• Ср. Янв 21st, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Тошкентда БМТнинг гиёҳвандликка қарши CHAMPS лойиҳасига старт берилди. Бу қандай лойиҳа?


БМТ Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC)нинг CHAMPS ташаббуси Ўзбекистонда расман ишга туширилди. Лойиҳанинг мақсади — вояга етмаган ёшлар орасида психоактив моддалар истеъмолининг олдини олишга қаратилган намунавий тизимни яратиш, болаларни нафақат гиёҳвандликдан, балки шахсий ривожланишига рахна солувчи ижтимоий ва соғлиқ билан боғлиқ салбий иллатлардан ҳимоя қилишдир. Президент администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази ташаббуси билан мамлакатда фаолият бошлаган CHAMPS ўнлаб давлат ташкилотлари ҳамкорлигида амалга оширилади. Gazeta мухбири 3 декабрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган тадбирда қатнашиб, экспертларнинг ушбу ташаббус ва унинг аҳамияти ҳақидаги фикрларига қизиқди.

CHAMPS ўзи нима?

CHAMPS (Children AMplified Prevention Services) ташаббуси БМТ Наркотиклар ва жиноятчилик бошқармаси томонидан 2024 йилда жорий этилган. Ушбу лойиҳа болаларни (туғилишидан то ўсмирликкача) дорилар, психоактив моддалар ва бошқа зарарли хулқ-атвордан ҳимоялаш, уларнинг соғлом ва барқарор ривожланишига кўмаклашиш ёки ижтимоий/руҳий хавфлардан сақлашни мақсад қилган.

CHAMPS`га биринчи беш йил ичида тахминан 10 миллион болани қамраб олиш кўзда тутилган. Бугунги кунда ушбу лойиҳа 10 та мамлакат: Австрия, Аргентина, Жазоир, Бразилия, Кипр, Эквадор, Миср, Греция, Нигерия ва Норвегияда амалга ошириб келинмоқда. Ташаббус Марказий Осиёда илк бор Ўзбекистонда жорий этиляпти. Биринчи пилот ҳудуд сифатида Тошкент шаҳри Сергели тумани белгиланди, лойиҳа муддати — 6 йил.

«Узоқ муддатли тармоқлараро ёндашув тизими яратилади»

Оливер Штольпе, БМТ Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг Ўзбекистондаги минтақавий ваколатхонаси раҳбари:

— 2025 йил март ойида Ўзбекистон CHAMPS ташаббусига қўшилиш истагини билдирганди. Ўтган вақт мобайнида ҳукумат Тошкент шаҳрини ўзининг тажриба майдони сифатида танлаб, профилактика хизматларини хариталашга киришди. Мамлакат гиёҳванд моддаларни назорат қилиш бўйича жуда катта миллий стратегия ва харакатлар режасини бошлади.

Оливер Штольпе.

CHAMPS ташаббуси гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишнинг олдини олиш бўйича далилларга асосланган, мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни илгари суришда БМТ ҳамда Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорликни акс эттиради. Наркотик моддаларни истеъмол қилиш, зўравонлик ва, умуман, ёшларнинг заифлиги билан боғлиқ мураккаб муаммоларни алоҳида ҳал қилиб бўлмайди. CHAMPS соғлиқни сақлаш, таълим, ҳуқуқ, ижтимоий ҳимоя ва жамиятни ривожлантириш соҳасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириб, ҳақиқий ва барқарор ўзгариш яратиш учун зарур бўлган узоқ муддатли тармоқлараро ёндашувни ифодалайди.

Мазкур лойиҳа мамлакатнинг ёш аҳолиси нуқтаи назаридан алоҳида аҳамиятга эга. Ўзбекистонликларнинг 60 фоиздан ортиғини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этиб, улар 10 миллион нафардан иборат. Бу авлод салоҳиятга тўла, биз уларнинг эҳтиёжларини тушунамиз ва муаммоларига самарали жавоб қайтаришимиз зарур.

CHAMPS ривожланишнинг барча босқичларида: эрта болаликдан ўсмирлик давригача профилактикага эътибор қаратади, вояга етмаганларни таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларида, оилаларда, жамоаларда қўллаб-қувватлайди. Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишнинг олдини олишдан ташқари, ёшларга хавфсиз муҳит яратади, уларнинг ривожланиши учун кўникма ва имкониятлар беради. CHAMPS натижалари бутун Ўзбекистон учун умуммиллий профилактика тизимини такомиллаштириш учун қимматли манба ҳисобланади. Шунингдек, минтақанинг бошқа мамлакатларига профилактика модели учун асос бўлиб хизмат қилади. Биз келгуси олти йил ичида Ўзбекистондаги болалар, оилалар ва жамоалар учун аниқ натижалар ҳамда узоқ муддатли йўл харитасини амалга оширишда биргаликда ишлашга тайёрмиз.

«Тошкентда аниқланган наркожиноятларнинг 53 фоизини ёшлар содир этган»

Дурдона Раҳимова, Тошкент шаҳри ҳокими ўринбосари:

— Тошкент шаҳрида оғир тоифадаги ёшлар билан ишлашда уникал тажриба йўлга қўйилган, яъни қийин вазиятга тушиб қолган ва ундан чиқа олмаётган 3000 нафарга яқин ёшларимиз олтита давлат идораларига бириктирилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари томонидан доимий равишда уларнинг муаммоларини ўрганиш, мулоқотни йўлга қўйиш, бандлигини таъминлаш каби масалаларда амалий ёрдамлар бериляпти. 3000 га яқин ёшларнинг асосий қисмини гиёҳванд моддаларни истеъмол қилаётганлар ташкил этади.

champs, бмт, гиёҳвандлик, наркотик маркази

Дурдона Раҳимова.

Бугун пойтахтда ёшлар ўртасида гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилиш тенденцияси ортмаган. Бу бошқа давлатларга нисбатан хавотирли кўрсаткич эмас, лекин мамлакат ичида рақамларнинг ўсиши биз учун ниҳоятда хавотирли. 2025 йилнинг 10 ойида Тошкент шаҳрида аниқланган наркожиноятларнинг 1 фоизи 14−17 ёшли воята етмаганлар, 52,1 фоизи 18−30 ёшлиларга тўғри келмоқда. Рақамлар ўтган йилга нисбатан 20 фоизга ортган ва бу — жуда хавотирли кўрсаткич.

CHAMPS ташаббусининг Марказий Осиё минтақасида биринчи бўлиб Тошкент шаҳрида ишга туширилаётгани ҳар биримизга масъулият юклайди. Бу лойиҳа ёшлар масаласига дахлдор барча қатлам: идора ва ташкилотлар, жамоатчилик ва ота-оналар билан ҳамкорликдаги иш кўламимиз ва унинг сифатини қайтадан кўриб чиқишга, ушбу ташаббусни амалга оширишга бизда янада қизиқиш уйғотади. Лойиҳа доирасида кўплаб экспертлар: психологлар, етакчи мутахассислар билан ишлаймиз, гиёҳвандлик йўналишида илмий-тадқиқот, изланишлар олиб борган олимлар билан ҳамкорликда ўғил-қизларни зарарли иллатлардан ҳимоя қилишнинг янги чоралари ва механизмларини амалда қўллашдан манфаатдормиз.

«Бир марталик тадбир эмас»

Нодир Аҳмедов, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази бўлим бошлиғи:

— CHAMPS бир марталик ёки алоҳида тадбир эмас, балки Ўзбекистонда илмий асосланган профилактика сиёсатига ўтишнинг янги босқичи ҳамда сабаблар билан курашадиган кучли бир лойиҳа ҳисобланади. У интеграцияланган, тизимли профилактика модели: давлат, нодавлат, академик, халқаро ташкилотлар, жамоатчилик ва шахслар ҳамкорлигида жорий этилади.

champs, бмт, гиёҳвандлик, наркотик маркази

Нодир Аҳмедов.

Лойиҳа икки босқичда амалга оширилади. Биринчисида мавжуд ҳолат таҳлил қилинади, пилот ҳудуд танланади, методологияси таржима қилиниб, ўзимизга мослаштирилади ва ишчи гуруҳ шакллантирилади. Иккинчи босқич эса келгуси олти йил давомида дастлабки маълумотларни тўплаш, рақамли платформа яратиш, олинган маълумотларни баҳолашни амалга ошириш ва ёндашувларни тузатишдан иборат. Бундан ташқари, донорларни жалб қилиш, эришилган натижалар асосида миллий дастурлар ишлаб чиқиб, ҳисобот ва илмий нашрларни тайёрлаш каби вазифалар ҳам бор.

CHAMPS ташаббуси Ўзбекистон учун қуйидаги жиҳатлар билан аҳамиятлидир:

  • Илмий асосланган профилактика жорий этилади. Яъни қанча тадбир ўтказилгани эмас, ёшлар хулқ-атвори қай даражада ўзгаргани натижа ҳисобланади.

  • Идоралараро ҳамкорлик кучаяди, ягона маълумот алмашув платформаси орқали мақсадли гуруҳларни аниқлаш самарадорлиги ошади.

  • Далилларга таянган ҳолда ёшлар сиёсати учун зарур таҳлилий маълумотлар шаклланади. Бу эса «Ўзбекистон-2030» стратегиясининг 34, 35 ва 37-бандларини амалга оширишга хизмат қилади.

  • Барқарор профилактика тизими вужудга келади. Беш-етти йил ичида гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилиш хавфи камаяди, болаларни қўллаб-қувватлайдиган «маҳалла, мактаб ва оила» яхлит тизими шаклланади.

Тажриба-синов тариқасида Сергели туманининг танланишидан мақсад шуки, пойтахтнинг бошқа туманларига нисбатан Сергелида ёшлар сони кўп. Ҳозир у ерда 232 минг нафардан ортиқ фуқаро истиқомат қилса, шундан 108 минг нафарини ёшлар ташкил этади. CHAMPS ташаббуси доирасида келгуси олти йил ичида амалий чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш ҳамда уларни халқаро стандартларга мослаштириш орқали туманда нафақат наркотиклар истеъмоли, балки жиноятчилик ва зўравонликнинг ҳам камайишини кузатиш мумкин бўлади.

Аввалроқ Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт маркази директори Зарифжон Ашуров охирги йилларда гиёҳвандликка янги чалинган шахслар орасида 25−30 ёшли беморлар сони ортаётганини айтганди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *