• Ср. Янв 21st, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Тадбиркор аёл нега «Ўзтўқимачиликсаноат» ва ССП ҳаракатларидан норози бўлди? – Ўзбекистон янгиликлари – Gazeta


13 декабрь куни ижтимоий тармоқларда Gravion дўкони раҳбари Наргиза Маджитованинг видеомурожаати тарқалди. Унда тадбиркор «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ва Савдо-саноат палатаси билан боғлиқ ижара шартномасидаги муаммо ҳақида гапириб чиққанди.

Унинг сўзларига кўра, 2024 йил охирида «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Мирмуҳсин Султонов ва ўринбосар Абдували Содиқов тадбиркорнинг Tashkent City Mall савдо марказидаги дўконига Made in Uzbekistan бренди остидаги маҳсулотларни жойлаштиришга қизиқиш билдириб келган. Томонлар 92 квадрат метр майдон учун субаренда шартномасини тузган, бироқ у тўлиқ бажарилмаган, ижара ҳақи эса тўланмаган.

«Барча муаммоларим ана шу пайтдан бошланди. Сизнингча, Tashkent City Mall`да ижара қанча туради? Жуда қиммат. Лекин уюшма бугунгача менга қанча тўлади? Ноль. Шартнома имзоланганидан кейин дўконимга уюшма раҳбарлари ва Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов келди, у вақтда Ваҳобов уюшма раиси лавозимида ҳам ишлаётганди. Кейинроқ судда унинг адвокати Ваҳобов бу лойиҳа ҳақида ҳеч нарса билмаганини ва ҳеч қачон менинг дўконимга келмагани (видеонинг шу қисмида қўшимча кадр бор, унда Ваҳобовнинг дўконда кўриниш бергани акс этади — таҳр.), шунингдек, биринчи ўринбосари Султонов бундай шартнома имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаганини айтган», — деди у.

gravion, наргиза маджитова, савдо-саноат палатаси, ўзтўқимачиликсаноат

Кейинги уч ой давомида тадбиркор биринчи ўринбосардан фақатгина пул тез орада ҳисобга тушиши ҳақидаги ваъдалар эшитгани, чунки уюшманинг ўзида ҳам пул бўлмагани, жамғармадан ажратилишини кутишганини билдирган. Март ойи охирида эса Мирмуҳсин Султонов уюшма раиси этиб тайинланган. Унинг айтишича, тадбиркор аёл шу даврда турли ноўрин «ишоралар»га дуч келган: «Пул ўрнига… очиқ-ойдин намёклар ва ҳаёсизликларни қабул қилдим» (қуйидаги суратда бор — таҳр.).

gravion, наргиза маджитова, савдо-саноат палатаси, ўзтўқимачиликсаноат

Наргиза Маджитованинг таъкидлашича, уюшма расмий Telegram канали орқали брендларни мазкур дўконга таклиф қилиб, ижара ва маркетинг харажатлари Савдо-саноат палатаси томонидан қопланишини маълум қилган. Амалда эса барча харажатлар дўкон эгасининг ҳисобига тўғри келган.

Орадан вақт ўтиб, иш судга олиб чиқилган. Тўрт ярим ой давом этган суд жараёнида тадбиркор томонидан шартнома қонуний экани, брендлар уюшма таклифи билан жойлаштирилгани ва ижара харажатлари ташкилот томонидан қопланиши кераклигига оид ҳужжатлар тақдим этилган. Шунга қарамай, суд Фуқаролик кодексининг 126-моддасини қўллаб, шартномани ҳақиқий эмас деб топган. Тадбиркорнинг таъкидлашича, ҳуқуқшунослар бу қарорни ушбу ҳолатда асоссиз, деб ҳисоблайди.

«Ва бу ҳали ҳаммаси эмас. Нега буни сизларга айтяпман? Чунки қаерга мурожаат қилмай, ҳеч ким ишимни олиб кўрмайди. Суд қонунга кўра ноҳақ бўлган томон фойдасига қарор чиқаради. Президент ҳузуридаги бизнес-омбудсман эса бу унинг ваколатига кирмаслигини айтади. Мени бу ҳолатда ҳимоя қилиши керак бўлган Савдо-саноат палатаси эса, аксинча, бу ерда сизга (обуначилар, умуман, уни кўраётган ва эшитаётганлар — таҳр.) юзланишимга сабабчи бўлган ташкилотдир», — дея таъкидлаган у.

«Лекин мен ҳеч нарсадан қўрқмайман. Ҳар бир аёл, ҳар бир тадбиркор мен каби алданиб қолмаслиги учун барчасини очиқ ва ростгўйлик билан айтиб бераман. Ҳақиқат ва қонун мен томонимда бўлиши керак бўлган жойда эса фақат битта гапни эшитяпман: «Наргиза, бундан ҳеч нарса чиқмайди. Бу амалдорларнинг ортида каттаконлар турибди», — дейди у видеода.

«Масала пулда эмас, адолат ва қонун устуворлигида. Менинг ҳисобимга улар ўз муаммоларини ҳал қилишди…Энди улар хоҳлаган ишини қила олади, янги тадбиркорларнинг олдига бориб, уларни алдаши ҳам мумкин. Илтимос, айтинг-чи, яна қанча тадбиркорлар алданиши керак? Сиз кимнинг ҳисобига ўз ишларингизни бажаряпсиз? Ҳаммасининг тўғри йўлда ишлашини таъминлаш учун яна қанча пул керак? Чунки мени ва мен каби аёл тадбиркорларни алдаганингизда, давлат раҳбарини алдаган бўласиз. Саида Мирзиёева аёл тадбиркорларнинг мамлакат иқтисодиётида қанчалик муҳим роль ўйнашинии айтаётган бир пайтда бизга ҳимоя бериш керак бўлган амалдорлар ҳар қадамда алдашяпти. Ҳақиқат ким тарафда бўлиши керак?» — дея қайд этди Маджитова.

Тадбиркорнинг ушбу видеомурожаати тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди.

Савдо-саноат палатаси муносабати

Орадан бир кун ўтиб, Савдо-саноат палатаси Наргиза Маджитова томонидан кўтарилган масала юзасидан палата ва «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раҳбарияти иштирокида «очиқ ва конструктив учрашув» бўлиб ўтганини маълум қилди.

«Учрашув давомида тадбиркор билдирган барча эътироз ва даъволар батафсил, холисона ҳамда амалдаги қонунчилик доирасида кўриб чиқилди. Ҳар бир масала юзасидан тегишли тушунтиришлар берилди, томонларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди», — дейилади хабарда.

Фото: Савдо-саноат палатаси.Фото: Савдо-саноат палатаси.

Муҳокамалар натижасида «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ва Gravion МЧЖ ўртасида медиатив келишувга эришилди ва белгиланган тартибда имзоланди. ССПга кўра, ушбу келишув мавжуд масалаларнинг қонуний ечимини таъминлайди.

Палата «барча масалаларни очиқ мулоқот, қонун устуворлиги ҳамда ўзаро ҳурмат тамойиллари асосида ҳал этиш асосий мақсад» эканини қўшимча қиларкан, жамоатчиликни «масала юзасидан холис ва масъулиятли муносабат билдиришга» чақирди.

Маджитованинг ўзи нима дейди?

Тадбиркор мажлисдан сўнг жойлаган видеоси аввалида уни қўллаган барчага миннатдорлик билдириб, шу туфайли мамлакатда аёллар ҳақиқат йўлида кураша олишига ишонганини таъкидлади.

«Мени Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов билан учрашувга таклиф қилишди. Икки соат давомида ҳақиқатни изладик. Аниқлашдики, ҳақиқат биз томонда эди. Бугун биз олдинги даъволарини судда қайтаришлари, шартномани тўлиқ қонуний деб эътироф этишлари ва 15 декабрга қадар тўлиқ тўлов қилишлари тўғрисида олдиндан келишиб олдик. Шунингдек, судда қилган харажатларимни тўлиқ қоплашадиган бўлишди», — дея маълум қилди у.

«Бугун менга маълум бўлишича, 12 декабрь куни улар судга апелляция аризаси топширишган ва бундан умуман ҳайратланмадим. Уларни ҳам олдинги каби қайтаришади. Бу билан ҳамкорлигимиз тугайди ва мен уларга ҳеч қандай даъво қилмайман», — дейди тадбиркор.

У мазкур воқеа ортидан катта ва оғир тажриба орттиргани, бу ҳозирча фақат олдиндан келишув экани, шу туфайли пул ҳисобига тушгунича тўлиқ ишонч билдирмаслигини қўшимча қилди: «Душанбани кутамиз…»





Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *