Gazeta Европа тикланиш ва тараққиёт банки вице-президенти Маттео Патроне билан ташкилотнинг мамлакатга ажратаётган маблағлари, мамлакат қайта тикланувчи энергия соҳадаги чуқур иштироки, муҳим хомашё соҳасида ўзаро ҳамкорлик бўйича битимлар юзасидан интервью уюштирди. Қуйида унинг матнини ҳавола этамиз.
— 2024 йилда ЕТТБнинг Ўзбекистонга инвестициялари рекорд даражада — 938 млн еврога етди. Бу муваффақиятнинг асосий омиллари нимада ва ЕТТБ мамлакатда, хусусан, хусусий сектор бўйича молиявий иштирокини янада кенгайтиришни режалаштирмоқдами?
— Ҳа, ўтган йили Ўзбекистон яна Марказий Осиёда банкимизнинг молиялаштириш бўйича етакчи қабул қилувчисига айланди. ЕТТБ мунтазам равишда биз ҳамраислик қилаётган Ўзбекистон Хорижий инвесторлар кенгаши (FIC) билан биргаликда хорижий инвесторлар ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги мулоқот учун муҳим платформага айланган Тошкент халқаро инвестиция форумида (TIIF) асосий маърузачилардан ҳисобланади.
Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этаётган хорижий инвесторлар сонининг тобора ортиб бораётганининг ўзи натижа қандай эканини кўрсатиб турибди ва бу мамлакат тўғри йўналишда ҳаракатланаётганидан далолат беради. Айниқса, қайта тикланадиган энергия соҳасидаги қулай қонунчилик кўплаб хорижий инвесторларни жалб қилди ва жалб қилишда давом этмоқда ва уларнинг аксарияти ЕТТБ билан ҳамкорлик қилади.
2025 йилги Тошкент халқаро инвестиция форуми. Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.
Биз Ўзбекистон молия сектори билан фаол ҳамкорлик қиляпмиз. Ўтган йили ЕТТБ 11 та маҳаллий молия институтига савдони молиялаштириш ва кредит линиялари учун 300 млн евродан ортиқ маблағ ажратди. Ушбу маблағлар кичик ва ўрта бизнесни, яшил ва инклюзив кредитлашни, янги иқлимга мослашиш ва ресурсларни тежайдиган технологияларни ва бошқаларни қўллаб-қувватлайди.
Хусусий секторни ривожлантириш доимо банкимизнинг диққат марказида бўлади. Бу мақсад Ўзбекистон ривожланиш стратегиясининг ҳам бир қисмидир. Биз иқтисодиётни ривожлантириш, иш ўринлари яратиш, ижтимоий интеграцияни таъминлаш ва мамлакатда иқтисодий бошқарувни яхшилаш, шунингдек, хусусий секторни жалб қилиш ва мамлакат инфратузилмасини давлат-хусусий шериклик (ДХШ) орқали ривожлантириш, уларни бу масалага жалб қилишимиз кераклигига қатъий ишонамиз.
Шунингдек, биз маҳаллий корпоратив секторда динамик ривожланишни кўрмоқдамиз. Масалан, ўтган ҳафта биз катта диаметрли қувурлар ва мис қувурлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш бўйича умумий қиймати 27 млн евро бўлган иккита шартнома имзоладик.
— Банк ўзи ажратган маблағларнинг ярмидан кўпини яшил иқтисодиётни ривожлантиришга йўналтирган. Хусусан, ЕТТБ Марказий Осиёда биринчи қайта тикланадиган водород ишлаб чиқариш қувватларини яратишда иштирок этмоқда. Ушбу лойиҳаларни амалга оширишда дуч келинаётган асосий қийинчиликлар нима ва улар Ўзбекистонга декарбонизация мақсадларига эришишда қанчалик ёрдам беради?
— 2024 йилда ЕТТБ АCWА Power учун 65 млн АҚШ доллари миқдорида молиялаштириш пакетини тақдим этди. Бу маблағ янги 52 МВт қувватга эга шамол электр станцияси ва 20 МВт қувватга эга электролизатордан иборат бўлган қайта тикланувчи водород бўйича пилот лойиҳани ишлаб чиқиш, лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатациялаш учун ажратилган.
Бу Ўзбекистон ва Марказий Осиёдаги биринчи яшил водород ишлаб чиқариш қуввати ва банкимиз фаолият юритадиган барча мамлакатлар ичидаги иккинчи шундай қувват бўлади. У ишга туширилгандан сўнг йилига 3000 тоннагача қайта тикланадиган водород ишлаб чиқарилиши ва йиллик CО2 чиқиндилари тахминан 22 минг тоннага камайиши кутилмоқда.
Лойиҳа табиий газдан ишлаб чиқарилган ва Ўзбекистонда аммиак ўғитларини ишлаб чиқаришда кенг қўлланадиган «кулранг» водородни қайта тикланадиган водород билан алмаштиради. Қайта тикланувчи водород ўғит ишлаб чиқариш секторини декарбонизация қилишда асосий альтернатив сифатида тан олинган.
Фото: ЕТТБ
Биз Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергияни жорий этишни қўллаб-қувватлашда давом этамиз. ЕТТБ шунингдек, шамол электр станцияларини қуриш бўйича рақобатбардош тендерларни, жумладан, Қорақалпоғистонда энергия сақлаш сиғимига эга биринчи 200 МВт қувватли шамол турбинаси лойиҳасини қўллаб-қувватламоқда.
Биз Ўзбекистонга 2030 йилга келиб умумий электр энергияси ишлаб чиқаришда қайта тикланадиган энергия улушини 54 фоизга (2030 йилга келиб тахминан 34 ГВт) етказиш мақсадига эришишда ёрдам бериш учун келгуси йилларда кўпроқ қайта тикланадиган энергия лойиҳаларини илгари суришга интиламиз.
Тез ўсиб бораётган қайта тикланувчи энергия қувватини қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон ўзининг электр тармоғини, ўзаро боғловчи қурилмаларини модернизация қилиши ва батареяга асосланган энергия сақлаш тизимларини ривожлантиришга эътибор қаратиши керак.
Фото: ACWA Power
Ушбу соҳадаги ишимизнинг жуда яхши намунаси бу яқинда ACWA Power билан амалга оширган Sazagan Solar деб аталувчи лойиҳамиз саналади. У қуёш фотовольтаик (1 ГВт) ва батарея сиғими (1336 МВт/соат) бўйича Ўзбекистон ва минтақада энг катта умумий қувватга эга. Бундай мисли кўрилмаган BESS қувватининг ишга туширилиши электр тармоғидаги қайта тикланадиган энергия манбаларининг тебранувчанлигини юмшатишга ёрдам беради.
BESS (батареяли энергия сақлаш тизими) технологияси энерготизим ишончлилиги ва мослашувчанлигини оширади, энг юқори талаб даврида қўшимча энергия қувватини таъминлайди. Ўтган йили биз Тошкент вилоятида 200 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектростанцияси ва 501 МВт/соат қувватга эга батареяли энергия сақлаш тизимини ишлаб чиқиш, лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилишни молиялаштирдик.
Бу банк фаолият юритадиган мамлакатлар орасида ЕТТБ томонидан қўллаб-қувватланган энг йирик BESS лойиҳаларидан бири ва Ўзбекистондаги биринчи кенг кўламли BESS тизими эди. Биз бошқа халқаро молия институтлари орасида BESS’ларни молиялаштириш бўйича етакчига айландик, деб ишонч билан айта оламан.
Умуман олганда, бизнинг қайта тикланувчи энергия соҳасидаги иштирокимиз жуда чуқур ва биз буни мамлакатга катта миқдордаги молиялаштириш билан тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишнинг жуда яхши усули деб ҳисоблаймиз.
— Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи муҳим хомашё соҳасида ҳамкорликни ривожлантирмоқда. ЕТТБнинг бу соҳада мамлакат билан ҳамкорлик қилиш стратегияси ва режалари борми?
— Иқлим бўйича қўйилган мақсадларга эришиш учун 2040 йилга келиб тоза энергия технологиялари учун зарур бўлган минералларга талаб сезиларли даражада ошиши кутилмоқда. Шамол турбиналари, қуёш панеллари, литий-ион ва автомобиль аккумуляторлари ва бошқаларни ишлаб чиқариш учун муҳим хомашёларни қазиб олишга инвестицияларни кўпайтириш жуда муҳим.
Яшил водород ишлаб чиқариш учун ҳам зарур бўлган ушбу хомашёлар экологик тоза, барқарор ва циркуляр равишда қазиб олиниши ва қайта ишланиши керак.
Ўзбекистонда муҳим хомашё бўйича лойиҳаларини амалга оширишда Европа Иттифоқининг ҳамкори сифатида ЕТТБ қуйидагиларга тайёр: Ўзбекистонга муҳим хомашёлар тўғрисидаги янги қонунни амалда қўллашга ёрдам бериш, истиқболли конларни ўзлаштириш бўйича синов тендерларини қўллаб-қувватлаш ва геологик ва илмий ҳужжатлар, хариталар ва маълумотларни тўплаш, сақлаш, қайта ишлаш ва тарқатиш тизими ва ёндашувини модернизация қилиш ва ривожлантириш. Яқинда Европа Иттифоқи Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон билан муҳим хомашё секторида техник ҳамкорлик учун 3 млн евро ажратди.
— 2025 йилда ЕТТБ Ўзбекистоннинг 10 та ҳудудида суғориш насос станцияларини модернизация қилиш учун 240 млн евро ажратди. Ушбу лойиҳа мамлакатнинг сув бўйича хавфсизлигига қандай таъсир қилади? Банк учун яна қайси инфратузилма лойиҳалари устувор аҳамиятга эга?
Марказий Осиёдаги ҳар тўрт кишидан бири тоза ичимлик сувидан мунтазам фойдаланиш имкониятига эга эмас. Минтақа 4 млн квадрат километрдан ортиқ майдонни эгаллайди ва унинг 15 фоиздан ортиғини йирик Қорақум ва Қизилқум чўллари эгаллайди. Ёз ойларида Марказий Осиёга хос бўлган ҳаддан ташқари иссиқлик сувни қимматбаҳо ресурсга айлантиради.
Инсониятнинг масъулиятсиз фаолияти, айниқса, суғориш учун сувдан исрофгарчилик билан фойдаланиш энг ҳалокатли глобал экологик офатлардан бирига олиб келди ва Орол денгизи деярли йўқ бўлиб кетди. Муҳими шундаки, Марказий Осиё чучук сув манбаларининг аксарияти глобал исиш таъсирига учраётган музликларнинг эришига боғлиқ ҳисобланади.
Жаҳон ресурслари институтининг (WRI) сўнгги ҳисоботига кўра, 2050 йилга келиб яна 1 млрд одам сув танқислиги шароитида яшашга мажбур бўлиши прогноз қилинмоқда. Бу иқтисодиётга ва қишлоқ хўжалигидаги ишлаб чиқариш жараёнларига путур етказади. Тадқиқотда Марказий Осиёнинг аксарият давлатларига ўзгаришлар жиддий таъсир кўрсатиши прогноз қилинган.
Фото: Хотам Мамадалиев / ЎзА
Қишлоқ хўжалиги Ўзбекистон иқтисодиётида муҳим роль ўйнайди: у ЯИМга катта ҳисса қўшади ва қишлоқ жойлардаги кўплаб одамларни иш билан таъминлайди, аммо у сув масаласига таъсирчан саналади. Ўзбекистон суғориладиган деҳқончиликка таянади ва мамлакатда йиллик ёғингарчилик миқдори нисбатан кам.
2025 йил июнь ойида ЕТТБ Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлигига мамлакат бўйлаб 110 та насос станциясини модернизация қилиш учун 250 млн АҚШ доллари миқдорида суверен кредит ажратди. Модернизация қилинган, энергия тежайдиган насослар электр энергияси истеъмолини тахминан 251 минг МВт/соатга ва CО2 эквивалентидаги чиқиндиларни йилига 117 минг тоннадан ортиққа камайтириши кутилмоқда.
Биз ажратган маблағ, шунингдек, тегишли инфратузилмани модернизация қилиш ва унинг томига қуёш панелларини ўрнатишга ҳам ишлатилади. 2023 йилда банкимиз Фарғона водийсининг бир қисмидаги 118 та эскирган, совет давридаги насос станцияларини модернизация қилиш учун 200 млн АҚШ доллари ажратди. Ушбу маблағлар замонавий, энергия тежайдиган насос станцияларини сотиб олиш ва ўрнатиш ҳамда тегишли инфратузилмани модернизация қилиш учун ишлатилмоқда.
Шунингдек, яна бир нарсани қайд этиб ўтмоқчиман. Хоразм вилоятидаги 4R156 йўлининг тахминан 81 км қисмини тиклаш ва Амударё устидан кўприк қуриш учун ҳам биз 238 млн долларлик кредит ажратганмиз.
Ушбу стратегик муҳим йўл минтақавий пойтахт Урганчни Қозоғистонга А-380 йўли билан боғлайдиган транспорт тармоғининг бир қисми бўлиб, Иккинчи Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик йўлагини шакллантиради (Central Asia Regional Economic Cooperation Corridor 2). Лойиҳа янги йўлнинг ўтказиш қобилиятини сезиларли даражада оширади ва шу тариқа Хоразм вилоятида савдо ва туризмни рағбатлантиради.
Келажакдаги режаларимиз ҳақида ҳам бироз гапирсам. Яқинда Брюсселда бўлиб ўтган Global Gateway конференциясида ЕТТБ Марказий Осиёдаги энг йирик қайта тикланадиган энерголойиҳаларидан бири — Қирғизистондаги Норин дарёсида жойлашган Қамбарота-1 гидроэлектростанцияси лойиҳасидаги иштирокини кучайтиришини эълон қилди.
Қамбарота ГЭС-1. Фото: akchabar.kg
Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги уч томонлама қўшма лойиҳа ҳисобланган Қамбарота-1 минтақавий ҳамкорлик энергия ва сув хавфсизлигини қандай ошириши мумкинлигига мисол бўла олади. Электростанцияда умумий қуввати 1860 мегаватт бўлган тўртта турбина бўлади ва йилига тахминан 5,6 млрд киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариши, шунингдек, гектарлаб экин майдонларини яратиши кутилмоқда.
Биз уч мамлакат билан учта ўзаро англашув меморандумини имзоладик, булар лойиҳани тайёрлаш ва уни амалга ошириш босқичини бошлашни жадаллаштириш учун йўл очади. ЕТТБ бу уч мамлакатга ҳар бири 500 млн АҚШ доллари миқдорида бўлган давлат кафолати остидаги кредит бериши мумкин.
Умумий олиб айтганда, сув, транспорт, рақамли технологиялар, ўзаро боғлиқлик ва уланиш Европа Иттифоқи учун тўртта стратегик устуворлик ҳисобланади ва биз ўз стратегиямизни Европа Иттифоқи стратегияси билан мослаштирамиз. Сув, қолган уч масала билан бирга, биз учун ҳам стратегик устувор ҳисобланади. Айниқса, ҳозирги вазият туфайли Марказий Осиё ва Ўзбекистон учун бу жуда муҳим.
— Яқинда бўлиб ўтган юқори даражадаги учрашувларда томонлар таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликни (ДХШ) ривожлантириш, шунингдек, сунъий интеллект стартапларини қўллаб-қувватлаш каби янги устувор йўналишларни белгилаб олди. ЕТТБ ушбу янги ҳамкорлик йўналишларида лойиҳаларни амалга ошириш учун қандай аниқ қадамлар қўйишни режалаштирмоқда?
Сиз мутлақо ҳақсиз. Ўзбекистон Марказий Осиёда аҳолиси энг кўп мамлакат бўлиб, тез ривожланаётган иқтисодиётга эга. Бу ўсиш асосий транспорт инфратузилмаси ва коммунал хизматлардан тортиб соғлиқни сақлаш ва таълимгача бўлган кўплаб соҳаларга катта инвестицияларни талаб қилади.
Шунингдек, давлат секторининг энг долзарб вазифаларини амалга ошириш учун хусусий секторнинг кўникмалари, тажрибаси ва мобиллиги талаб этилади. Давлат-хусусий шериклик (ДХШ) юқори сифатли давлат хизматларини кўрсатишга қаратилган давлат ва хусусий сектор ўртасидаги узоқ муддатли шартномавий муносабатларнинг энг самарали шаклларидан бири сифатида тан олинган.
ЕТТБ 2019 йилда ДХШ бўйича қонун қабул қилинишига кўмаклашди ва Қорақалпоғистонда 100 МВт қувватга эга шамол электр станциясини қуриш каби муҳим давлат-хусусий шериклик лойиҳалари учун йўл очди. Бу янги қонун бўйича ўтган биринчи лойиҳа, шунингдек, ЕТТБнинг аукцион маслаҳат дастури доирасидаги биринчи ДХШ лойиҳаси бўлиб, у рақобатбардош савдолар орқали Ўзбекистонда 2 ГВт шамол энергияси қувватини яратишга қаратилган.
Фото: ЕТТБ
Банкимиз, шунингдек, шамол энергияси қуввати учун рақобатбардош савдоларни ўтказиш бўйича маслаҳатлар берди. Бунга батареяли энергия сақлаш тизимига (BESS) эга 200 МВт шамол электростанцияси лойиҳаси ва молиявий жиҳатдан якунланган BESS’га эга 1 ГВт қувватли шамол электр станциясини мисол қилиш мумкин. ЕТТБ шунингдек, бошқа халқаро молия институтлари ва ишлаб чиқувчилар томонидан бошланган шунга ўхшаш лойиҳаларда иштирок этишга тайёр.
2024 йилда ЕТТБ мамлакатда ДХШ лойиҳаларини ривожлантиришга кўмаклашадиган Ўзбекистон Лойиҳаларни ривожлантириш жамғармасини (UPDF) ташкил этиш тўғрисида шартнома имзолади. ЕТТБнинг 10 млн евродан ортиқ бўлган суверен кредити билан қўллаб-қувватланадиган UPDF индивидуал ДХШ лойиҳаларини тайёрлаш учун зарур бўлган маслаҳат хизматларини молиялаштиради.
ЕТТБ томонидан бошқариладиган UPDF аэропортлар, йўллар, сув таъминоти ва санитария, давлат бошланғич ва ўрта таълими, суғориш, туман иситиш ва транспорт ҳаракатини бошқариш каби соҳаларда устувор инвестицияларни аниқлашга ёрдам беради.
Жамғарма 2030 йилга қадар амалга ошириладиган 30 млрд долларлик давлат-хусусий шериклик (ДХШ) лойиҳаларининг бир қисмини ривожлантиришга ҳисса қўшади. Бу кўрсаткич Ўзбекистон учун асосий устувор йўналиш сифатида белгиланган. Ҳозирда UPDF дастури доирасида қуйидаги лойиҳалар кўриб чиқилмоқда:
- Ўзбекистоннинг зич жойлашган Фарғона ва Наманган вилоятларида 20 000 ўқувчига мўлжалланган умумтаълим мактаблари қуриш;
- Самарқанднинг Ширин ҳудудида ичимлик суви таъминоти ва санитария тизимини яратиш;
- Ижтимоий, суғориш ва бошқа соҳалардаги истиқболли ташаббуслар.
UPDF дастуридан ташқари, биз ҳукуматга давлат-хусусий шерикчилиги орқали Тошкентда талабалар ётоқхоналарини ривожлантириш бўйича маслаҳат бермоқдамиз, бу эса Тошкентдаги 5 та университетнинг 10 минг нафаргача талабасини турар жой билан таъминлайди. Лойиҳа ҳозирда тендер босқичида ва ҳукумат уни амалга оширишни фаол қўллаб-қувватламоқда.
Сунъий интеллект ва бошқа инновацион ечимлар нуқтаи назаридан бизда Star Venture дастури мавжуд. Бу дастур истиқболли стартаплар ва акселераторларни муваффақият учун зарур бўлган воситалар ва тажриба билан таъминлайди ва ETTБ фаолият юритувчи минтақаларда инновацион тадбиркорлик экотизимларини яратиш учун ҳукуматлар, корпорациялар ва венчур капитал фондлари билан ҳамкорлик қилади.
Бу йил 30 ноябргача Марказий Осиёдаги (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон) истиқболли стартаплардан аризаларни қабул қилдик. Шуни таъкидлашни истардимки, аризаларнинг катта қисми Ўзбекистондан келган.
— ДХШ — Ўзбекистон учун янги ҳодиса. Бу — мамлакат учун янгилик. Сизнингча, ДХШ лойиҳаларини амалга оширишнинг потенциал рисклари ва фойдалари қандай?
Давлат-хусусий шерикчилиги кўплаб минтақалар учун янгилик, ҳар доим мослашиш даври керак бўлади. Албатта, бу борада рақобатбардош жараёнларнинг мавжудлиги жуда муҳим.
Тўлиқ очиқ тендерлар ўтказилиши ёки, айтайлик, ихтиёрий ДХШ лойиҳаси таклиф қилинса, ҳеч бўлмаганда, «Швейцария чақириғи» деб аталадиган нарса (Swiss challenge), яъни ҳукуматдан тасдиқ олиш учун лойиҳа тақдим этиш, кейин эса бозор томонидан бу лойиҳага альтернатив бўладиган ҳар қандай таклиф кўриб чиқилиши, фойда кафолатланмаслигини ва ҳамма нарса солиқ тўловчилар ва ДХШ лойиҳасининг якуний фойда олувчилари, яъни фуқаролар манфаатларини кўзлаб ташкил этилганини таъминлаш зарур.
