БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) онлайн маконда болалар хавфсизлигини таъминлаш учун ёш чекловларининг ўзи етарли эмаслигини таъкидлади. Баёнот Австралияда 16 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишига дунёдаги биринчи бўлиб тўлиқ тақиқ жорий этилиши ва бошқа мамлакатларнинг шунга ўхшаш чоралар кўриш режалари фонида эълон қилинди.
«ЮНИСЕФ дунёда рақамли муҳитда болаларни ҳимоя қилиш мажбурияти ортиб бораётганини олқишлайди, бироқ бундай тақиқлар хавф туғдиради ва акс таъсир кўрсатиши мумкин», — дейилади ташкилот баёнотида.
Жамғарманинг таъкидлашича, ижтимоий тармоқлар кўпчилик, айниқса, изоляция қилинган ва маргинал болалар учун ўзига хос «қутқарув доираси» бўлиб, уларга таълим олиш, мулоқот қилиш, ўйнаш ва ўзини намоён қилиш имконини беради. Бундан ташқари, ЮНИСЕФнинг қўшимча қилишича, кўплаб болалар ижтимоий тармоқлардан — VPN ёки камроқ тартибга солинадиган платформалардан фойдаланишда давом этаверади, бу эса уларни ҳимоя қилишни янада қийинлаштиради.
«Ёшга оид чекловлар болаларни зарар етказишдан ҳимоя қиладиган, уларнинг шахсий дахлсизлик ҳуқуқини ҳурмат қиладиган ва уларни тартибга солинмаган, хавфсизлиги пастроқ рақамли маконларга қамаб қўймайдиган кенгроқ стратегиянинг бир қисми бўлиши керак», — дея таъкидлади ЮНИСЕФ.
Жамғарманинг фикрича, қонунчилик билан тартибга солиш онлайн платформаларнинг болалар хавфсизлигига сармоя киритиш мажбуриятини алмаштирмаслиги керак. Ёшга оид қонунлар платформа дизайни ва контент модерациясини яхшилашга муқобил бўла олмайди.
ЮНИСЕФ ҳукуматлар, регуляторлар ва технология компанияларини болалар ва уларнинг оилалари билан ҳамкорликда бола ҳуқуқларини ҳурмат қиладиган хавфсиз ва инклюзив рақамли маконни яратишга чақирди.
- Австралияда 10 декабрдан бошлаб 16 ёшга тўлмаганлар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга тақиқ кучга кирди. Бу ўсмирларнинг ижтимоий тармоқларга киришини бутунлай чеклайдиган дунёдаги биринчи қонундир. TikTok, Snapchat, YouTube, Х, Facebook ва Instagram каби 10 та йирик платформа тақиққа учради. Болалар ва ўсмирларнинг профиллари ўчирилмайдиган ижтимоий тармоқлар эгаларига 50 миллион Австралия долларигача (33 миллион АҚШ доллари) жарима солинадиган бўлди.
- Австралия ортидан Дания ҳукумати 15 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқларга киришини чеклаш ниятида эканини маълум қилди. Бу бўйича қонун 2026 йил ўрталаридаёқ қабул қилиниши кутилмоқда.
