• Ср. Янв 21st, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Тадбиркорлар учун «Бизнес ҳамроҳ» марказлари 2026 йил мартидан ишга тушади


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 13 декабрь куни «Тадбиркорлик субъектларига давлат, профессионал, консалтинг, молиявий, инжиниринг, маркетинг, медиа, IT ва операцион хизматларни комплекс кўрсатиш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни [ПҚ-375-сон] имзолади, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги.

Қуйидагилар ушбу қарорни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсадлар этиб белгиланди:

  • 1000 дан ортиқ давлат ва хусусий хизматларни «ягона дарча» тамойили асосида кўрсатишни йўлга қўйиш орқали тадбиркорлар фаолиятига тўлақонли ҳамроҳлик қилиш тизимини жорий этиш;
  • тадбиркорлар масалалари ва муаммоларини эшитиш, муҳокама қилиш ва жойида ҳал қилишга мўлжалланган сифат жиҳатдан янги майдонча яратиш.

2026 йил 1 мартдан тадбиркорлик фаолиятига оид давлат хизматлари ва айрим хусусий хизматларни тадбиркорларга «ягона дарча» тамойили асосида кўрсатиш бўйича «Бизнес ҳамроҳ» лойиҳаси амалга оширилади.

Лойиҳа доирасида Савдо-саноат палатаси ҳузурида ташкил этиладиган масъулияти чекланган жамият томонидан бошқариладиган «Бизнес ҳамроҳ» марказлари фаолияти йўлга қўйилади. Дастлабки босқичда бундай марказлар Тошкент ва Нукус шаҳарларида ҳамда вилоятлар марказларида 1 тадан ташкил этилади.

Шунингдек, худди шу санадан тадбиркорлар билан мулоқотни ташкил қилишнинг янги тартиби жорий этилади: республика ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ҳар чоракда тасдиқланадиган режа-графиклар асосида ҳудудларда тадбиркорлар билан «Бизнес ҳамроҳ» марказларида учрашади. Режа-графиклар ҳар чоракда барча учун очиқ ҳолатда «Бизнес ҳамроҳ» электрон платформаси ва тегишли ташкилотларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.

Платформадаги «Раҳбарлар билан мулоқот» модули орқали бир чорак давомида 1 та ҳудуддан камида 10 нафар тадбиркорнинг мурожаати йўналтирилган ташкилот раҳбарлари кейинги чорак учун мўлжалланган режа-графигига ушбу ҳудуддаги тадбиркорлар билан учрашув ўтказишни киритади.

Учрашувларда кўтарилган ва «Бизнес ҳамроҳ» марказининг Call марказидан келиб тушган мурожаатлар платформа орқали «Тадбиркор виртуал офиси» ахборот порталига киритилади.

«Бизнес ҳамроҳ» марказлари зарур функционал имкониятларга эга бўлган давлат хизматлари марказлари биноларига тўғридан-тўғри жойлаштирилади.

1 декабрь куни президент иштирокидаги йиғилишда ССП раиси аниқлик киритганидек, бундай марказлар Озарбайжон мисолида ташкил этилмоқда.

«Ҳар бир ҳудудда „Бизнес ҳамроҳ“ — тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш маркази ташкил этилади. Унда асосий эътибор бухгалтерия ҳисоби, солиқ, экспорт, банк, суғурта, сертификатлаштириш хизматларини кўрсатиш ҳамда ишлаб чиқарувчилар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилади», — деди Ваҳобов.

Унинг сўзларига кўра, бундай тизим тадбиркорларга «бир жойда 80 фоизгача муаммоларини ҳал қилиш» имконини беради.

Президент ташаббусни қўллаб-қувватлади ва бундай марказлар тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг тўлиқ циклини — тадбиркорликни рўйхатдан ўтказиш ва операцияларни ташкил этишдан тортиб, маҳсулотларни илгари суриш ва экспорт бозорига чиқишгача бўлган даврни қамраб олиши кераклигини таъкидлади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *