Баҳромжон Норқобилов Оҳангарон тумани ҳокими этиб тайинланди
2017 йилдан бери Ветеринария қўмитаси раиси бўлиб ишлаган Баҳромжон Норқобилов Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ҳокими лавозимига тайинланди.

Шаҳрихон ҳокими экорейдда бузилган битта тандир пулини ўз ёнидан тўлаб берди — ОАВ
Танқид ва ҳайфсанлардан сўнг Андижон вилояти Шаҳрихон тумани ҳокими тадбиркорга экорейд давомида унинг кўрсатмаси билан бузиб ташланган битта тандирнинг пулини тўлаб бергани маълум бўлди. Аммо эълон қилинган кадрларда камида учта тандир бузиб ташланганини кўриш мумкин.

Парагвай президенти расмий ташриф билан Ўзбекистонга келади
Парагвай президенти Сантьяго Пенья 11−13 декабрь кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади. У Халқаро автомобиль федерацияси Бош ассамблеясида ва пойга ғолибларини тақдирлаш маросимида иштирок этади.

Ўзбекистонда уй-жой ва автомобиль хариди 1 апрелдан нақд пулсиз шаклга ўтади
2026 йил 1 апрелдан кўчмас мулк ва транспорт воситалари билан боғлиқ битимлар фақат банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади. Қиймати 25 млн сўмдан юқори бўлган товарлар ва хизматлар, бензин сотиб олиш ва бошқалар учун тўловлар ҳам нақд пулсиз шаклга ўтказилади.

«Очиқ осмон ва рақобат Ўзбекистон авиацияси ривожини тезлаштиради» — Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси раҳбари
Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси раҳбари Уилли Уолш Ўзбекистоннинг авиапарк қувватини ошириш ва янги аэропорт қуриш борасидаги режаларини ижобий баҳолади. Аммо барқарор ўсиш учун авиаташувчилар бозорида қулайликни таъминлаш (масалан, виза сиёсати) ва рақобатни кенгайтириш муҳим эканини айтди.

Ўзбекистонда озиқ-овқат экспорти илк марта 3,2 млрд доллардан ошиши кутиляпти
Ўзбекистонда озиқ-овқат экспорти 37 фоизга ўсиб, 3 млрд долларга етди, йил якунида бу кўрсаткич илк бор 3,2 млрд доллардан ошади, дейилади президент учрашувида. Қишлоқ хўжалиги тўқимачиликдан кейинги энг кўп валюта олиб келаётган соҳага айланди, деди давлат раҳбари.

Пахта, ғалла йўналишидаги фермерлар учун алоҳида рейтинг бўлади, улар чўл шароитида пахта етиштиришга ўқитилади
Ўзбекистонда пахта ва ғалла йўналишидаги фермерларнинг алоҳида рейтинги юритилади, имтиёзли кредит ставкалари пасайтирилади. Минг нафар фермер «Мирзачўл» кластери намунасида чўл шароитида пахта етиштириш бўйича ўқитилади.

«SOCAR Ўзбекистонга нефт маҳсулотлари импортини тўхтатиш имконини беради» — «Ўзбекнефтгаз»
Ўзбекистон Озарбайжоннинг SOCAR компанияси лойиҳаси туфайли нефт маҳсулотлари импортини бартараф этмоқчи. «Ўзбекнефтгаз» раҳбари Устюрт платосидаги минимал қидирув сценарийси ҳам мамлакатни ўз ресурслари билан таъминлашини айтди. Йил бошидан буён 1,4 млрд долларлик нефт маҳсулотлари импорт қилинган.

Ўзбекистонда озиқ-овқат нархларини барқарорлаштириш учун доимий интервенция тизими жорий этилади
Ўзбекистонда озиқ-овқат бозорига доимий интервенция тизими жорий этилади, бу йил давомида нархларни барқарор ушлаб туриш имконини беради, деди президент. Француз амалиёти бўйича кичик чорвачилик фермаларини ривожлантириш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистонда ягона QR код орқали тўловларни қабул қилиш мажбурий бўлади
2026 йилнинг 1 январидан Ўзбекистондаги барча савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналарида электрон тўловларни қабул қилиш учун ягона QR код жорий этилади. 1 июлдан бошлаб бундай QR коддан фойдаланмаслик савдо қоидаларини бузиш деб баҳоланади.

Кўчмас мулк ва қурилиш материаллари учун солиқлар бозор нархида ҳисобланади
2026 йилдан Ўзбекистонда кўчмас мулк ва қурилиш материаллари бўйича солиқ базаси уларнинг бозор қийматидан келиб чиқиб ҳисобланади. Ўзбекистонликларга онлайн товар ёки хизматлар сотадиган хорижий компаниялар солиқ органларида рўйхатдан ўтиши шарт бўлади — акс ҳолда, уларнинг фаолияти чекланади.

«Соҳага қанча маблағ керак бўлса, топиб беришга тайёрман». Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалиги вакиллари билан учрашди
Президент қишлоқ хўжалиги вакиллари билан учрашувда ишлар натижадорлиги ва устувор вазифаларга тўхталди. Президент бу секторда 3,5 млн дан зиёд аҳоли меҳнат қилаётгани, соҳага қанча маблағ керак бўлса, топиб беришга тайёрлиги, аммо бунда очиқ ва шаффоф тизим бўлиши кераклигини таъкидлади. Батафсил.

Ўзбекистон кредит рейтинги юқори фермерларга агрокредитлар ставкаларини пасайтиради
Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги кредитларини виждонан тўловчиларни рағбатлантириш тизими жорий этилади: кредит рейтинги юқори фермерларга ставкалар 1−2 фоиз бандигача пасаяди. Расмийлар янги модель интизомли қарз олувчиларга юкни камайтиришига ишонмоқда.

ЙҲТЭМ Тошкентдаги камералар, автотураргоҳлар, светофорлар ва тезлик режимини назорат қилади
Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази Тошкентда транспорт оқимини бошқариш, тезлик режимларини белгилаш, фиксация камералари ва зарядлаш станциялари ўрнатиш ва парковка инфратузилмасини ривожлантириш билан шуғулланади. Ерусти метро линиялари ва йўлўтказгичлар остида парковкалар пайдо бўлади.

Тошкентда аввал электробус, сўнг автомобиль аёлни уриб юборди, жабрланувчи вафот этди
Тунда Тошкентнинг Миробод туманида автобус тартибга солинмаган «пешеход»дан ўтаётган аёлни уриб юборди. У зарба кучидан қарама-қарши йўналишга йиқилди ва Haval машинасига урилди. Жабрланувчи воқеа жойида вафот этди, жиноят иши қўзғатилди. ЙТҲ жойида аввал ҳам тўқнашувлар бўлган.

АCWА Power қурган Сирдарё ИЭСдаги носозлик туфайли электр таъминотида узилишлар бўлиши мумкин
АCWА Power қурган янги Сирдарё ИЭСда носоз газ турбинаси ротори алмаштирилмоқда, қувватнинг бир қисми таъмирга йўналтирилган. Энергетика вазирлиги кечки соатларда электр таъминотида қисқа муддатли узилишлар бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Монтаж ишлари бир ойча давом этади.

Ноқулай об-ҳаво туфайли Қамчиқ довони вақтинча ёпилди
Кучли қор ёғиши ва кўчки хавфи туфайли Тошкент-Водий йўлидаги Қамчиқ довони номаълум муддатга ёпилди. ЙҲХХ йўл очилиши бўйича қўшимча маълумот берилишини маълум қилди.

Тошкент метросининг тўртта бекатида ёпиқ турган вестибюллар очилади
Тошкент метросининг узоқ вақт ёпиқ турган «Ўзбекистон», «Машинасозлар», «Ғафур Ғулом», «Миллий боғ» бекатларидаги вестибюллари 11 декабрдан очилади. Бу йўловчи оқимининг ортиб бораётгани ҳамда аҳолининг талаб ва истаклари билан боғлиқ.

Букмекерлик хизматларини тарғиб қилган 70 га яқин сайт блокланди
Рақобат қўмитаси назорат қилувчи органга букмекерлик хизматларини реклама қилган 86 та сайтни блок қилишни сўраб маълумот тақдим этди. Уларнинг 70 га яқинига кириш чекланди.

Тошкентда КҲАЙнинг 19 км қисми модернизация қилинади, 300 га яқин чорраҳада светофорлар янгиланади
Тошкент шаҳрида КҲАЙнинг Зиёлилар кўчасидан Шота Руставели кўчасигача бўлган 19 километрли қисмини 150 млрд сўмга модернизация қилиш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, пойтахтнинг 264 та чорраҳасида ягона бошқарув тизимига эга янги светофорлар, фото ва видео қайд этиш воситалари пайдо бўлади.

Ўзбекистонга Хитойдан 50 дан ортиқ агродрон олиб келинади
Ўзбекистонга 2026 йилда Хитойдан яна 50 дан ортиқ агродрон олиб келинади. Аграр соҳада дронлар учун белгиланган учиш оғирлиги 100 килодан 250 килогача оширилади. Аввалроқ 2025 йил кузида 100 дан зиёд агродрон олиб келиниши хабар қилинганди.

Қорақалпоқ қўбиз санъати ЮНЕСКО номоддий маданий мерос рўйхатига киритилди
Қорақалпоғистоннинг қўбиз (мусиқа асбоби) ясаш ва ижро этиш санъати ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мерос бўйича муҳофаза рўйхатига киритилди. Усталар сафининг қисқариши, ёш авлоднинг етарли хабардор эмаслиги натижасида мазкур мерос йўқолиб кетиш хавфи остида.

Украинада сайлов ўтказиш «вақти келди», Европа заиф, Николас Мадуронинг кунлари эса саноқли. Трампнинг интервьюсидан асосий фикрлар
Дональд Трамп Politico нашрига интервьюсида Россия Украинага қараганда кучлироқ позицияда эканини айтиб, Европанинг иммиграция сиёсатини фалокат деб атади. У, шунингдек, Венесуэлага бостириб киришини истисно этмади ва Николас Мадуронинг «кунлари саноқли» қолганини билдирди.

Агар ҳамкорлар хавфсизликни таъминласа, Украина «сайловларга тайёр» — Зеленский
Владимир Зеленский АҚШ ва европалик ҳамкорлар овоз бериш хавфсизлигини таъминлай олса, мамлакатда икки-уч ой ичида сайлов ўтказишга тайёрлигини айтди. Шунингдек, у Киев иттифоқчилар билан муҳокама қилаётган тинчлик режаси «доимий равишда ўзгариб туриши ва бу нормал ҳолат» эканини билдирди.

Грузия 1 январдан мамлакатга кириш учун тиббий суғурта талаб қилади
Грузия ҳукумати 1 январдан мамлакатга кириш учун тиббий суғурта талаб қила бошлайди. Ҳужжат чет элликка чегарани кесиб ўтган пайтдан бошлаб Грузияда бўлишнинг бутун даври учун берилиши керак. Чегара хизматлари уни аэропортларда ҳам, ўтказиш пунктларида ҳам талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Австралияда 16 ёшгача бўлганлар учун ижтимоий тармоқларга қўйилган тақиқ кучга кирди
Австралия 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларни бутунлай тақиқлаган дунёдаги биринчи давлат бўлди. TikTok, YouTube, Facebook, Instagram ва бошқа йирик платформалар тақиққа учради. Қонунга риоя қилмаслик компанияларга катта жарима солишга сабаб бўлади.
Бизни ўқиётганингиз учун раҳмат!
