• Ср. Янв 21st, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Очиқ осмон ва рақобат Ўзбекистон авиацияси ривожини тезлаштиради» — Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси раҳбари


Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси (IATA) бош директори Уилли Уолш Женева (Швейцария)да Gazeta мухбири билан суҳбатда Ўзбекистоннинг инфратузилмага, жумладан, янги аэропорт қурилиши ва авиапаркни янги харидлар орқали кенгайтиришга йўналтираётган кенг масштабли инвестициялари ҳақида фикр билдирди.

IATA раҳбари ривожланаётган мамлакат тезкор инвестициялардан қўрқиши керакми, деган саволга жавоб бераркан, хавотирга ўрин йўқлигини таъкидлади.

«Эҳтиёт бўлишингиз шарт эмас, деб ўйлайман. Менимча, бу — жуда ижобий ўзгариш», — деди Уолш.

У ўз ватани Ирландия тажрибасини ва Ryanair (ирланд лоукостер компанияси — таҳр.) рақобатининг таъсирини мисол қилиб келтирди. Унинг сўзларига кўра, Ирландия мисоли «рақобат кучайган, юк ташиш ҳажми ошган ва парвозлар қулай бўлган бозорда нима содир бўлиши мумкинлигини» кўрсатади. Унинг таъкидлашича, истеъмолчилар ва иқтисодиёт учун бу жуда ижобий ўзгаришларни англатади.

IATA раҳбари комплекс ёндашув муҳимлигини таъкидлаб, бир нечта тавсиялар берди. Унинг фикрича, инфратузилмани ривожлантириш қулайлик ва имконлилик билан бирга олиб борилиши керак.

«Кўпроқ мамлакатлар виза сиёсати ва визасиз саёҳатлар, айниқса, туризмда, кириш талабини рағбатлантириш усули эканини тан олмоқда. Мамлакатлар виза сиёсатини ўзгартириб, саёҳатларни соддалаштирса, бу бозор ўсишини рағбатлантиришга ёрдам беради», — деди у.

Уолшнинг таъкидлашича, жараённи яхлит контекстда кўриб чиқиш керак, яъни барча ёндош тизимлар ва жараёнларни яхлит ҳолда баҳолаш лозим.

«Сизларда инфратузилма фақат аэропортда бўлмаслиги керак. Кўриниб турибдики, агар сиз туризмни рағбатлантирмоқчи бўлсангиз, меҳмонхоналар керак, қуруқлик транспорти керак, сизга рақобат даркор. Шуни таъкидлаган бўлардимки: сизда „очиқ осмон“ бўйича келишувлар қанча кўп бўлса, шунча яхши бўлади», — дея қўшимча қилди бош директор.

Хулоса қилиб, Уилли Уолш Украина атрофидаги ҳаво ҳудудининг ёпилиши минтақавий бозорларнинг янги инвестицияларни жалб қилиш қобилиятига таъсир қилаётганини таъкидлади, бироқ, умуман олганда, минтақанинг авиация секторида содир бўлаётган воқеаларни жуда ижобий ривожланиш деб баҳолади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *