10 декабрь куни Шавкат Мирзиёев Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни (декабрь ойининг иккинчи якшанбаси — таҳр.) муносабати билан соҳа вакиллари иштирокида учрашув ўтказди. Жараён давомида давлат раҳбари бир гуруҳ соҳа вакилларига давлат мукофотларини топширди, йил давомида амалга оширилган ислоҳотлар натижадорлиги ва келгуси йил учун олдинда турган устувор вазифаларга тўхталди.
Учрашувда қайд этилишича, бугунги кунда қишлоқ хўжалигида 3,5 миллион нафардан зиёд аҳоли меҳнат қилади. Қишлоқ хўжалиги тўқимачиликдан кейинги энг кўп валюта олиб келаётган соҳа бўлиб қолмоқда. Хусусан, йил бошидан бери озиқ-овқат экспорти 37 фоизга ўсиб, 3 млрд долларга етди. Йил якунига келиб бу кўрсаткич 3,2 млрд доллардан ошиши кутилмоқда.
Келгуси йилдаги устувор вазифалар ҳақида сўз юритар экан, давлат раҳбари 2026 йилда «пахтада — 4,5 миллион, ғаллада — 10 миллион тонналик хирмонни бемалол уддалаш мумкинлиги»ни таъкидлади. Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун 2026 йилда айрим фаолият турларига субсидия ва солиқ имтиёзлари, инфратузилма ҳамда моддий-техник базани яхшилашга қаратилган қатор чора-тадбирлар кўзда тутилган.
Пахтачилик
Келгуси йилда пахтачиликни янада жонлантириш мақсадида деҳқон ва фермерларни қўллаб-қувватлашга 35 трлн сўм маблағ йўналтирилиши кўзда тутилмоқда.
Томчилаб суғориш технологиясини жорий этиш учун 2 трлн 600 млрд сўм имтиёзли кредит ажратилади.
Ўз маблағлари ҳисобидан пахта етиштирган фермерларга ҳосилнинг 10 фоизигача бўлган қисмини субсидиялаш учун 250 млрд сўм берилади. Бунда пахта етиштириш учун кредит лимитининг ярмидан фойдаланган фермерларга ҳам ҳосилнинг 5 фоизигача субсидия ажратилади.
Илмий марказларда 56 та маҳаллий навни хорижий навлар билан селекция қилиш асосида пахта уруғчилиги ривожлантирилади. Геномика ва Пахтачилик илмий институтларига фитотрон ва иссиқхона қуриб берилади.
Пахта етиштириш учун биржа орқали минерал ўғит ва ёқилғини 10−15 фоиз арзон нархда етказиб бериш амалиёти келгуси йилда ҳам давом эттирилади.
Эндиликда пахта ва ғалла етиштирадиган фермерларнинг алоҳида рейтинги юритилади.
Бунда камида 10 йилдан ортиқ ишлаётган, кредит, лизинг ва солиқдан муддати ўтган қарзи бўлмаган фермерларга рейтингига қараб Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан берилаётган имтиёзли кредит ставкалари янада пасайтирилади. Яъни рейтингнинг юқори поғонасида турган фермерларга кредит ставкаси пахта учун 8 фоиз, ғалла учун 10 фоиз қилиб белгиланади.
Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан пахта етиштириш учун фермерларга ҳар бир гектарга ажратиладиган маблағ 1,4 баробар кўпайтирилиб, 17,5 млн сўмга етказилади.
Айни пайтда, ғаллачиликда ҳам шўр, сувсизлик ва иссиққа чидамли янги навларни яратиш борасидаги изланишлар янада кучайтирилади.
«Энди ўз маблағи ҳисобидан ғалла етиштирган фермерларга пахтадаги каби ҳосилининг 10 фоизи миқдорида субсидия ажратилади», — деди давлат раҳбари.

Боғдорчилик
Республикада янги боғ ва токзорларни ташкил қилиш, эскиларини янгилаш бўйича уч йиллик дастур қабул қилинади.
Соҳада тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида қуйидаги чора-тадбирлар кўзда тутилган:
- интенсив боғ яратиш учун 7 йилга 3 йиллик имтиёзли давр билан 14 фоизли ставкада кредит ажратиш (Агросаноатни ривожлантириш жамғармасидан);
- музлаткичли омбор ташкил қилиш учун кредит фоизининг асосий ставкадан ошган 8 фоизгача қисмини қоплаб бериш (Тадбиркорлик компанияси томонидан);
- сабзавот экспортчилари ва боғбонларга қадоқлаш харажатининг 50 фоизини қоплаб бериш (Савдони ривожлантириш компанияси томонидан);
- сертификатланган кўчат сотиб олиш харажатининг 50 фоизини буджетдан тўлаб бериш;
- шпалерлар учун фермерларга мева турига қараб 20 мингдан 70 минг сўмгача субсидия ажратиш;
- арзонлашган нархда ўғит ва ёқилғи харид қилиш.
Мева-сабзавот етиштиришни кўпайтириш учун яйлов, қир ва адирлардан самарали фойдаланиш мақсадида саноатлашган боғ, токзор ташкил қилиш, сабзавот, озуқа экини етиштириш учун адирликларда жойлашган ерлар ўз қийматининг 1 фоизи миқдоридаги нарх билан аукционда сотилади. Аукцион ғолиблари ерни бошқа одамга қайта ижарага бериши мумкин бўлади ва ижара ҳуқуқи бепул рўйхатдан ўтказилади.
Чорвачилик
Мамлакатда гўшт ва сут маҳсулотларини кўпайтириш мақсадида келгуси йил четдан 100 минг бош қорамол ва 200 минг бош қўй-эчки олиб келинади. Импорт қилинган наслдор қорамол ва бир кунлик жўжа учун субсидия ажратиш тартиби яна 5 йилга узайтирилади.
Пахта ва ғалла етиштирадиган фермерларга чорвачиликни йўлга қўйиш учун 20 сотихгача жойда енгил конструкцияли бино қуришга рухсат берилади.
Келгуси йилда чорвачилик лойиҳаларини молиялаштириш учун:
- Жаҳон банки ва Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси ресурслари ҳисобидан 157 млн доллар йўналтирилади;
- JICA`дан — 150 млн доллар;
- Осиё тараққиёт банкидан — 60 млн доллар жалб қилинади.
Ушбу маблағлар ҳисобидан, жумладан, чорвадорларга 10 йил муддатга 3 йиллик имтиёзли давр билан 17 фоизлик ставкада кредит ажратилади.
Соҳага жалб қилинган маблағлар ҳисобига келгуси йилда 5 трлн сўмлик мингта лойиҳани ишга тушириш, Франция тажрибаси асосида 167 та туманда 340 та гўшт ва сут йўналишидаги 50−60 бошли кичик чорвачилик хўжаликларини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.
Балиқчилик
Балиқчиликда наслни янгилаш ва ҳосилдорликни ошириш мақсадида карп ва совуқ сув балиқлари бўйича Венгрия ва Норвегиядаги ҳамкорлар билан Янгийўл ва Бўстонлиқ туманларида 2 та наслчилик маркази ташкил қилинади.
Тадбиркорларга четдан наслдор она балиқ олиб келиш харажатининг ярми қоплаб берилади.
Балиқчилик хўжаликлари инкубация, лаборатория, ёпиқ сув айланма тизимларини импорт қилишда божхона божидан озод этилади.

Интенсив балиқчиликни йўлга қўйган хўжаликларга ер ва мол-мулк солиқлари 2 карра камайтирилади. Аксинча, интенсив усулга ўтмаган, кўллардан самарасиз фойдаланаётган хўжаликлар учун ер солиғи оширилган ставкада қўлланади.
Озиқ овқат хавфсизлиги
Давлат раҳбари ҳозирги тез ўзгарувчан шароитда нарх-наво барқарорлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласига тўхталди.
«Куз-қиш учун асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини захира қиляпмиз. Энди бу ишни йил давомида амалга ошириб, нархлар барқарорлигини таъминлаш учун доимий интервенция тизими жорий этилади», — дея маълум қилди давлат раҳбари.
Келгуси йилда мойли экин ва картошка етиштирувчи фермерлар фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида:
- 2025 йил олган ҳосил қийматининг 50 фоизи миқдорида 12 фоизлик ставкада кредит ажратилади;
- хорижий валютадаги кредит ставкасининг 8 фоиздан ошган қисми қоплаб берилади;
- кредитларнинг 50 фоизгача қисмига кафиллик тақдим этилади.
Шу билан бирга, ҳар йили «in-vitro» лабораторияларда вирусдан холи 10 миллиондан ортиқ картошка мини-туганаклари тайёрланиб, уруғчилик хўжаликларига бепул берилади.
Бошқа чора-тадбирлар
Маъмурчилик
Давлат раҳбари соҳада субсидиялаш тизимининг натижадорлиги ва шаффофлигини ошириш масаласига эътибор қаратди.
«Қишлоқ хўжалиги соҳасини қўллаб-қувватлашга ажратилаётган маблағларни йилдан-йилга ошириб боряпмиз. Бундан кейин ҳам соҳага қанча маблағ керак бўлса, топиб беришга тайёрман. Лекин бу маблағлар ўз вақтида эгасига етиб бориши ва ҳосилдорликни янада оширишга хизмат қилиши учун очиқ ва шаффоф тизим бўлиши керак», — деди Мирзиёев.
Қишлоқ хўжалигидаги субсидиялар бўйича молиявий хизматлар кўрсатувчи Аграр соҳада тўловлар агентлиги томонидан келаси йил деҳқон ва фермерларга 2 трлн 200 млрд сўмлик субсидия берилади. Бунда субсидия ажратиш жараёни ҳозирги 4 босқичдан 2 босқичга, уни олишга кетадиган вақт эса 1 ойдан 15 кунга қисқаради. Энг асосийси, ҳар бир субсидия фермерларга маъқул шартларда, уларга маблағ энг зарур пайтда бериладиган тизимга ўтилади.
Инфратузилма
Кейинги йил Хитойдан яна 50 дан ортиқ замонавий агродрон олиб келинади. Ҳар бир вилоятда камида 2 тадан дрон мобил комплекси орқали агрохизматлар кўрсатиш йўлга қўйилади.
Аграр соҳада дронлар учун белгиланган учиш оғирлиги ҳозирги 100 килодан 250 килогача оширилади.
Таъкидланишича, республикада экин майдонларидан ўтган 70 минг км узунликдаги очиқ дренаж ва коллекторлар босқичма-босқич ёпиқ тизимга ўтказилса, экин экиш учун қўшимча майдон очилади, зовурларни тозалаш харажатлари каррасига тежалишига эришилади. Бу, айниқса, ер танқис бўлган водий вилоятлари учун жуда долзарб.
Шу нуқтаи назардан, очиқ дренаж ва коллекторларни ёпиқ тизимга ўтказиш бўйича алоҳида дастур қабул қилиниб, бу мақсадлар учун 100 млн доллар ажратилиши мўлжалланмоқда.
Вилоят ҳокимларига тажрибали тадбиркорлар билан келаси йилнинг ўзида камида 10 минг км дренажни ёпиқ тизимга ўтказиб, 20 минг гектар қўшимча экин майдони очиш вазифаси юклатилди.
Илм-фан ва кадрлар масаласи
«Мен бир гапни такрор айтишдан чарчамайман. Илм ва изланиш бўлмаган соҳада ривожланиш ҳам, юксалиш ҳам, тараққиёт ҳам бўлмайди», — дея таъкидлади раҳбари.

Аграр соҳада мавжуд салоҳиятдан тўлақонли фойдаланиш мақсадида «илм-фан — таълим — ишлаб чиқариш» интеграциясини таъминлайдиган Қишлоқ хўжалиги фанлар академияси ташкил этилади. Академия қишлоқ хўжалигидаги фундаментал ва амалий тадқиқотларни ривожлантиришга масъул бўлади.
Қишлоқ хўжалиги кадрларининг малакасини ошириш институтида йилига 8 мингдан ортиқ соҳа вакиллари, хусусан, фермер, деҳқон ва кластерлар ходимлари замонавий агротехнологиялардан фойдаланишга ўқитилади.
Нидерландия, Испания, Италия, Туркия ва Хитойдан малакали агрономларни олиб келиб, деҳқон ва фермерларни янгиликларга доимий ўқитиб борадиган тизим ишлаб чиқилади.
«Пахта-ғалла йўналишидаги энг илғор 200 нафар фермер, мева-сабзавот йўналишидаги энг миришкор 200 нафар боғбон ва деҳқон, қишлоқ хўжалиги йўналишидаги энг фаол 100 нафар экспортчи Хитой, Туркия, Нидерландия, Франция каби давлатларга юборилиб, ўқитилади. Ушбу 500 нафар фермер, боғбон ва экспортчиларнинг йўлкира ва меҳмонхона харажати тўлиқ қоплаб берилади» — дея қайд этилди учрашувда.
Мирзачўлда ташкил қилинаётган инновацион қишлоқ хўжалиги мактабида бутун республикадан минг нафар фермер чўл шароитида пахта етиштириш бўйича ўқитилади. Мазкур мактабда ўқиб, сертификат олган фермерларга рейтингда қўшимча 10 балл берилади.
Аграр университетнинг 180 нафар талабаси дуал таълим асосида илғор кластер ва фермерларда ишлаб, амалиёт ўтайди.
Агрономлик сирларини ўргатган фермер ва кластерга ҳар бир талаба учун 5 млн сўмдан пул, талабага эса 1,5 млн сўм стипендия тўланади.
Етарли тажриба ва кўникма орттирган ёш агрономлар қишлоқ хўжалигига ихтисослашган 167 та туманда кафолатланган ишга юборилади. Ушбу ёш агрономларга 2 минг доллардан ойлик тўланади.
