• Ср. Янв 21st, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

ЖБ Ўзбекистондаги 16 та туман ва шаҳарда ҳаёт сифатини яхшилашга $250 млн доллар ажратди


Жаҳон банки Ўзбекистоннинг 16 та туман ва шаҳрида аҳоли ва бизнес учун муниципал инфратузилма ва хизматларни ривожлантиришга 250 млн доллар миқдорида маблағ ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда банк ахборот хизмати хабар қилди.

Ушбу маблағлар «Шаҳарларда яшаш ва унумдорликни ошириш учун қулай шароитлар яратиш» (Livable and Productive Cities Program, LPCP) дастури доирасида ажратилмоқда.

Ўзбекистон аҳолисининг ярмидан кўпи шаҳарларда яшайди. 2050 йилга бориб бу кўрсаткич 60 фоиздан ошиши кутилмоқда. Урбанизациянинг жадаллашуви шаҳарларни режалаштириш ва бошқариш тизими, инфратузилма ва коммунал хизматлар, шу жумладан, жамоат транспорти ва чиқиндиларни бошқариш хизматларини такомиллаштиришни талаб қилади.

«Шаҳарларнинг назоратсиз ўсиши, эскирган коммунал ва ижтимоий инфратузилма, шунингдек, аҳолининг сув таъминоти ва канализация хизматлари, йўллар ва жамоат жойларидан фойдаланиш имкониятининг чекланганлиги фуқароларнинг турмуш сифати ва бизнес унумдорлигини пасайтирмоқда. Бу муаммолар зилзила, жазирама иссиқ, шаҳарларни сув босиши каби табиий-иқлимий фавқулодда вазиятлар таъсирида янада чуқурлашмоқда», — дея таъкидлайди банк.

Шу нуқтаи назардан, 2025 йилда мамлакатда ҳудудларни жадал комплекс ривожлантириш дастури ишга туширилди. Дастур жами 3,6 миллион нафар аҳоли яшайдиган 16 та стратегик муҳим туман ва шаҳарда инфратузилмавий ва иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Жаҳон банки молиялаштирадиган LPCP дастури давлат дастурини қўллаб-қувватлайди ва 13 та ҳудудда инфратузилмани ривожлантиришга ёрдам беради. Янгийўл ва Марғилон шаҳарлари, шунингдек, республика бўйича 14 та туман, жумладан, Қўнғирот, Чимбой, Асака, Ғиждувон, Ғаллаорол, Яккабоғ, Хатирчи, Чортоқ, Булунғур, Сирдарё, Денов, Қува, Шовот ва Ҳазорасп туманлари шулар жумласидан.

LPCP дастури Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (ИМВ) томонидан мақсадли вилоятлар, туманлар ва шаҳарлардаги маҳаллий ҳокимият органлари билан келишилган ҳолда амалга оширилади. Дастур қуйидаги мақсадларни кўзлайди:

  • Аҳоли ва бизнеснинг муниципал инфратузилма ва хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш. Бунда ижтимоий, коммунал, транспорт, савдо, ишбилармонлик, туризм инфратузилмаси ва жамоат жойларини ривожлантиришга сармоя киритилади. Булар тиббиёт ва мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, сув таъминоти ва канализация тизимлари, жамоат ҳожатхоналари, йўллар, пиёдалар ҳудудлари, бозорлар, боғлар, шаҳарни сув тошқинидан ҳимоя қилиш иншоотлари, шунингдек, тегишли туман ва шаҳарларда талаб қилинадиган бошқа инфратузилмалардир. Дастур доирасида ерларнинг олиб қўйилиши ёки фуқароларнинг мажбурий кўчирилишига олиб келиши мумкин бўлган инфратузилма лойиҳалари молиялаштирилмайди.
  • Фуқароларнинг яшаши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, бизнесни ривожлантириш, маҳаллий иқтисодиётни ривожлантириш, шунингдек, табиий-иқлимий фавқулодда вазиятларга тайёргарликни оширишга қаратилган ҳудудларни ривожлантиришнинг бош режалари ва инвестиция режаларини тайёрлаш ва амалга ошириш бўйича маҳаллий ҳокимият органларининг салоҳиятини мустаҳкамлаш.
  • Фуқаролар ва бизнеснинг бевосита иштирокида ҳудудларни ривожлантиришнинг инвестиция режаларини ишлаб чиқиш. Бунда ушбу режаларга киритиладиган истиқболли муниципал объектлар ва хизматлар уларнинг эҳтиёжларига, жумладан, хотин-қизларнинг эҳтиёжларига жавоб бериши, шунингдек, маҳаллий иқтисодиётнинг ўсишига ва янги иш ўринлари яратилишига ёрдам бериши кераклиги инобатга олинади.

LPCP дастурида иштирок этувчи маҳаллий ҳокимият органларига тегишли маблағлар қуйидаги мезонларга кўра ажратилади:

  • ҳудудий режалаштириш сифати;
  • капитал харажатларни бошқариш;
  • инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш ва бошқалар.

«Шундай қилиб, LPCP дастури маҳаллий ҳокимият органларини қўллаб-қувватлаш ҳажми уларнинг фаолияти самарадорлигига бевосита боғлиқ бўлган мамлакатдаги биринчи молиявий модель бўлади», — дейилади банк хабарида.

2030 йилга келиб LPCP дастури орқали мамлакатнинг 16 та туман ва шаҳрида 1 миллионга яқин аҳолининг — шундан ярми аёллар — турмуш шароитларини тўғридан-тўғри яхшилаш режалаштирилмоқда.

Таъкидланишича, дастур доирасида 300 минг кишининг транспорт хизматларидан фойдаланиш имкониятини яхшиланади, 400 минг аҳоли учун жамоат жойлари ва боғлар ривожлантирилади. Инфратузилма лойиҳаларининг амалга ошириш қурилиш соҳасида 10 мингга яқин вақтинчалик иш ўрнини яратиш имконини беради.

Аввалроқ ЖБ Ўзбекистонда талабаларни молиялаштириш тизимини модернизация қилишга қаратилган EduImkon дастури учун 250 млн доллар миқдоридаги кредитни маъқуллаганди. Дастур 3 йил ичида 600 минг ёшлар учун таълим кредитларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга ёрдам бериши кутилмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *