2026 йил 1 январдан Ўзбекистонда кўчмас мулк ва қурилиш материаллари бўйича солиқ базаси бозор қийматидан келиб чиқиб белгиланади. Бу президентнинг 10 декабрдаги «Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида кўзда тутилган, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги.
Қурилиш ва савдо соҳасида фаолият юритувчи юридик шахслар устав капитали ва ундаги ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотлар, шу жумладан, устав капиталига киритилган товарлар тўғрисидаги маълумотлар (электрон ҳисобварақ-фактуралар, онлайн-касса техникаси чеклари, божхона юк декларациялари, нотариал тасдиқланган олди-сотди шартномалари ва бошқа ҳужжатлар) ҳисобини юритиши шарт.
Ушбу операциялар амалга оширилганидан кейин 15 кун ичида солиқ органларининг маълумотлар базасида шахсий кабинет орқали акс эттирилиши талаб этилади.
Ушбу санадан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида жисмоний шахсларга солиқ органларида рўйхатдан ўтмасдан товарлар сотадиган ёки электрон хизматлар кўрсатадиган хорижий компаниялар хабарнома юборилгандан кейин 30 кун ичида рўйхатдан ўтишлари шарт. Акс ҳолда, уларнинг мамлакатдаги фаолияти чекланади.
Бундан ташқари, импорт қилинган озиқ-овқат маҳсулотларининг 9 ой (гўшт ва ҳўл мева-сабзавотларнинг 3 ой) давомида сотилмагани ва қиймати БҲМнинг 500 баравари (206 млн сўм)дан ортиқ бўлган ушбу маҳсулотлар қолдиқда тургани ҳолати сайёр солиқ текширувини ўтказиш учун асос бўлади.
Камерал солиқ текширувини ўтказишда солиқ органлари аниқлаган тафовутни асослаш учун солиқ тўловчилар томонидан қўшимча ҳужжатлар тақдим этилганда, солиқ органлари томонидан уларнинг кўриб чиқилиши мажбурий ҳисобланади.
2026 йил 1 июлдан назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган текширувлар боди-камерадан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.
2024 йил апрель ойида уй-жой сотиб олиш жараёнининг шаффофлигини ошириш мақсадида қурувчилар учун солиқ базасини 1 квадрат метр учун минимал нархдан келиб чиққан ҳолда белгилаш таклиф қилинганди. Тошкент шаҳрида ўртача минимал нарх бир квадрат метр учун 5−7,5 млн сўм этиб белгиланиши режалаштирилганди.
Июль ойида Солиқ қўмитасининг собиқ раиси Шерзод Кудбиев тадбиркорлар билан учрашувда Ўзбекистонда кўчмас мулкни сотишда нархларни пасайтириш билан боғлиқ оммавий ҳолатлар ҳақида гапирганди: 2000 та нотариал битим 1 квадрат метр учун 1 млн сўмдан паст нархда, 9300 та битим 1 млн сўмдан 3 млн сўмгача бўлган нархда тузилган. Ўшанда у уй-жой нархининг минимал чегарасини белгилашни таклиф қилганди.
Солиқ қўмитаси раҳбарининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев ўтган йилнинг декабрь ойида солиқ фирибгарликлари схемалари ҳақида айтиб ўтганди — қурувчилар ёки кўчмас мулк сотувчилари битим қиймати асосида ҳисобланган солиқларни камайтириш ва даромадларнинг бир қисмини яшириш учун битимларни ҳақиқий бозор қийматидан анча паст нархда расмийлаштирган. Масалан, 1 млрд сўмлик квартира расман 500 млн сўмга сотилган. Натижада солиқлар фақат 500 млн сўмдан тўланган, қолган сумма эса «конвертда» берилган.
Иккинчи схема — бунда жисмоний шахслар қурилиш материалларини (масалан, цемент, арматура, бўёқ) компаниянинг устав капиталига ҳисса сифатида киритади. Материаллар пасайтирилган ёки оширилган нархларда баҳоланиши мумкин. Натижада компаниянинг солиқ мажбуриятлари камаяди.