Қашқадарё вилоятида туман газ таъминоти бўлими ходими ер сотиш билан боғлиқ жиноятда гумонланмоқда. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, у ўзининг мансабдор танишлари орқали Кўкдала туманидаги давлат захирасида бўлган 1 гектар ер майдонини харидорга 500 млн сўмга сотишга келишган. Бироқ олдиндан 20 минг доллар олган вақтида ушланган.
Бошқа бир ҳолатда эса Оҳангарон тумандаги унитар корхона юристи, муқаддам судланган шахс харидорга Нурафшон шаҳрида паррандачилик билан шуғулланувчи хусусий корхонага ажратилган 90 сотих бўш ер майдонини 250 минг долларига сотишини айтган.
Шу билан бирга, кадастр идораларидаги танишлари орқали мазкур ушбу ер майдонида коттежлар қурилишига рухсат олиб беришини ҳам ваъда қилиб, ўз хизмати учун 30 минг доллар талаб қилган.
Ўтказилган тезкор тадбирда у аванс сифатида 40 минг доллар олган вақтида қўлга тушган.
Бошқа бир қайд этилган ҳолатда, муқаддам судланган, ҳозирда маклерлик фаолияти билан шуғулланувчи шахс Бухоро шаҳрида яшовчи фуқародан унинг фойдаланувида бўлган умумий майдони 1250 квадрат метр кўчмас мулк объекти тоифасини ўзгартириб, тегишли кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш эвазига, 14 минг доллар талаб қилган.
Тезкор тадбирда ушбу шахс сўралган пул маблағини олган вақтида ушланган.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, мазкур жиноят ишларига алоқадор бўлган бошқа шахсларни аниқлаш бўйича ҳам суриштирув жараёнлари амалга оширилмоқда, дейилади хабарда.
