• Чт. Янв 22nd, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда ОИВга қарши курашишга йилига 20 млн доллар сарфланмоқда


Ўзбекистонда ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ва ушбу касаллик билан яшаётганларга ёрдам бериш мақсадида йилига 20 млн доллар атрофида маблағ сарфланмоқда. Бу ҳақда Республика ОИТСга қарши курашиш маркази директори Баҳром Игамбердиев Gazeta мухбири билан суҳбатда маълум қилди.

Игамбердиевнинг таъкидлашича, президент томонидан 2023 йилда имзоланган «Одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ) келтириб чиқарадиган касалликка қарши курашиш тизимини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор доирасида 2023−2027 йиллар учун давлат бюджети, халқаро ташкилотлар ҳамда инвестиция дастури маблағлари ҳисобидан жами 168,5 млрд сўм ва 46,91 млн доллар маблағ ажратилган (қуйидаги суратда бу ҳақда батафсил танишиш мумкин).

Унинг қўшимча қилишича, давлат раҳбарининг юқоридаги қарори ижросидан ташқари халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик натижасида 2023−2027 йиллар учун 51,1 млн долларга тенг бўлган беғараз ёрдамлар жалб этилган. Унинг манбалари қуйидагича:

  • БМТ Тараққиёт дастури — 10,5 млн доллар;

  • БМТнинг ОИВ/ОИТС бўйича UNAIDS дастури — 200 минг доллар;

  • «Чегара билмас шифокорлар» — 1 млн доллар;

  • ОИТС, сил ва безгакка қарши курашиш бўйича Глобал жамғарма — 23 млн доллар;

  • Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) — 13,8 млн доллар;

  • ЮНИСЕФ — 2,6 млн доллар.

«Ҳисоб-китобимизга кўра, йиллик харажатларимиз 20 миллион доллар атрофида бўлиб, бу пуллар, асосан, махсус терапия учун дори воситалари ва реактивлар билан таъминлашга йўналтирилади. Буларнинг барчаси ОИВ билан яшовчи 52 мингдан зиёд беморларни даволаш ва профилактик тадбирлар учун қилинади. Бугунги кунда бир нафар бемор учун йилига 1 миллион сўм атрофида сарф-харажат амалга оширилади», — дейди Игамбердиев.

Марказ директорининг қайд этишича, мамлакатда ОИТСга қарши курашишда ишлатиладиган маблағларнинг 75 фоизи давлат бюджетидан, қолган қисми халқаро ташкилотларнинг беғараз кўмаги асосида молиялаштирилади.

Унинг сўзларига кўра, 2024−2026 йиллар давомида ОИТСга қарши кураш марказларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга 11,9 млн доллар ажратилган:

  • 1,45 млн доллар — Республика ОИТСга қарши курашиш марказида реконструкция ишлари учун;

  • 5,79 млн доллар — 8 та ҳудудий ОИТСга қарши курашиш марказларида реконструкция ишлари учун;

  • 2,95 млн доллар — 3 та вилоят ОИТСга қарши курашиш марказларида янги қурилиш ишлари учун;

  • 1,76 млн доллар — асбоб ускуналар, лаборатор мебеллар учун.

ОИТСга қарши курашиш марказлари лабораторияларини моддий-техника базасини ривожлантиришга жами 14,36 млн доллар йўналтирилган:

  • 1,7 млн доллар — референс-лабораторияларга мос ҳамда халқаро ISO талабларга жавоб берувчи зарур тиббий ускуналарни харид қилиш;

  • 12,1 млн доллар — лабораторияларни биологик хавфсизликнинг II даражасига кўтариш ва Республика марказий лабораториясини референс-лабораторияга айлантириш;

  • 0,46 млн доллар — Республика ва ҳудудий ОИТСга қарши кураш марказларини 13 та ИФА анализатор, 7 та ПЗР ва 61 та бутловчи лаборатор ускуналари билан таъминлаш;

  • 0,1 млн доллар — Республика ОИТСга қарши курашиш маркази лаборатория мажмуасини аккредитациядан ҳамда текширув алгоритмини валидациядан ўтказиш.

Аввалроқ Ўзбекистонда 52 мингдан ортиқ шахс ОИВ касаллиги билан яшаётгани, уларнинг 55 фоизини эркаклар ташкил қилиши ҳақида хабар бергандик. ОИТС марказига кўра, йилига 3−4 минг кишида инфекция аниқланяпти, уларнинг аксарияти 30−49 ёш оралиғидаги шахслардир.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *