Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги хусусий клиникада 31 ёшли эркак бурун операцияси вақтида вафот этди. Бу ҳақда Milliy телеканалининг «Миллар» дастурида хабар берилди.
Лавҳада айтилишича, марҳум нафас олишга қийналгани учун бурнини операция қилдиришга қарор қилган. Сўраб-суриштириб, бу амалиётни ижобий фикрлар билдирилган Қорақамиш даҳасидаги хусусий клиникада амалга оширадиган бўлган. Жарроҳлик операциясидан аввал тегишли текширувлардан ўтган. Шифокорлар операцияга рухсат берган.
Бироқ 12 ноябрь куни соат 11:30 атрофида операцияга кириб кетган эркак кўп ўтмай вафот этган. Унинг ўлими ҳақида яқинларига 3 соат ўтиб хабар берилган.
«Мен аҳамият берганимда „операционний“ кийим умуман йўқ. Қора футболка, эски шалварида ётибди. Ёрдамчи аппаратини ҳам кўрмадим. Юзлари, қонлари артилмаган. Бир оиланинг бошлиғи кетди. Иккита норасида гўдак қолди, деган марҳумнинг отаси. Биласизларми, нима энг оғир нарса дунёда? Боласини тобутини кўтариш», — дейди марҳумнинг отаси.
Дастлабки маълумотларга кўра, беморнинг ўлимига анафилактик шок сабаб бўлган, юрак номаълум сабабга кўра тўхтаб қолган. Марҳумнинг яқинларининг айтишича, унга наркозни кўп бериб юборишган.
«Анализ топширди, ҳаммаси яхши чиқди, деди. Юрагини ҳам ЭКГга қилдирди. У ҳам яхши чиққан, эко қилдирди. Ўзи бақувват, соғлом бола эди», — дейди марҳумнинг онаси.
Марҳум оилали, икки фарзанднинг отаси бўлган.
«Жавобларни Telegram орқали кардиологга ташладим. Яхшими, кўтарадими юраклари, десам, ҳаммаси жойида, деди. Биз томондан муаммо йўқ, рухсат берамиз, деди. У пайтда мен ўзимда бўлмаганман, кейинроқ ўзимга келиб, мана шунақа ёзишмани очсам, ёзишмалар ўчириб ташланган», — деди марҳумнинг турмуш ўртоғи.
Хабарда операция ўтказилган хусусий клиника номи тилга олинмаган, тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, у Олмазор туманида жойлашган «Иботов» клиникасида амалга оширилган, деб ёзади Daryo.
Бош прокуратуранинг ҳолат юзасидан муносабат билдиришича, 29 ноябрь куни хусусий клиника шифокорларига нисбатан Жиноят кодексининг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Олмазор тумани санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бўлимининг тегишли қарорига асосан хусусий клиника фаолияти расман тўхтатилган.
«Тергов ҳаракатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказилиши ва натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади», — дейилади БП хабарида.