Тошкент туманлараро иқтисодий суди Octobank аризасига биноан Humans компаниясини банкрот деб топди ва унинг фаолиятини тўхтатмаган ҳолда тугатиш жараёнини бошлади. Тегишли қарор 14 октябрь куни судья Б. Султонов раислигида қабул қилинди.
Аввал хабар берганимиздек, ўтган дам олиш кунлари ижтимоий тармоқларда фуқароларнинг Humans иловасига уланган банк карталаридан рухсатсиз ва ҳеч қандай хатти-ҳаракатларсиз пул ечиб олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Марказий банк фуқароларнинг мурожаатларидан сўнг текширув ишларини бошлади. Регулятор эҳтимолий заифликни бартараф этиш мақсадида Humans билан боғлиқ пул ўтказмалари амалиётларини тўхтатди ва барча шубҳали транзакциялар синчиклаб ўрганилаётганини маълум қилди.
Баҳс қандай пайдо бўлди?
Июнь ойида Octobank Humans молиявий хизматини ўз тизимидан узганини маълум қилди. 13 июндан бошлаб Visa ҳамкор карталарига хизмат кўрсатиш тўхтатилди. Банк Humans компаниясидан 500 млрд сўмдан ортиқ қарздорликни ундириш ва етказилган зарарни қоплаш бўйича судга даъво аризаси киритди.
Томонлар 2020 йилдан буён ҳамкорлик қилиб келган. «Octobank шартнома шартларини виждонан бажарган, бироқ Humans МЧЖ бир неча бор Humans молиявий хизмати доирасида клиринг операциялари бўйича банк томонидан амалга оширилган пул компенсациясини ўз вақтида қайтаришдан бош тортган ва мукофотни ўз вақтида тўламаган», — дея таъкидлайди банк.
Humans Octobank`га қарши «шартнома мажбуриятларини мунтазам равишда бажармагани» учун қарши даъво қўзғатди.
«Humans Visa карталари эгаларининг мурожаатлари банк томонидан бутунлай эътиборсиз қолдирилган ёки жиддий кечикишлар билан кўриб чиқилган юзлаб қоидабузарликлар қайд этилган. Гап банкнинг асосий операцион тартиб-қоидаларининг яроқсизлиги ҳақида кетмоқда, бунинг натижасида Humans Visa`нинг якуний фойдаланувчилари зарар кўрган», — дейилади компания хабарида.
13 июнь куни Тошкент туманлараро иқтисодий суди Humans`дан Octobank фойдасига деярли 430 млрд сўм (МБнинг жорий курси бўйича 35,8 млн доллар) ундириш тўғрисида қарор чиқарди:
- 399,8 млрд сўм асосий қарз;
- 605,2 млн сўм мукофот пули бўйича қарздорлик;
- 19,6 млрд сўм пеня;
- 9,64 млрд сўм давлат божи;
- 37,5 минг сўм почта харажатлари.
Қарор 2025 йил 14 июлда қонуний кучга киргач, ижро варақаси берилган. Бироқ, иш ҳужжатларида қайд этилганидек, қарздордан пул маблағларини ундиришнинг имкони бўлмаган.
Қарздорнинг мол-мулкини текширувдан ўтказиш
Иш доирасида суд ва муваққат бошқарувчи қарздорнинг мол-мулки мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар юзасидан тегишли ташкилотларга сўров юборган.
Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг 2025 йил 11 августдаги жавобига кўра, Humans МЧЖ номига иккита автомобил: 2020 йилда ишлаб чиқарилган D-MAX IRBIS ва 2019 йилда ишлаб чиқарилган Malibu 2 рўйхатдан ўтказилган.
Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси 30 июлдаги хатида жамият номига қимматли қоғозлар — акциялар ва облигациялар рўйхатдан ўтказилмаганини маълум қилган.
Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармасининг 2025 йил 11 августдаги хатига кўра, қарздор номига Тошкент шаҳри, Яшнобод тумани, Махтумқули кўчаси, 2б-уй манзилида нотурар жой биноси давлат рўйхатидан ўтказилган.
Судда томонларнинг позициялари
Суд мажлиси банк ва компания вакиллари иштирокида бўлиб ўтган.
Кредитор, яъни Octobank вакили, аризани қўллаб-қувватлаб, суддан Humans`ни банкрот деб топишни ва фаолиятини тўхтатмаган ҳолда тугатиш жараёнини бошлашни сўраган.
Суд ишлари бўйича бошқарувчининг маълум қилишича, Humans кредиторлар йиғилишининг 12 августдаги баённомасига кўра, кредиторлар қарздорни банкрот деб топиш, корхона фаолиятини тўхтатмаган ҳолда тугатиш жараёнини бошлаш, шунингдек, Аброржон Мадраҳимовни тугатиш бўйича бошқарувчи этиб тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилган.
У судга қўшимча ҳужжатларни тақдим этиб, қарздорни доимий тўловга лаёқатсиз деб топишни сўраган.
Humans вакиллари кредиторнинг талабларига эътироз билдириб, қўшимча ҳужжатларни тақдим этган ва қарзни тўлаш чоралари кўрилаётганини маълум қилган. Улар суддан аризани қаноатлантиришни рад этишни сўрашган.
Суднинг ҳуқуқий баҳоси
Суд Иқтисодий процессуал кодекснинг 210-моддасига ва «Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги қонун нормаларига асосланиб, банкротлик тўғрисидаги ишлар қонун ҳужжатларида назарда тутилган махсус қоидаларни ҳисобга олган ҳолда кўриб чиқилишини таъкидлаган.
Қонунга кўра, мажбуриятларнинг улар юзага келган пайтдан эътиборан уч ой мобайнида бажарилмаслиги вақтинчалик тўловга қобилиятсизлик аломати, мажбуриятларнинг белгиланган ҳисобот санасидаги ҳолатга кўра қарздор активлари қийматидан ошиб кетиши эса доимий тўловга қобилиятсизлик аломати ҳисобланади.
Иш ҳужжатларида қайд этилишича, Humans компанияси уч ойдан ортиқ вақт давомида ўз мажбуриятларини бажармаган, илгари чиқарилган суд қарори ва берилган ижро варақаси ҳам ижро этилмаган. Шу асосда суд тўловга қобилиятсизлик аломатлари мавжудлиги тўғрисида хулосага келган.
Суд, шунингдек, 12 августдаги кредиторларнинг биринчи йиғилиши қарорини ҳам инобатга олган. Унда кредиторлар қарздорни банкрот деб топиш ва фаолиятини тўхтатмаган ҳолда тугатиш қарорини қўллаб-қувватлаганлар.
Тиклаш тартиб-таомилларини (санация, ташқи бошқарув) жорий этиш ёки келишув битимини тасдиқлаш учун асослар йўқлигини ҳисобга олиб, суд Octobank талабларини асосли ва тўлиқ қондирилиши лозим деб топган.
Суд қарори
Суд қарор қилди:
- кредитор Octobank аризасини тўлиқ қондириш;
- Humans`ни банкрот деб эълон қилиш;
- қарздорга нисбатан унинг фаолиятини тўхтатмаган ҳолда тугатиш тартибини бошлаш;
- Аброржон Мадраҳимовни Humans`нинг тугатиш ишлари бўйича бошқарувчиси этиб тайинлаш.
Тугатиш ишлари бўйича бошқарувчининг мажбуриятлари:
- уч кун ичида қарздорни банкрот деб топиш ва тугатиш бошланганлиги тўғрисидаги маълумотларни эълон қилиш учун расмий ОАВга юбориш ҳамда судга тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш;
- қарздор фаолиятини таҳлил қилиш ва унинг якунлари бўйича банкротликни яшириш ёки банкротликка олиб келиш аломатлари бор-йўқлиги тўғрисида хулоса тайёрлаб, уни судга топшириш;
- қонунга мувофиқ тугатиш тартибини ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда унинг натижалари бўйича 2026 йил 10 июлгача якуний ҳисоботни тақдим этиш;
- қарор нусхаларини ваколатли давлат органларига, тегишли солиқ органига ва Мажбурий ижро бюросига юбориш.
Бундан ташқари, суд Humans`дан Octobank фойдасига суд харажатларини ундириш тўғрисида қарор қилди.
Қарор бўйича бир ой ичида апелляция тартибида шикоят қилиш мумкин.
Бошқа қарзлар ҳақидаги хабарлар
Декабрь ойи бошида ўнлаб аноним Telegram-каналларда Humans`нинг турли компаниялар олдида қарздорлиги ҳақида бир хил матнли хабарлар тарқалди. Маълумотларга кўра, компаниянинг Yandex олдидаги қарзи 13,3 млн доллар, Octobank олдидаги қарзи 533 млрд сўм, Asia Alliance Bank олдидаги қарзи эса 3,9 млн долларни ташкил этиши айтилган.
Asia Alliance Bank Humans`дан 65 млрд сўмдан ортиқ маблағ ундиришни сўраб судга мурожаат қилганини маълум қилди.
Топ-менежернинг ҳибсга олиниши
Октябрь ойида Spot нашри Humans`га таяниб, 6,5 йилдан ортиқ вақт давомида Humans гуруҳига тегишли бўлган UPay тўлов ташкилотининг собиқ бош директори Беҳзод Ботиров Ўзбекистонда ҳибсга олингани ҳақида хабар берганди. Компания топ-менежери 4 июль куни Тошкент шаҳар Яккасарой туман судининг қарори билан қамоққа олинган. Унга Жиноят кодексининг 278-моддаси 2-қисми «а» ва «б» бандлари (Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш ёки ўтказиш) бўйича айблов қўйилган.
Сентябрь ойида суд ҳибсда сақлаш муддатини 2026 йил февралигача узайтирди ва буни «терговдан яшириниш ва далилларни йўқ қилиш хавфи мавжудлиги» билан асослади. Тадбиркор 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.
Humans`нинг маълум қилишича, иш қўзғатилишига онлайн қимор ва букмекерлик фаолиятини тартибга солувчи Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг сўрови сабаб бўлган.
Компания тадбиркор Беҳзод Ботировнинг қамоққа олинишини «ишнинг номутаносиб ва асоссиз ҳолатлари» деб баҳолади ҳамда ҳуқуқий амалиётда бундай турдаги иқтисодий ишлар маъмурий ёки молиявий чоралар билан ҳал қилинишини таъкидлади.
2024 йил сентябрь ойида МБ Humans компаниясига тегишли бўлган Maroqand тўлов ташкилоти — UPay бренди — фаолиятини олти ойга чеклаб қўйганди. Бу эса унинг банк ҳисобварағидан фойдаланган ҳолда тўловларни қабул қилиш ва амалга ошириш хизматларининг тўхташига олиб келди. МБнинг собиқ раҳбари Мамаризо Нурмуратов ўшанда фуқароларнинг маблағлари букмекерлик идораларига ноқонуний ўтказилгани сабабли Maroqand лицензияси вақтинча тўхтатилганини маълум қилганди.
Ўзбекистонда Humans брендига эгалик қилувчи Сингапурнинг Humans Mobile компанияси май ойида Ўзбекистонга қарши арбитраж ишини бошлади. У давлат органлари, жумладан, МБ ва «Ўзбектелеком»ни компания ҳуқуқларини бузишда айбламоқда. Компания ўзига етказилган зарарни қоплашни талаб қилмоқда, зарар миқдори ошкор этилмаган.
«Ўзбектелеком» виртуал операторнинг даъволарини рад этди ва Humans компаниянинг мобил тармоғидан фойдаланиб даромад олишда давом этаётганини, бироқ ўз мажбуриятларини тўлашни кечиктираётганини таъкидлади.