Octagram (Paylov савдо белгиси) Humans иловасига уланган карталар билан боғлиқ ҳолатларга изоҳ берди.
Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Марказий банки фуқароларнинг карталардан рухсатсиз пул ечилгани ҳақидаги мурожаатлари юзасидан текширув бошлаган эди. Регулятор эҳтимолий заифликни бартараф этиш учун Humans орқали пул ўтказмаларини тўхтатиб қўйди ва барча шубҳали транзакцияларни текшираётганини айтди.
Кейинчалик Humans рухсатсиз пул ечилишига йўл қўйган заифлик компаниянинг ҳамкори — Octagram’га тегишли Paylov тўлов хизмати томонида жойлашганини таъкидлади.
Paylov, ўз навбатида, Octagram ва Humans Companies 10 апрель куни Humans Companies Octagram агенти сифатида ўз мижозларига тўлов хизматларини (тўловлар ва P2P ўтказмалари) кўрсатишни бошлашига оид шартнома имзолаганини эслатди.
Octagram хабарига кўра, 6 декабрь куни компания ходимлари Humans Companies раҳбариятини компания тизимида шубҳали транзакциялар кузатилаётгани ҳақида огоҳлантирган ва бу операциялар вақтинчалик тўхтатилган.
«7 декабрда Humans Companies Octagram’га расмий мурожаат йўллаб, тегишли чоралар кўрилгани ҳамда фирибгарлик (фрод) операцияларининг олди олингани ҳақида маълум қилган. Мазкур хат асосида Humans Companies АЖ амалиётларни қайта очиб беришни сўраган», — дея таъкидлади Paylov.
8 декабрдан бошлаб Octagram томонидан Humans мобил иловаси орқали тақдим этилаётган барча тўлов хизматлари вақтинча тўхтатилган.
Шу билан бирга, Octagram ҳеч қандай техник заифликларга эга эмаслигини таъкидлади: «Фирибгарлик операциялари Humans Companies томонидан Octagram тақдим этган шифрланган калитлар орқали амалга оширилган бўлиб, ушбу калитларнинг тўғри ва хавфсиз сақланиши Humans Companies масъулияти ҳисобланади».
Компания, шунингдек, Octagram’нинг техник ечимларидан фойдаланадиган бошқа ҳамкорлар ҳеч қандай салбий ҳолатларга дуч келмаганини қайд этди.
Octagram, Humans каби, масъул идораларни барча зарур маълумотлар билан таъминлаётгани ва, Марказий банк текшируви натижаларига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилишини маълум қилди.