Ўзбекистонда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритувчи барча корхоналар учун электрон тўловларни қабул қилишда ягона QR код жорий этилади. Бу ҳақда президентнинг 10 декабрдаги «Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида белгиланди, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги.

2026 йил 1 январдан бошлаб барча компаниялар банкларда генерация қилинган ягона QR код орқали электрон тўловларни қабул қилади. 2026 йилнинг 1 июлидан ушбу талаб мажбурий бўлади ва QR коддан фойдаланмаслик савдо қоидаларини бузиш сифатида баҳоланади.

Фармонга кўра, 2026 йилдан 1 та ташқи савдо шартномаси доирасида айнан бир хил турдаги товарларга мувофиқлик ва экологик сертификат 1 йилдан ошмаган муддатга 1 маротаба берилади.

Декабрь ойида Марказий банк нақд пулсиз ҳисоб-китоблар учун турли тўлов иловалари томонидан қўлланадиган алоҳида QR кодлар ўрнига универсалини синовдан ўтказишини маълум қилганди. Ўтган йили QR код орқали амалга оширилган тўловлар ҳажми қарийб 31 фоизга, транзакциялар сони эса 2,3 баробарга ошган.

Марказий банк QR кодлар орқали тўловнинг афзалликлари қаторида POS-терминалларни ўрнатиш заруратининг йўқлигини, бу бизнес учун харажатларни камайтиришини, шунингдек, амалга оширилган интеграция туфайли солиқ кешбэки автоматик равишда ҳисобланишини қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, айни президент фармони билан 2026 йил 1 апрелдан кўчмас мулк ва транспорт воситалари билан боғлиқ битимлар фақат банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади. Қиймати 25 млн сўмдан юқори бўлган товарлар ва хизматлар, бензин сотиб олиш ва бошқалар учун тўловлар ҳам нақд пулсиз шаклга ўтказилади.