Тошкент шаҳри Миробод туманида 9 декабрь тунда юз берган йўл-транспорт ҳодисаси ўлим билан тугади. Бу ҳақда йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маълум қилди.
Соат 22:30 ларда Ислом Каримов кўчасида Yutong электробуси тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборган. Автобус зарбидан пиёда қарама-қарши йўналишга йиқилган ва Haval автомашинаси билан ҳам тўқнашган.
ЙТҲ оқибатида пиёда жароҳатлар билан воқеа жойида вафот этган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Одам ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
