Австралияда 10 декабрдан бошлаб 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларга қўйилган дунёдаги биринчи тўлиқ тақиқ кучга кирди, деб хабар бермоқда Reuters ва NBC News.
Ўнта энг йирик онлайн платформа, жумладан, TikTok, Snapchat, YouTube, Х, Facebook ва Instagram мавжуд ўсмирлар профилларини ўчириб ташлаши ва янгиларини рўйхатдан ўтказмасликлари керак. Мета (Facebook) 4 декабрдан бошлаб аккаунтларни оммавий равишда ўчиришни бошлаган.
Компаниялар ёшни тасдиқлашнинг турли технологияларидан фойдаланишга мажбур бўлди — шахсни тасдиқловчи ҳужжатни текширишдан тортиб юз ёки овозни таниб олишгача. Платформалар фойдаланувчиларнинг ўзини ўзи сертификатлашига ёки ота-оналарнинг кафолатига таяниши мумкин эмас.
2024 йил охирида парламент томонидан қабул қилинган қонунга риоя қилмаган платформалар 49,5 миллион Австралия долларигача (33 миллион АҚШ доллари) жаримага тортилиши мумкин. Болалар ва ота-оналар жазоланмайди.
Австралия расмийларининг таъкидлашича, ушбу қонун болаларни ижтимоий тармоқлардан фойдаланишнинг салбий оқибатларидан — гиёҳвандликдан тортиб онлайн таъқибларгача ҳимоя қилишга қаратилган.
«Мактаб таътилидан унумли фойдаланинг. Телефонда ўтириб вақт ўтказиш ўрнига янги спорт тури билан шуғулланишни бошланг, янги мусиқа асбобини чалишни ўрганинг ёки аллақачон жавонингизда турган китобни ўқинг», — деди Австралия бош вазири Энтони Альбанезе янги қонун кучга кириши муносабати билан йўллаган видеомурожаатида.
Альбанезе қонунни Австралиядаги «энг кенг кўламли ижтимоий ва маданий ўзгаришлардан бири» деб атади ва у бутун дунёга таъсир кўрсатишини таъкидлади.
Тақиқ Австралияда кенг қўллаб-қувватланмоқда, деб ёзди NBC News. 2024 йилда ўтказилган YouGov сўровига кўра, респондентларнинг 77 фоизи тақиқловни ёқлаган. Қонун тарафдорларининг таъкидлашича, у болаларни жонли мулоқотни танлашга ундайди ва уларнинг ижтимоий кўникмаларини яхшилайди.
Австралия ҳукумати буюртмаси асосида жорий йилда ўтказилган миллий тадқиқот қуйидаги натижаларни кўрсатди: 10−15 ёшли болаларнинг 96 фоизи ижтимоий тармоқлардан фойдаланади; 70 фоизи зарарли маълумотларга дуч келган — мизогиния ва зўравонликдан тортиб, овқатланишдаги бузилишлар ва ўз жонига қасд қилишгача; ҳар еттинчи бола катталар томонидан жинсий ҳаракатларга ундаш ҳолатлари ҳақида хабар берган; ярмидан кўпи эса кибербуллинг қурбонига айланган.
Платформалар ҳукумат томонидан кўзланган мақсадларни қўллаб-қувватлашини айтмоқда, аммо тақиқлар, аксинча, ёш фойдаланувчиларнинг ҳимоясини камайтиришини таъкидламоқда.
«Ўсмирларнинг дўстлари ва оиласи билан алоқасини узиш уларни ўзларини хавфсизроқ ҳис қилишга олиб келмайди — аксинча, бу уларни камроқ хавфсиз ва камроқ махфий бўлган мессенжерлардан фойдаланишга ундаши мумкин», — дейилади ноябрь ойида эълон қилинган Snap баёнотида.
Платформалар, шунингдек, ёш фойдаланувчилар янги, тартибга солинмаган иловаларга ўтишлари ёки VPN ёрдамида тақиқни четлаб ўтишга ҳаракат қилишлари мумкинлигини даъво қилмоқда.
