Ўзбекистонда нархларни барқарорлаштириш учун йил давомида озиқ-овқат бозорига интервенциялар тизими йўлга қўйилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 10 декабрь куни Кўксарой қароргоҳида қишлоқ хўжалиги ходимлари билан учрашувда маълум қилди.
Давлат раҳбари ҳозирги тез ўзгарувчан шароитда бозорлардаги нарх-наво барқарорлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш доимий диққат марказида бўлиши шартлини кўрсатиб ўтди.
«Тўғри, куз-қиш учун асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини захира қиляпмиз. Энди бу ишни йил давомида амалга ошириб, нархлар барқарорлигини таъминлаш учун доимий интервенсия тизими жорий этилади», — деди у.
Озиқ-овқат интервенцияси — бу давлат бозорга кириб, нархларни барқарорлаштириш ва танқисликнинг олдини олиш учун озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш ёки сотиш механизми.
Агар ун, ёғ, картошка ёки бошқа ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотларнинг нархи кескин ошса, давлат олдиндан сотиб олган захираларини бозорга чиқариб, уларни арзонроқ ёки белгиланган нархда сотади. Агар нархлар кескин пасайиб, деҳқонлар зарарга учраш хавфи бўлса, давлат катта ҳажмда маҳсулот сотиб олади ва захира яратади.
Яқинда озуқабоп, мойли экин ва картошка етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги механизмлар эълон қилинган эди. Жумладан:
- келгуси йилда фермерларга 2025 йил олган ҳосил қийматининг 50 фоизи миқдорида Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан 12 фоизли кредит ажратилади.
- хорижий валютадаги кредит ставкасининг 8 фоиздан ошган қисми қоплаб берилади
- кредитларнинг 50 фоизгача қисмига кафиллик тақдим этилади.
Ҳар йили «ин-витро» лабораторияларда вирусдан холи 10 миллиондан ортиқ картошка мини-туганаклари тайёрланиб, уруғчилик хўжаликларига бепул берилади.
Гўшт ва сут ишлаб чиқаришни кўпайтириш
Президент чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини оширишни асосий йўналишлардан бири сифатида қайд этди.
2026 йилда хориждан 100 минг бош қорамол ва 200 минг бош қўй-эчки олиб келиш режалаштирилган.
Пахта ва ғалла йўналишидаги фермерларга ўз ерида чорвачиликни йўлга қўйиш учун 20 сотихгача жойда енгил конструкцияли бино қуришга рухсат берилади. Импорт қилинган наслдор қорамол ва бир кунлик жўжа учун субсидия ажратиш тартиби яна 5 йилга узайтирилади.
Янги чорвачилик лойиҳаларини молиялаштириш учун:
- Жаҳон банки ва Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси маблағлари ҳисобидан 157 миллион доллар ажратилади;
- чорвадорларга 17 фоиз ставкада 10 йил муддатга маблағлар берилади, шундан 3 йили имтиёзли давр ҳисобланади;
- қўшимча 150 млн доллар Япониянинг JICA ва Осиё тараққиёт банкидан 60 млн доллар жалб этилади.
Бундан ташқари, 167 туманда Франция фермер хўжалиги модели асосида қиймати 5 трлн сўмлик 1000 та лойиҳани ишга тушириш, 50−60 бош қорамол бўлган 340 та кичик фермер хўжалиги ташкил этиш режалаштирилган.
