• Чт. Янв 22nd, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Ўзбекнефтгаз» ва Cargill Ўзбекистонга 3 млрд долларгача маблағ жалб этишга келишиб олди



«Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятининг халқаро савдо-инвестиция бўйича шуъба компанияси ҳисобланган UNG Overseas ва АҚШнинг Cargill корпорацияси ўртасида ҳамкорлик келишуви имзоланди, дея хабар қилди давлат компанияси матбуот хизмати .

Ҳужжатга кўра, томонлар 3 миллиард долларгача узоқ муддатли молиялаштиришни жалб этиш бўйича келишиб олди. Молиялаштириш ҳажми босқичма-босқич 5 млрд долларгача кенгайтирилиши назарда тутилган.

«Ўзбекнефтгаз»нинг қайд этишича, ҳамкорликнинг асосий мақсад Ўзбекистоннинг энергетик хавфсизлигини мустаҳкамлаш, ресурс барқарорлигини ошириш ва мамлакатнинг изчил ривожланишини қўллаб-қувватлашдан иборат.

Мазкур келишув мамлакатнинг ўсиб бораётган энергия истеъмоли, иқлимий ўзгаришлар ва саноат модернизацияси шароитида энергетика, сув хўжалиги ва экология каби асосий тизимларнинг ишончлилиги, самарадорлиги ва барқарорлигини ривожлантиришга хизмат қилади, дейилади хабарда.

Томонлар қуйидаги йўналишлар бўйича лойиҳаларни кўриб чиқади:

  • аҳоли ва саноат учун энергетика таъминоти;
  • тизимли хатарларни камайтириш ва инфратузилмани модернизация қилиш;
  • энергетик ва сув ресурсларини бошқаришда самарадорликни ошириш;
  • экологик мувозанатни таъминлаш;
  • саноат рақобатбардошлиги ва энергия мустақиллигини таъминлаш.

UNG Overseas халқаро шериклар билан стратегик ишларни мувофиқлаштиради, Cargill эса тизимлаштирилган молиялаш бўйича глобал экспертиза асосида амалий ечимлар тақдим этади.

Компания имзоланган келишув Ўзбекистоннинг узоқ муддатли энергетик барқарорлигини таъминлаш йўлида муҳим қадам бўлиб, мамлакатнинг устувор тармоқларига халқаро инвестицияларни кенгроқ жалб этиш имкониятларини очади, дейилади баёнотда.

Октябрь ойида «Ўзбекнефтгаз» БААда Orient Energy Limited — UNG Overseas янги шуъба компанияси ташкил этилганини маълум қилганди. Компания халқаро бозорларда миллий маҳсулотларни илгари суради ва углеводородларни етказиб беришнинг янги занжирларини ривожлантиради.

UNG Overseas халқаро инвестиция ва савдо маркази сифатида ташкил этилган. Бу «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятининг жаҳон бозоридаги иштирокини кенгайтириш ва хорижий сармоя оқимини кўпайтириш стратегиясининг бир қисмидир.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *