8 декабрдан 12 декабрга қадар кишилар саломатлигига камроқ хавф туғдирувчи иқлимий ва космик муҳит душунба-жума ва дам олиш кунларига тўғри келмоқда.


