10 декабрь куни Hyundai Rotem Ўзбекистонга режалаштирилган олтита тезюрар поезднинг биринчи партиясини жўнатди. Маросим Жанубий Кореянинг Чангвон шаҳридаги Масан портида бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.
Ўзбекистон делегациясидан бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев, транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев, «Ўзбекистон темир йўллари» раҳбари Зуфар Нарзуллаев иштирок этди.
Фото: Транспорт вазирлиги.
Тошкент — Урганч — Хива йўналиши учун мўлжалланган ва Хоразм ҳукмдори ва лашкарбошиси шарафига «Жалолиддин Мангуберди» номи берилган етти вагонли поезд муддатидан олдин — 17 ойда қуриб битказилди, деб ёзди The Korea Times. Хабар қилинишича, бу Жанубий Кореянинг биринчи тезюрар поезд экспорти лойиҳаси.
Тезлаштирилган битказилиш туфайли поезд Ўзбекистонга кутилганидек мартда эмас, балки январь-февралда келиши кутилмоқда. Қолган бешта поезд 2026−2027 йилларда етказилиши кутилмоқда.
Фото: Транспорт вазирлиги.
Ойналари қорайтирилган оқ поездда Ўзбекистон байроғини эслатувчи кўк, яшил ва қизил чизиқлар ҳамда «Жалолиддин Мангуберди» ёзуви бор. Поезд узунлиги — 175 м, сиғими — уч тоифада тахминан 390 йўловчи: VIP, бизнес ва эконом.
Корея нашрининг таъкидлашича, модификацияланган KTX-Eum (EMU-260) поездлари 260 км/соат тезликка эриша олади. Улар Ўзбекистоннинг чўл иқлими учун махсус ишлаб чиқилган бўлиб, чангга, ҳаддан ташқари юқори ва паст ҳароратларга, қум бўронларига чидамли тизимлар билан жиҳозланган ҳамда узоқ масофаларга саёҳат қилиш учун мўлжалланган, деб ёзмоқда Electimes.
Фото: Транспорт вазирлиги.
Hyundai Rotem 2024 йил июнь ойида Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёлнинг Тошкентга ташрифи чоғида «Ўзбекистон темир йўллари» билан олтита электропоезд (жами 42 вагон) етказиб бериш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича шартнома имзолаганди. Лойиҳанинг умумий қиймати 220,03 млн еврога баҳоланмоқда. Корея Эксимбанки 185,18 млн евро эквивалентида 40 йилга, шу жумладан, 10 йиллик имтиёзли даврга қарз беради.
Фото: Electimes.com.
Фото: Electimes.com.
Поезд келаси йил бошида йўлга қўйилиши билан Тошкентдан Хивага етти соатда етиб олиш мумкин бўлади. Айни пайтда оддий поездда пойтахтдан Урганчгача бўлган йўл ярим кундан кўпроқ вақт олади. Янги поезд учун 465 километрлик «Бухоро-Урганч-Хива» йўналиши электрлаштирилди.
