2026 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда бир қатор тўловлар фақат банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали (нақд пулсиз) амалга оширилади. Бу президентнинг 10 декабрдаги «Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида кўзда тутилган, дея хабар берди Адлия вазирлиги.
Бундай операциялар қуйидагиларга тегишли:
- давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар;
- электр энергияси, табиий газ, ичимлик сувидан фойдаланганлик учун тўловлар;
- алкоголь ва тамаки маҳсулотлари;
- транспортларга ёқилғи қуйиш шохобчалари орқали аҳолига нефть-газ маҳсулотларини сотиш ва электрда ҳаракатланадиган транспортларни зарядлаш бўйича хизматлар;
- қиймати 25 млн сўмдан ошадиган товар ва хизматлар;
- кўчмас мулк объектлари, ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган M, N, O ва G тоифага кирувчи транспортлар ҳамда махсус автотранспорт воситаларини сотиш ва сотиб олиш.
Фармонга кўра, 2030 йилгача иккита асосий мақсад белгиланди:
- ялпи ички маҳсулотга нисбатан кузатилмайдиган иқтисодиёт улушини 1,3 бараварга қисқартириш;
- савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида аҳоли томонидан тўловларни нақд пулсиз амалга ошириш улушини 75 фоизга етказиш.
Июнь ойида Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев кўчмас мулк ва автотранспорт воситаларини сотишни фақат нақд пулсиз ҳисоб-китоб асосида амалга ошириш таклиф этилаётганини маълум қилганди. Ушбу операциялар доирасидаги комиссияларни бекор қилиш режалаштирилган.
Бунда, жисмоний шахслар билан олди-сотди шартномалари банк маълумотлари асосида нотариал тартибда, юридик шахслар билан эса нақд пулсиз ҳисоб-китобни тасдиқловчи ҳужжат мавжуд бўлган тақдирда, электрон ҳисобварақ-фактуралар орқали тасдиқланади.
Шунингдек, товар ва хизматлар нархи 3000 доллардан ошган тақдирда, тўловни фақат нақд пулсиз шаклда амалга ошириш таклиф этилмоқда.
