• Чт. Янв 22nd, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Тошкентда 57,5 километрлик автобус йўлаклари ва йўл ўтказгич қурилади – Ўзбекистон янгиликлари – Gazeta


Президент Шавкат Мирзиёев 4 декабрь куни Тошкент шаҳрида транспортни бошқаришнинг самарали тизимини яратиш бўйича «йўл харитаси»ни тасдиқлади.

Ҳужжат 2029 йил охиригача йўл-инфратузилмасини ривожлантириш бўйича йирик лойиҳаларни амалга ошириш режаларини ўз ичига олади.

Сhina construction Fifth Engineering Division Со. Ltd компанияси билан ҳамкорликда йўл ўтказгичлар, ажратилган автобус йўлаклари ва бошқа объектларни қуриш режалаштирилмоқда. Лойиҳа учун 271,1 млн доллар миқдоридаги маблағлар China Bank кредитлари ҳисобидан жалб этилади.

Махсус BRT йўлаклари

Бунинг учдан бир қисмидан ортиғи — 98,5 млн доллари октябрь ойида тақдим этилган транспорт режасига мувофиқ ажратилган автобус транзит йўлакларини (BRT) қуришга йўналтирилади.

2026 йил сентябргача 6 млн доллар маблағ эвазига Шаҳрисабз кўчасининг бутун масофаси бўйлаб — Миробад кўчасидан (Grand Mir Hotel) то Амир Темур кўчаси билан кесишмасигача реконструкция қилиш режалаштирилган. Лойиҳа доирасида 3 километрлик автобуслар учун алоҳида йўлак қурилади.

2026 йил ноябрь ойи охиригача яна иккита BRT йўлакларини фойдаланишга топшириш режалаштирилган:

  • Амир Темур шоҳ кўчаси бўйлаб — Уч Қаҳрамон айланмасидан Шимолий вокзалгача (11 км);
  • Янги Сергели бўйлаб — Чоштепа ва Қипчоқ кўчалари оралиғида (5,5 км).

Бу лойиҳалар қўшимча 16,5 млн долларга тушади.

Келгусида Мирзо Улуғбек — Феруза — Юзработ, Лутфий — Муқимий, Қоратош — Кўкча Дарвоза, КҲАЙ — Паркент йўналишлари бўйлаб яна 38 км ажратилган BRT йўлакларини босқичма-босқич ташкил этиш кўзда тутилган. Ушбу йўлакларнинг умумий қиймати 76 млн долларни ташкил этади, улар 2029 йил охиригача қуриб битказилиши кутилмоқда.

Зарур ҳолларда кўчалар рўйхати ва бажариладиган ишлар ҳажми Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланганидан кейин тузатилади.

Йўлларни таъмирлаш ва янги йўл ўтказгич

Шунингдек, 16 та кўчанинг 36 километрлик қисмида йўлбўйи инфратузилмасини таъмирлаш ва модернизация қилиш режалаштирилган. 2026 йилгача бу иш учун Bank of China`дан 36,5 млн доллар давлат кафолатисиз кредит ажратилади.

Навбатдаги лойиҳа — Паҳлавон кўчасини Элбек кўчаси билан туташтирувчи Кичик ҳалқа йўли устидан ўтувчи (Zo’r TV телеканали яқинида) йўл ўтказгич қуриш. Унинг дастлабки қиймати 25,4 млн долларни ташкил этади.

2027 йилда тўққизта кўчани (33 км) реконструкция қилиш учун алоҳида ажратилган автобус йўлаклари, ҳимоя тўсиғи ва пиёдалар хавфсизлигини таъминловчи қавариқ сунъий нотекисликлар ўрнатиш учун 33,5 млн доллар йўналтириш режалаштирилган.

Яна 26,2 млн доллар Амир Темур шоҳ кўчасининг Рихсили ва Янгишаҳар кўчалари билан кесишмасида (Юнусобод айланмаси) ерости автомобиллар туннелини қуриш учун ажратилади.

2028 йилда умумий узунлиги 50 км бўлган яна 15 та кўча участкасини реконструкция қилиш режалаштирилган. Ишнинг қиймати 51 млн долларга баҳоланмоқда. Пиёдалар хавфсизлигини ошириш мақсадида автобуслар учун ажратилган йўлаклар, ҳимоя тўсиқлар ўрнатиш, қавариқ сунъий нотекисликлар ҳам бу борадаги ишлар доирасига киради.

Сhina construction Fifth Engineering Division Со. Ltd 2024 йил 11 сентябрида Тошкент шаҳрида рўйхатга олинган. Устав капитали 1 млн сўм, асосий фаолияти бошқа турлардаги ихтисослаштирилган қурилиш ишлари (бошқа тоифаларга киритилмаган). Liu Rongqi асосчи ва директор сифатида қайд этилган.

У Тошкент шаҳридаги Шота Руставели кўчасини реконструкция қилиш лойиҳаси бўйича пудратчи бўлган, у ерда кўчанинг ўртасига биринчи ажратилган йўлак ўрнатилган. Компания реконструкция ишларига ҳам инвестор ҳисобланади.

Июль ойида Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзоқов China State Construction Engineering Corporation (CSCEC) пойтахт кўчаларининг кенг кўламли реконструкцияси учун 300 млн доллар ажратиши ҳақида хабар берганди.

2024 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳри ҳокимлиги ва Хитойнинг CSCEC қурилиш корпорацияси қарийб 1 млрд долларлик лойиҳалар бўйича келишиб олганди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *