Қирғиз, қозоқ ва қорақалпоқ ўтовларини ясаш бўйича анъанавий билим ва кўникмалар ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритилди.
Номинациялар тўғрисида Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Ҳиндистонда бўлиб ўтаётган Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитанинг 20-сессиясида эълон қилинганидан сўнг маълум қилди.
Инсониятнинг номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритиш учун турли мамлакатлардан 54 та ариза кўрсатилган.
Аввалррқ ЮНЕСКО қўбиз чолғу асбобини ясаш ва ижро этиш санъатини Ўзбекистондан зудлик билан қўриқлашга муҳтож бўлган номоддий маданий мерос рўйхатига киритганди.
«Ушбу халқаро миқёсдаги эътироф анъаналаримизнинг нақадар теранлиги, маънавий меросимизнинг қудрати ва авлодлар ўртасидаги узвий боғлиқликни тасдиқлайди», — деди Саида Мирзиёева. Шунингдек, у меросни асраб-авайлаш ва тарғиб этишга ҳисса қўшган ҳунармандлар, тадқиқотчилар, анъаналар ҳимоячилари ва ихлосмандларига миннатдорлик билдирди.
«Бу маданиятимизга дахлдор барчанинг ғалабасидир. Биз эса ўзлигимизни бемисл қилувчи қадриятларимизни кўз қорачиғидек сақлаган ҳолда олға қадам ташлашда давом этамиз», — деди Президент администрацияси раҳбари.
Туркий халқларнинг кўчманчи масканларини яратишга чақирувчи номинация 2014 йилда Қозоғистон ва Қирғизистон томонидан Репрезентатив рўйхатга киритилган. Ўзбекистон қорақалпоқ ўтовини қўшиш ташаббуси билан рўйхатни кенгайтириш тарафдори сифатида чиқди. Шу тариқа номинация уч давлат томонидан тақдим этилди.
Лойиҳа таклифида таъкидланишича, қирғизлар, қозоқлар ва қорақалпоқлар учун ўтов — нафақат уй, балки миллий ўзликни англатувчи тимсол ҳамдир. Уни яратиш анъаналари авлоддан-авлодга, устоздан шогирдга ўтиб келмоқда.
Ўтов ясаш бўйича билим ва кўникмалар Ўзбекистон номоддий маданий мероси миллий рўйхатига киритилган.