«Ўзбекнефтгаз» нефт-газ компанияси умумий қиймати 10 млрд доллардан ортиқ бўлган бир қанча лойиҳаларни амалга оширмоқда. Бу ҳақда компания бошқаруви раиси Баҳодиржон Сидиқов 5 декабрь куни Ўзбекистонда янги энергетика объектларини ишга тушириш маросимида «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Озарбайжоннинг SOCAR давлат нефт компанияси билан Қорақалпоғистоннинг платосида фойдали қазилмаларни қидириш ва қазиб олиш бўйича лойиҳани амалга ошириш муҳим йўналишлардан биридир.
«Биринчи босқич доирасида биз дала ва сейсмик қидирув ишларини бошлаймиз. Ўзбекистон ва Озарбайжон президентлари топшириғига асосан амалий ишлар жадаллаштирилмоқда. Бу лойиҳадан жуда катта кутилмаларимиз бор. Учта сценарий ҳисоблаб чиқилган, энг кам сценарий ҳам нефт маҳсулотлари импортига бўлган эҳтиёжни бартараф этишга ёрдам беради», — деди Баҳодиржон Сидиқов.
Озарбайжон энергетика вазири Парвиз Шахбазов Устюрт ҳудудида углеводородларни қидириш ва келгусида ишлаб чиқариш бўйича «жуда жиддий сейсмик ишлар» бошланишини тасдиқлади.
Парвиз Шахбазов.
Декабрь ойи бошида Тошкентда Ustyurt Operating Company офиси очилди. У июль ойида SOCAR, Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва «Ўзбекнефтгаз» ўртасида имзоланган Маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битим (МТБ) доирасида геологик қидирув ва қазиб олиш ишларини олиб боради. Битим Бойтерак, Теренгқудуқ, Биргори, Харой, Қорақалпоқ ва Қулбой инвестиция блокларини қамраб олади.
МТБга кўра, қидирув ва кузатув ишларини, шунингдек, камида битта қидирув қудуғини бурғилашни беш йил ичида якунлаш кўзда тутилган. Бу даврда SOCAR оператор сифатида ишлайди.
«Ўзбекистон 24» телеканали маълумотларига кўра, Ўзбекистон ҳар йили 2 млн тоннагача нефт ва нефт маҳсулотларини импорт қилади. Ушбу маҳсулотларнинг аксарияти Россиядан келади. 2024 йилда нефт ва нефт маҳсулотлари импорти 1,97 млрд долларни ташкил этган, бу 2023 йилга нисбатан 22,2 фоизга ошган.
Божхона қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг 11 ойи давомида импорт 1,42 млрд долларни (2024 йилнинг январь-ноябрига нисбатан +6 фоиз) ташкил этган бўлса, шундан дизел ёқилғиси 500 млн доллар (+70 фоиз), бензин 441,7 млн доллар (+14,3 фоиз) ҳиссасига тўғри келади.
Президент Шавкат Мирзиёев 2023 йил ноябрь ойида Термиз шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишда Сурхондарёда йирик саноат лойиҳалари амалга оширилишини маълум қилган эди. Ўшанда Бойсундаги газ-кимё мажмуасининг ишга туширилиши, геология-қидирув ишларининг кенгайиши Ўзбекистоннинг 2−3 йил ичида нефт мустақиллигига эришишига олиб келиши кутилган эди.
Saneg компанияси синтетик нефть, газ ва электр энергияси ишлаб чиқариш учун сланец рудаларини қайта ишлашни йўлга қўймоқчи. 2024 йил охиригача қайновчи циркуляция қатлами технологиясидан (СҚТ-1500) фойдаланган ҳолда тўртта қурилмани ишга тушириш режалаштирилган.
