• Ср. Янв 21st, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Бу итлар жанги эмас». Ўзбекистон терма жамоаси мураббийи — ЖЧ финалида россиялик боксчи Ҳалоковни тишлагани ҳақида (видео)



Париж-2024 Олимпиадаси чемпиони, икки карра жаҳон чемпиони ва Осиё чемпиони Абдумалик Ҳалоков (60 кг) 2−13 декабрь кунлари Дубайда бўлиб ўтган IBA жаҳон чемпионатида Европа чемпиони, россиялик Всеволод Шумковга мағлуб бўлди.

Уч раундли жангда Ўзбекистон вакили ҳакамларнинг бўлинган қарори билан — 3:4 ҳисобида ютқазди.

Бироқ финал жангининг энг асосий эпизоди мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат бўлди. Учинчи раунд тугашига 55 сония қолганда россиялик боксчи клинч пайтида Ҳалоковнинг қулоғини тишлади. Рефери жангни тўхтатмади ва ҳеч қандай санкция қўлламади. Ушбу ҳолат видеога тушиб қолган ва ижтимоий тармоқларда тез тарқалган.

Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Раҳматжон Рузиохунов эпизодни кескин танқид қилди: «Бизнинг спортчини қулоғидан тишлашса, ютуқни тишлаган спортчига бериб юборишади. Агар бизнинг спортчи рақибининг қулоғидан тишласа, дисквалификация қилиб юборишади. Қани адолат?»

У, шунингдек, бундай хатти-ҳаракатлар мутлақо йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади: «Бу — кучук уриштириш эмас-ку, рақибни тишлаш мумкин бўлса».

Рузиохуновнинг айтишича, у мазкур ҳолатни рингда пайқамаган, чунки Ҳалоков «ҳаётда шикоят қилган одам эмас».

Абдумалик Ҳалоковнинг ўзи эса жамоа нима учун шикоят бермагани ҳақидаги саволга: «Биз эркакмиз-ку», — деб жавоб берди.

Ўзбекистон бокс федерацияси ҳозирча жанг натижаси бўйича протест киритилгани ҳақида хабар бергани йўқ.

Ўзбекистон бокс терма жамоаси IBA жаҳон чемпионатида 9 та медаль (2 та олтин, 4 та кумуш ва 3 та бронза) қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида Россия (7−5−1) ва Қозоғистон (3−1−2)дан кейин учинчи ўринни эгаллади. Чемпионлик унвонларини Ҳасанбой Дўсматов (у шунингдек турнирнинг «Энг яхши боксчиси» деб топилди) ва Асадхўжа Муйдинхўжаев қўлга киритди.

IBA 2025 жаҳон чемпионати мукофот жамғармаси бўйича рекорд ўрнатди — 8,3 млн евро. Якка натижалар учун мукофот пуллари қуйидагича тақсимланди:

  • 1-ўрин — 300 минг доллар
  • 2-ўрин — 150 минг доллар
  • 3-ўрин — 75 минг доллар
  • 5-ўрин — 10 минг доллар

Турнир Умар Кремлёв раҳбарлигидаги IBA ҳомийлигида ўтказилди — уни Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) бошқарув муаммолари, молиялаштириш шаффоф эмаслиги ва ҳакамликдаги қоидабузарликлар сабабли эътирофдан маҳрум қилган. ХОҚ билан давом этаётган низо фонида ушбу мусобақалар ҳатто Олимпия тизимидан чиқиб қолиш хавфи остида қолган эди. IBA’га муқобил сифатида 2023 йилда World Boxing тузилмаси ташкил этилди ва шундан сўнг ХОҚ боксни 2028 йилги Олимпия ўйинлари дастурига расман киритди.

2024 йилдаги шунга ўхшаш ҳолат

2024 йил декабрь ойида боксчи Ҳавасбек Асадуллаев 71 кг вазнда Қозоғистон вакили Аблайхан Жусуповни мағлуб этиб, Осиё чемпиони бўлган эди. Жанг давомида у рақибининг елкасини тишлаган. Қозоғистон бокс федерацияси протест киритганидан сўнг, ASBC техник делегати Асадуллаевни қоидаларни жиддий бузгани учун дисквалификация қилди, олтин медаль эса Жусуповга берилди.





Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *