АҚШ президенти Дональд Трамп уни Европадаги энг нуфузли сиёсатчи деб атаган Politico нашрига интервью берди. Суҳбат чоғида у Украинадаги уруш, Европа билан муносабатлар, Венесуэладаги режим ўзгаришини муҳокама қилди. Gazeta суҳбатдан асосий иқтибосларни тақдим этади.
Украина ҳақида
Қайси давлат музокараларда яхшироқ позицияда, деган саволга: «Россия. У анча каттароқ давлат… Улар бу борада анча кучли. Мен украин халқи ва украин ҳарбийларини жасорати ва жанги учун мақтайман. Лекин, биласизми, қайсидир нуқтада ўлчам одатда устунлик қилади».
Украинада президентлик сайловларини ўтказиш вақти келдими, деган саволга: «Менимча, вақт келди. Ҳозир сайловлар ўтказиш учун муҳим вақт деб ўйлайман. Улар сайлов ўтказмаслик учун урушдан фойдаланмоқда, лекин менимча, Украина халқи танлаш имкониятига эга бўлиши керак. Ва, эҳтимол, [Владимир] Зеленский ғалаба қозонар… Биласизми, улар демократия ҳақида гапиряпти, лекин вазият шу даражага келдики, бу энди демократия эмас.
АҚШнинг тинчлик келишуви жараёнидан чиқиши ростми, деган саволга: «Бу тўғри эмас. Лекин мутлақо нотўғри ҳам эмас… Улар ўйинда ўйнаши керак… Россия билан бу қийин, чунки Россияда устунлик бор. Уларда ҳар доим шундай бўлган… [Россия ва Украина президентлари] бир-бирларидан жуда нафратланади… Уларнинг келишувга эришиши жуда қийин… Зеленский ишга киришиши ва нарсаларни борича қабул қилишни бошлаши керак, чунки у ютқазяпти».
У Украина урушда ютқазди, деб ўйлаши ҳақидаги саволга: «Улар мендан [Оқ уйга қайтишимдан] анча олдин ҳудудлар йўқотди. Улар бутун қирғоқ чизиғини, катта чизиқни йўқотди. Мен 10 ойдан бери [АҚШ президенти сифатида] шу ердаман, лекин 10 ой орқага қайтсангиз ва қарасангиз… [у чизиқ] катталашган. У кенгайган. Улар жуда кўп ер йўқотди, улар жуда яхши ерлар эди… Буни ғалаба деб аташ қийин».
Киев урушда ғалаба қозонмагунча Европанинг Украинани қўллаб-қувватлаш позицияси қанчалик реал экани ҳақидаги саволга: «Европа кўп жиҳатдан унчалик яхши иш қилмаяпти… Улар жуда кўп гапириб, ҳеч нарса қилмаяпти. Уруш эса фақат давом этмоқда ва давом этмоқда».
Европа ҳақида
АҚШ Европа сиёсатини қайта шакллантиришга ҳаракат қиладими, деган саволга: «Агар ишлар [ҳозирги] каби давом этса, кўплаб Европа давлатлари яшашга яроқли бўлишдан тўхтайди. Уларнинг иммиграция сиёсати — фалокат… Европага бутун дунёдан [мигрантлар] келади… Лекин [европалик сиёсатчилар] сиёсий тўғри бўлишни хоҳлаяпти ва уларни келган жойига қайтариб юборишни хоҳламаяпти».
Ундан [сайловларда] қарашлари унга яқинроқ бўлган европалик сиёсатчиларни қўллаб-қувватлаши ҳақидаги саволга: «Мен қўллаб-қувватлаган бўлардим… Кўпчилик европаликларга ёқмайдиган одамларни қўллаб-қувватлаганман».
У Европа давлатларини кучсиз деб ҳисоблаши ва АҚШ уларнинг иттифоқчиси бўлиб қолишни хоҳлаши ҳақидаги саволга: «Ўйлайманки, улар кучсиз, лекин яна ўйлайманки, улар жуда сиёсий тўғри бўлишни хоҳлайди… Европа нима қилишни билмайди… Улар сиёсий тўғри бўлишни истаяпти ва бу уларни заифлаштиряпти… Улар мамлакатга ноқонуний йўллар билан келган одамларни чиқариб юбориши керак».
НАТО ҳақида
НАТОда у альянснинг бир қисми бўлмаслиги керак деб ҳисоблаган давлатлар борми, деган саволга: «НАТОга қийинчилик туғдираётган давлатлар бор. Бу улар бўлмаслиги керак дегани эмас. Менимча, уларнинг мавжудлиги яхши. Масалан, Туркия».
НАТО янги аъзоларни қабул қилишни тўхтатиши керакми, деган саволга: «Агар ўйлаб кўрсангиз, улар [потенциал янги аъзо давлатлар] унчалик кўп қолгани йўқ… [Владимир] Путиндан анча олдин Украина НАТОга қўшилмайди, деган тушунча мавжуд эди. Ҳозир эса [Украина] қистаб турибди… Зеленский Путин билан биринчи марта учрашганида, шундай деган: „Мен икки нарсани хоҳлайман. Қримни қайтаришни ва НАТОга аъзо бўлишни хоҳлайман“. У буни жуда меҳрибонлик билан айтмаган… У аъло сотувчи. У Жо Байденни унга 350 млрд доллар беришга кўндирди. Ва, қаранг, бу нималарга олиб келди, бу унга нималарга тушди… Мамлакатининг 25 фоизини йўқотди… Лекин, келинг, Байденга нисбатан ноҳақ бўлмайлик, Қримни [Барак] Обама берганди. Бу муҳим воқеа бўлганди».
Венесуэла ҳақида
АҚШнинг Венесуэлага қуруқликдан бостириб кириши эҳтимолини истисно қилиш мумкинми, деган саволга: «Мен бунга изоҳ бермайман. Мен бу имкониятни тасдиқлашни ёки рад этишни хоҳламайман… [Венесуэла президенти Николас Мадуро] бизга миллионлаб одам юборди: қамоқхоналардан, наркосавдогарлардан, наркобаронлардан, психиатрия шифохоналаридан. У кўплаб наркотик ҳам юбормоқда».
Мадуро лавозимини тарк этишини хоҳлаши ҳақидаги саволга: «Унинг кунлари саноқли».
АҚШнинг Венесуэладаги мақсади нима, деган саволга: «Мақсадларимдан бири — Венесуэла халқига яхши муносабатда бўлиш. Кўплари АҚШда яшовчи Венесуэла халқига ҳурмат билан муносабатда бўлишларини истайман. Улар менга жуда меҳрибонлик кўрсатди. Улар менга [2024 йилги президентлик сайловида] 94 фоизга яқин овоз берди».
АҚШдаги иқтисодий вазият ҳақида
Бугунги кунда АҚШдаги иқтисодий вазиятни қандай баҳолаши сўралганда: «Плюсли бешга… Мен тартибсизликни мерос қилиб олдим. Менга тўлиқ тартибсизлик мерос бўлиб қолди. Қайтганимда нархлар энг юқори даражада эди. Нархлар сезиларли даражада пасайди. Масалан, энергетикани олайлик… 10 ой ўтди. Агар бир галлон бензин олсангиз, деярли 5 доллар турарди. Айрим штатларда эса 6 доллар эди. Икки кун аввал нарх учта штатда галлонига 1,99 долларгача тушди».
Бошқа товарларга божларни пасайтириш ҳақида ўйлаётгани ҳақидаги саволга (Трамп аввалроқ нархлар ошиши сабабли мол гўшти, қаҳва ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларига тарифларни олиб ташлаганди — таҳр.): «Баъзиларига. Баъзиларига эса тарифларни ошираман».