Тошкент шаҳрида Ўзбекистон халқ рассоми, Бадиий академия раиси Акмал Нурнинг «Менинг уйим — менинг Каъбам» номли кўргазмаси давом этмоқда. Gazeta мусаввирнинг Яшнобод туманидаги шахсий галереясида ташкил этилган кўргазма очилишидан репортаж тайёрлади.
Акмал Нур 1987 йилдан буён Ўзбекистондаги ва халқаро кўргазмаларда ўз асарлари билан иштирок этиб келади. Унинг ижодий ишлари Ўзбекистон, Швейцария, Нидерландия, Германия, Бельгия, Италия, Австралия, АҚШ, Исроил, Канада, Марокаш, Ҳиндистон, Туркия, Россия, Қозоғистон музейлари ва хусусий коллекцияларда сақланади.
Ўзбекистон Бадиий академияси академиги (1997) ва раиси ҳисобланган Акмал Нур 2003 йилда Ўзбекистон халқ рассоми, 2019 йилда эса «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирланган. Бундан ташқари, у 2023 йилда «Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг эзгу ният элчиси» фахрий унвони ҳамда 2024 йили Япония императорининг «Чиқаётган қуёш катта кордон» ордени билан ҳам мукофотланган.
12 декабрь куни бўлиб ўтган очилиш маросимида кўплаб таниқли шахслар, хусусан, президент маслаҳатчиси — спичрайтер, ёзувчи Хайриддин Султонов, бош вазир ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова, Ўзбекистон Қаҳрамони Муножат Йўлчиева, Ўзбекистон санъат арбоби Зулфиқор Мусоқов, халқ артистлари Фаррух Зокиров, Зулайҳо Бойхонова, Абдуҳошим Исмоилов, Женисбек Пиязов, Фарҳод Абдуллаев ва бошқалар қатнашди.
Кўргазмадан Акмал Нурнинг сўнгги беш йил давомида чизган 80 га яқин асари ўрин олган. «Буларнинг 90 фоизи янги асар ҳисобланади. Айрим асарларим чет эл кўргазмаларига қўйилгани учун ўзимда қолган янги ишларимнинг борини намойиш қиляпман», — дейди рассом.
Асарларнинг марказий ғоясини миллий қадриятларга нисбатан муҳаббат, уй ва оиланинг инсон, жамият тақдиридаги ажралмас ўрни ҳамда аҳамияти, уни асраб-авайлашга бўлган интилиш туйғулари эгаллаган.
Акмал Нурнинг сўзларига кўра, бугунги кунда одамларнинг турмуш қуриш ва оилага нисбатан қарашлари салбий тарафга ўзгарган.
«Ҳозирги замонда бизларнинг оилага бўлган муносабатларимиз салбий томонга ўзгариб кетди. Масалан, ажримлар сони ортяпти, кўп болалар етим бўлиб қоляпти. Эр-хотин ўртасида муҳаббатнинг қадри қолмади, ҳаммаси оғиздаги гапга айланиб қолди. Турмуш қуриш ҳам ҳисоб-китобли бўлиб, бу анъанага айланяпти. Бу — фожиали аҳвол. Ҳозир оила қуришни хоҳламайдиган ёшлар кўпаймоқда. Ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган баъзи бир ҳаётий удумларни йўқотиб қўйдик. Назаримда, Каъбага нисбатан меҳр-муҳаббат, аввало, оилага бўлиши ва эътиборимизни шунга қаратишимиз керак. Шу маънода кўргазмани „Менинг уйим — менинг Каъбам“ деб номладим», — дейди у.

«Биз мутолаа қилишни, китоб ўқишни йиғиштириб қўйдик. Оқибатда кўп одамлар фикр юритиш, тафаккур қилишдан йироқ бўлиб қолди. Ҳаётга озгина фикр қилиб ёндашмаймиз. Ҳамма нарсани нафс нуқтаи назаридан ҳал қиламиз: катта уй ва катта маблағнинг эгаси бўлишга интиламиз. Аммо булар ҳаётда бизга қанчалик ёрдам беришини ўйламаймиз. Умрнинг қисқа эканини унутиб қўйдик. 14−15 ёшимда Тошкентга келган бўлсам, ҳозир 76 ёшга тўлдим. Шунча вақт қандай ўтганини сезмай қолдим. Умр — бир сония, уни гўзал қилиб яшаш ва ўтказа билиш керак. Асосий мақсад ҳам шу бўлиши шарт», — дейди Акмал Нур.
Ёзувчи Хайриддин Султонов мусаввир Акмал Нур билан 1978 йилдан бери таниш эканини таъкидларкан, ундан Бобур портретини совға сифатида олганини эслади.
«Акмалжон билан талабалик даврида — бешинчи курсда ўқиб юрган пайтларида танишганмиз. Заҳириддин Муҳаммад Бобур картинасини чизаётган вақтида мени устахонасига таклиф қилиб, асар бўйича маслаҳатлашган ва фикрларимни инобатга олган. Бу картина унинг ижодида алоҳида аҳамиятга эга, жуда мукаммал ишланган. Кейинчалик Бобур портретининг бир нусхасини менга совға қилган. Орадан йиллар ўтиб, машҳур ёзувчи Чингиз Айтматовнинг фотоальбом-китоби чоп этилди. Тўрт тилда нашр қилинган альбомга қарасам, бир суратда Чингиз Айтматов хонасида ўтирибди ҳамда унда Акмалжон чизган ва каминага ҳадя қилган Бобур портрети турибди. Кейин билсам, Чингиз акага ҳам бир нусхасини туҳфа этган экан», — дейди Султонов.
Унинг айтишича, ижодий ташкилотга, яъни матбуот, маданият, маънавият, санъат соҳаларига раҳбарлик қилиш — оғир фаолият.
«Лекин бу ишларни барибир кимдир бажариши керак. Ижод аҳлининг бошини силаб, қанотига олиш ва кўнглини кўтариш лозим. Акмалжон мана шундай масъулиятли йўлда ижодкорлар билан ҳамкорлик қилиб келаётгани қувонарли. Энг муҳими, раҳбарлик лавозимида бўла туриб ҳам тунлар, байрамлар ва дам олиш кунлари ҳисобидан ижод учун имкон топиб, шундай гўзал асарларни яратгани ва шахсий кўргазмасини ташкил қилиши, албатта, таҳсинга лойиқ», — дейди халқ ёзувчиси.

Хайриддин Султонов.
«Дунёда ҳамма нарса: давлатлар, тузумлар, сиёсат ўзгаради. Лекин ғоялар доимий яшайди. Ҳеч қачон ўлмайдиган бадиий ғоялар, ижодий ғоялар, сиёсий ва диний ғояларни Акмал Нурга ўхшаган катта-катта рассомлар, мусаввирлар, арбоблар, олимлар, ёзувчилар келгуси авлодларга етказиб келади. Ўзининг ҳаётий ва ижодий принципларига содиқ қолган Акмалжоннинг умри узоқ, ижоди бардавом бўлсин», — дея қўшимча қилди Хайриддин Султонов.
«Менинг уйим — менинг Каъбам» кўргазмаси 2026 йилнинг январь ойи ярмигача Akmal Nur Gallery`да давом этади.
Фото





























