• Ср. Янв 21st, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Йил охиригача Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 6% гача камайиши кутилмоқда. Келгуси йилги мақсад — 4,5%


Президент Шавкат Мирзиёевга маҳаллаларни ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудларга айлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот билан танишди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Йиғилишда бугунги кунда «маҳалла еттилиги» аъзоларининг иш самарадорлигини баҳолаш учун аниқ мезонлар мавжуд эмаслиги, уларнинг асосий вазифаси бўлган ишсизлик ва камбағалликни қисқартиришда масъулиятини янада ошириш зарурлиги таъкидланди.

Президент «Еттилик» фаолияти аҳоли бандлиги ва даромадлари ортишида бевосита акс этиши шартлиги, мазкур йўналишда манзилли ва натижага йўналтирилган ишларни кучайтириш зарурлигини қайд этди.

Давлат раҳбари маҳаллалар муаммолари ва уларнинг «ўсиш нуқталари»ни аниқлаб, тизимли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш, фуқароларнинг муаммоларини бевосита жойларда ҳал этишга алоҳида эътибор қаратиш бўйича кўрсатмалар берди.

Оғир тоифадаги маҳаллалар бўйича амалга оширилаётган ишлар кўриб чиқилди. Ушбу ҳудудларга алоҳида эътибор қаратиб, инфратузилма, электр таъминоти, интернет тармоғи, томорқадан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш топширилди.

Қайд этилишича, йил охирига қадар камбағаллик даражаси йил бошидаги 8,9 фоиздан 6 фоизгача камайиши кутилмоқда. Келгуси йил учун бу кўрсаткични 4,5 фоизга қисқартириш мақсад қилинган.

Бунинг учун маҳаллаларда ишларни ташкил қилишга комплекс ёндашиш, барқарор бандлик йўналишидаги хизматлар қамровини кенгайтириш, даромад манбаларини яратиш, аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш ва тадбиркорликка жалб қилиш бўйича вазифалар белгилаб берилди.

Ҳар бир камбағал оила бўйича унинг реал имкониятлари ва хоҳиш-истакларини инобатга олган индивидуал режаларни ишлаб чиқиш муҳим экани таъкидланди.

Лойиҳавий ёндашув доирасида «Бандлик органлари — иш берувчилар ҳамкори», «Тенг имкон — инклюзив бандлик», «Барқарор келажак сари», «20 та маҳаллий бренд», «Бир контур — бир маҳсулот», «Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш», «Ижара ер ва томорқада сув таъминотини яхшилаш», «Эски боғларни янгилаш», «1 минг гектар мевали боғ», «Экспортчи кооперативлар» каби дастурлар билан 1 миллион нафар камбағал аҳолини қамраб олиш режалаштирилган.

Камбағаллик ва ишсизликни камайтиришда маҳаллаларда кичик ва ўрта лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, чегара ва анклав ҳудудларда инфратузилмани яхшилаш, туну кун ишлайдиган кўчалар, туристик маҳаллалар, микросаноат марказларини ташкил этиш, соҳил ва йўл бўйи инфратузилмани ривожлантириш чора-тадбирлари тақдимот қилинди.

Бандлик дастурининг 2025 йилдаги ижроси ва 2026 йилги дастурни шакллантириш, норасмий бандликни қисқартириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Президент мутасаддиларга маҳаллалардаги масалаларни манзилли ҳал қилиш, аҳоли эҳтиёжлари асосида амалий ишлар самарадорлигини ошириш, бандлик ва камбағалликни қисқартириш борасидаги вазифаларнинг ижросини юқори масъулият билан таъминлаш юзасидан топшириқлар берди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *