• Ср. Янв 21st, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда Сирдарё ИЭСдаги носозлик туфайли электр энергияси узилиши мумкин


Сирдарё иссиқлик электр станциясида олиб борилаётган таъмирлаш ишлари ва қуёш энергияси ишлаб чиқаришнинг мавсумий қисқариши муносабати билан Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида электр таъминотида вақтинчалик чекловлар кузатилиши мумкин, деб хабар қилди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Вазирлик маълумотларига кўра, ушбу электр станциясида 2-сонли газ турбинасида ротор носозлиги аниқланган. 1500 МВт қувватга эга ИЭСнинг ишини тезда тиклаш учун ишлаб чиқарувчи ва инвесторнинг кафолат мажбуриятлари доирасида янги агрегат ишлаб чиқарилиб, етказиб берилди.

Оғирлиги 114 тонна бўлган ускуна Mitsubishi компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ва 8 декабрь куни Тошкент халқаро аэропортига олиб келинган ва у ердан зудлик билан станцияга етказилган. Ўрнатиш, синовдан ўтказиш ва ишга тушириш тахминан бир ой давом этади.

Станция қувватларининг бир қисми тўхтатилиши муносабати билан қўшимча захира манбалари ва янги қувват блокларидан фойдаланилмоқда. Айни пайтда мамлакатда ҳаво булутли ва кунлар қисқалиги туфайли қуёш энергияси ишлаб чиқаришнинг камайиши кузатилмоқда.

«Шу сабабли ишлаб чиқариш ва истеъмол балансини тартибга солиш, уларнинг мувозанатини сақлаш мақсадида айрим ҳудудларнинг электр таъминотида асосан истеъмол ортган паллаларда (17:00—21:00 лар оралиғида) қисқа муддатли узилишлар кузатилиши мумкин, — дейилади хабарда.

Бунга зарурат туғилганда, истеъмолчилар олдиндан хабардор қилинади. Расмийларнинг таъкидлашича, бундай чоралар электр таъминоти барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.

Янги ротор ўрнатилгандан сўнг, газ турбинаси лойиҳа қувватини тиклайди ва электр таъминотини вақтинча назорат қилиш чоралари тўхтатилади.

Комбинацион циклга эга газ турбинали ва 1500 МВт қувватли янги Сирдарё ИЭС 2023 йил охирида ишга тушганди, қолган учта энергоблок эса 2024 йил ёзида тўлиқ ишга тушган. ACWA Power компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилган лойиҳага тахминан 1 млрд долларлик сармоя киритилган. Қурилиш 2020 йилда бошланган, бироқ ишга тушириш бир неча бор кейинга сурилган. Станция йилига 10−12 млрд кВт/соатгача электр энергияси ишлаб чиқариши кутилмоқда.

Лойиҳа бир гуруҳ халқаро молия институтлари, жумладан, ЕТТБ, ОПЕК Халқаро тараққиёт жамғармаси, DEG ва бошқа кредиторлар иштирокида амалга оширилмоқда. Уни амалга ошириш учун ОИИБ 100 миллион доллар ажратганди.

2020 йил март ойида ACWA Power ва «Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари» ўртасида 25 йиллик электр энергиясини сотиб олиш шартномаси (PPA) имзоланган. Саудия компанияси заводнинг инвестори, ишлаб чиқарувчиси, эгаси ва оператори ҳисобланади. МЭТ электр энергияси харидори (off-taker) ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, 1,5 ГВт қувват Ўзбекистондаги барча ўрнатилган электр қувватининг (27 ГВт) тахминан 5,5 фоизини ва барча ИЭС (газ ва кўмир) қувватининг тахминан 9,8 фоизини ташкил этади. Қуёш ва шамол электр станцияларининг ўрнатилган қуввати тахминан 5,58 ГВт деб баҳоланган.

Видео



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *