• Ср. Янв 21st, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

2030 йилгача 6300 км йўлни сақлаш тадбиркорларга ўтказилади


Президент Шавкат Мирзиёев 9 декабрь куни автомобиль йўллари соҳасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги тақдимотни кўриб чиқди, деб хабар қилди президент матбуот хизмати.

Тадбирда таъкидланишича, сўнгги уч йилда автойўл соҳасига қарийб 40 триллион сўм ажратилиб, 63 минг километр йўлда қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилди. Хориждан жалб қилинган маблағлар ҳажми уч баробарга ошиб, 2025 йилда 1,2 миллиард долларга етди.

Йиғилишда йўл қурилишида намунавий андозалардан воз кечилиб, ҳар бир ҳудуднинг геологик ва экологик хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда лойиҳалаштириш амалиёти жорий этилгани муҳокама қилинди. Замонавий турдаги қопламалар ишлаб чиқилиб, маълумотларга кўра, йўлларнинг хизмат муддати 1,5 баробарга оширилди.

Тақдимотда соҳада мавжуд муаммоларни ҳал этиш юзасидан таклиф ва режалар тақдим қилинди. Аввало, мавжуд умумий фойдаланишдаги ва ички йўллар ҳамда кўприкларни таъмирлаш, янгиларини барпо этишда илғор тажриба ва жаҳонда ўзини оқлаган технологиялардан фойдаланиш сустлиги кўрсатиб ўтилди.

Келгуси йилларда 21 минг километр йўл қуриш ва таъмирлаш, 14 минг километр асфалтланмаган йўлларга шағал ётқизиш, 325 кўприкни таъмирлаш режалаштирилган.

Йиғилишда оғирлиги меъёрдан ортиқ юк автомашиналарининг ҳаракатлангани оқибатида 1800 километр йўл таъмирталаб ҳолга келиб қолгани кўрсатиб ўтилди. Шу муносабат билан юк транспорти вазнини назорат қилиш учун ўлчов тарозилари тармоғини кенгайтириш зарурлиги қайд этилди. Ҳозирда 9 та шундай тарози ўрнатилган, 8 тасини ўрнатиш ишлари давом этмоқда. Келгусида яна 35 та кўчма ва стационар назорат-ўлчов масканини ташкил этишга топшириқ берилди.

Мутасаддиларга оғирлик ва габарит назорати билан боғлиқ барча жараёнларни қамраб олган идоралараро электрон ахборот тизимини ишга тушириш топширилди. Шунингдек, об-ҳаво шароитларидан келиб чиқиб, оғир вазнли транспорт воситалари ҳаракатланишини мавсумий чеклаш тартибини ишлаб чиқилади.

Бугунги кунда янги йўлларнинг 61 фоизини, «Ташаббусли бюджет» доирасида эса ички йўлларнинг 92 фоизини хусусий сектор қурмоқда. «Узоқ йиллар давлат монополиясида бўлган йўлларни сақлаш ишлари ҳам босқичма-босқич хусусий шерикликка берилмоқда», — дейилади хабарда.

автойўллар, юк транспорти

Бу ишларни кенгайтириб, келгуси йилда 3 минг километр, 2030 йилга бориб эса 6,3 минг километр йўлларни сақлашга тадбиркорларни жалб қилиш режалаштирилган. Шунингдек, Осиё тараққиёт банки иштирокида 86 та туманда қуриладиган йўлларни тўлиқ маҳаллий пудратчиларга бериш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Президент соҳада рақамлаштириш даражаси пастлигини таъкидлади — мавжуд 59 та хизматдан атиги 20 таси рақамлаштирилган. Келгуси йилда 28 та хизматни электрон шаклга ўтказиш, интеллектуал транспорт тизимини жорий этиш ва 7 та янги электрон платформани ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

Тақдимот якунида президент белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон автомобиль йўлларини 2035 йилгача ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқишни топширди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *