Uzbekistan Airways ва «Ўзбекистон темир йўллари» компаниялари Янги йил арафасида талабалар учун чипталарга чегирмалар эълон қилди.
Хусусан, Uzbekistan Airways ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари талабалари ва ўқувчилари учун барча маҳаллий авиақатновларга эконом-класс тарифларига 50% гача чегирмалар жорий қилади. Чегирма 2025 йил 26 декабрдан 2026 йил 11 январгача амалга ошириладиган парвозлар учун амал қилади.
Чегирма давлат таълим муассасасида ўқиганлигини тасдиқловчи ҳужжат асосида берилади. Бундай маълумотномани қуйидаги усуллар билан олиш мумкин:
- ЯИДХП орқали онлайн;
- таълим муассасасида;
- ёки «Ўзбекистон Республикаси Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази» ДМнинг электрон тасдиқномаси шаклида.
Қайд этилишича, йўловчи тарифига қўшимча равишда турли солиқлар, йиғимлар ва қўшимча тўловлар белгиланади, уларга 50% гача чегирма қўлланилмайди.
«Ўзбекистон темир йўллари» эса республика олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабаларга маҳаллий йўналишдаги қатновлар учун чегирмалар эълон қилди.
Барча маҳаллий йўналишдаги йўловчи поездларининг темир йўл ҳужжатининг тўлиқ қийматидан 50% чегирма 2025 йил 18 декабрдан 2026 йил 12 январга қадар амал қилади. Чегирма SV/VIP класс вагонлари ва юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» электропоездларини қамраб олмайди.
Чипталарни eticket.railway.uz сайти ҳамда Android ва iOS иловалари орқали электрон харид қилиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, олий, ўрта махсус ва касбий таълим муассасалари ҳамда академик лицейлар талабалари учун қишки таътил 28 декабрдан бошланиб, 10 январгача, умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари учун эса 28 декабрдан 10 январгача давом этади. III чорак дарслари 12 январдан бошланади.
