Президент Шавкат Мирзиёевга пахтачилик ва ғаллачиликни молиялаштиришни самарали ташкил этиш ҳамда аграр соҳада субсидиялар ажратиш янги тизими юзасидан тақдимот билан танишди.
Тақдимотда келгуси йилда пахта ва ғалла ҳосили, субсидия ва бошқа харажатларга жами 34,2 триллион сўм ажратиш режалаштирилгани, қўшимча 200 миллион доллар маблағ жалб қилиб, 800 та пахта териш машинаси харид қилиниши маълум қилинди. Бу борада жорий қилиниши таклиф этилаётгани янги қўллаб-қувватлаш механизмлари кўриб чиқилди.
Жумладан, 2026 йилда агротехник тадбирлар, шу жумладан пленка ва эгилувчан қувурлар учун қўшимча 5 триллион сўм ажратиш таклиф қилинди. Ҳосил етиштиришда кредит лимитининг 50 фоизигача фойдаланганда, сотилган пахта қийматининг 5 фоизи миқдорида субсидия ажратилса, ўз маблағи ва қисман кредит ҳисобидан ҳосил етиштирадиган фермерлар сони 4-4,5 мингга етиши ва уларнинг 2,5-3 триллион сўм маблағи иқтисод бўлиши таъкидланди.
Ҳозирда фермерларга кредит ажратишда молиявий барқарор хўжаликларга ҳам, тўлов интизомига риоя этмаётганларига ҳам бир хил фоиз ставкаси қўлланмоқда. Шу муносабат билан, фермерлар орасида «интизомли бўлиш – арзон кредит» моделини шакллантириш учун «А» кредит рейтингига эга хўжаликларга 2 фоизга, «B» тоифадагиларга 1 фоизга пасайтирилган ставкада кредит ажратиш ва шу орқали интизомли фермерларнинг кредит юкини камайтириш таклиф қилинди.
Шунингдек, ўз маблағи ҳисобидан буғдой етиштирган фермерларга 10 фоиз субсидия ажратиш ташаббуси билдирилди.
Маълумот учун, жорий йилда пахтачилик ва ғаллачиликни молиялаштириш, қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлаш ва сув тежовчи технологияларни жорий этишга жами 29 триллион сўм ажратилди. Соҳага 2,35 триллион сўм субсидиялар йўналтирилди.
Ўз маблағидан пахта етиштирган хўжаликларга пахта қийматининг 10 фоизи миқдорида субсидия ажратилиши натижасида 3 430 фермер ва кластерлар 151 минг гектар майдонда ўз маблағи ҳисобидан пахта етиштирди ва 1,9 триллион сўм ресурс тежалди.
Ёки, пахта етиштиришга олинган кредитни жорий йил якунига қадар тўлиқ қайтарган фермерларга фоиз тўловининг 4 фоиз бандини қайтариб бериш имконияти туфайли 9 002 та фермер 2,5 триллион сўм имтиёзли кредитларни муддатидан олдин қайтарди.