• Ср. Янв 21st, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистон 2026 йилда янги конларни ишга тушириш ҳисобига газ қазиб олишдаги пасайишни тўхтатишни режалаштирмоқда — вазир


2026 йилда Ўзбекистон янги конларни ишга тушириш ҳисобига қазиб олиш ҳажмининг кескин камайиш тенденциясини барқарорлаштиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 11 декабрь куни Қонунчилик палатаси йиғилишида Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов маълум қилди.

Энергетика вазири таъкидлашича, соҳадаги вазият табиий ресурсларнинг табиий камайиб бориши сабабли ҳануз мураккаблигича қолмоқда:

«Албатта, энг долзарб мавзуларимиздан бири бу углеводородларни қазиб чиқариш. Бу бўйича айтиб ўтиш керакки, олиб борилаётган ишларга қарамасдан, йилдан-йилга ҳақиқатда 85% конларимизнинг ресурси тугаганлигини инобатга олиб, улардаги қазиб чиқариш темпи, босими жуда кескин тушиб кетяпти».

Унинг сўзларига кўра, президент топшириғига асосан, истиқболли ҳудудларга геологоразведка учун қўшимча кучлар ва қўшимча маблағлар ажратилган:

«Бунинг натижасида, хабарингиз бор, Қорақалпоғистоннинг Устюрт ҳудудида, Мўйноқ тумани ҳудудида янги кон очилди. Ва энг қувонарлиси, ушбу конни ҳозирги кунда тизимга улаб, иккита қудуғи уланиши натижасида [суткасига] қўшимча 3 миллион куб метр газ қазиб чиқариш имконияти пайдо бўлди».

Йил якунигача яна еттита қудуқни бурғулаш режалаштирилмоқда, ҳозир қувурларни олиб келиб, улашга тайёргарлик олиб борилмоқда. Вазирлик, шунингдек, SOCAR компанияси билан геология-қидирув ишлари бошланганини, «Ўзбекнефтгаз» эса ўз лойиҳаларини давом эттираётганини маълум қилди.

«Умид қиламизки, кейинги йили янги конлар ҳисобидан қазиб чиқариш кескин пасайиши тенденциясини барқарорлаштиришга эришамиз», — деди вазир.

«Мўйноқ-2» — мамлакатдаги энг юқори дебитли қудуқ

Ноябрь ойида Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманида янги газ кони очилган эди. «Ўзбекнефтгаз» раҳбари Баходир Сидиқов Gazeta`га берган изоҳида қатлам босимининг юқорилиги сабабли ушбу конни «ноёб» деб атади.

26 июль куни 5000 м чуқурликка мўлжалланган биринчи қидирув қудуғини бурғилаш пайтида 4707 м чуқурликда газ чиқиши содир бўлган. Авария бир ой давомида бартараф этилган. Сидиқовнинг таъкидлашича, икки ой ичида битта қудуққа қарийб 45 миллиард сўм харажат қилиниб, 100 миллион куб метр газ қазиб олинган.

12 декабрь куни «Ўзбекнефтгаз» конда бораётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Компания раҳбариятининг топшириғига кўра, айнан мана шу контурда яна тўртта янги истиқболли ҳудуд аниқланиб, бу ерга бурғулаш ускуналари ўрнатилган:

«Қувонарлиси, шу кунларда уларнинг дастлабкисидан катта босимда саноат миқёсида газ олинди. Сиз кўриб турган мана бу ортимдаги бурғулаш ускуналарида ҳам бугунги кунда бурғулаш жараёнлари якуний босқичга етиб келди ва бу ердан ҳам ана шундай катта босимда газ олиниши кўзда тутиляпти», — деди компания матбуот котиби Мўмин Ибодов.

31 августда қурилиши бошланган ва ноябрь ойида тугалланган «Мўйноқ-2» қудуғи Ўзбекистондаги энг сермаҳсули бўлган:

«90 кунда қурилиши тугалланган қудуқ бугунги кунда республикадаги энг юқори дебитли қудуқ ҳисобланади (бир вақт бирлигида мамлакатдаги бошқа ҳар қандай қудуққа нисбатан кўпроқ газ қазиб олиш мумкин бўлган қудуқ — таҳр.). Қудуғимиз „Ўзтрансгаз“ қувурлар системасига уланди», — деди компания мутахассиси.

Ишлар мураккаб геологик шароитларда олиб борилди: 4000−5000 метр чуқурликда бурғиловчилар жуда қаттиқ жинслар ва юқори ҳароратларга дуч келди. Қудуқларни бурғулаш учун жинсларни парчаловчи юқори технологик долоталар — Baker Hughes компаниясининг сунъий олмосли асбоблари, шунингдек, иссиққа чидамли реагентлар ва махсус ускуналар қўлланилди.

Асосий босқичлардан бири газни йиғиш ва тайёрлаш учун инфратузилмани барпо этиш ҳисобланади:

«Кўриб ўтирганингиздек, мана, газ йиғиш пунктлари қуряпмиз. Бу ерда, ҳозирги Мўйноқ конида янги газ йиғиш пункти қурганмиз. Бу 12 та қудуққа мосланган».

Президент ва компания раҳбарияти ташаббуси билан янги қувур ўтказилмоқда:

«Мўйноқ конидан „Арслон“ газни комплекс тайёрлаш қурилмасигача бўлган 34 километрдаги 530 диаметрдаги газ қувурларини етказиб бериш режалаштирилган. Биринчи босқичда ҳозирги кунда 10 километр газ қувурларимиз етказиб берилган бу ерга. Шундан 15 кун ичида тезкорлик билан 10 километр газ қувурларимиз монтаж қилиниб, биринчи босқичдаги газопровод ишга туширилган».

Мўйноқ иккинчи сонли қудуғи ҳам газ йиғиш пунктига уланган ва ишга туширилган.

Энергетика институти ҳисоб-китобларига кўра, 2024 йил якуни бўйича Ўзбекистонда табиий газнинг тасдиқланган захиралари 1,97 трлн куб метрни ташкил этган. Шу билан бирга, сўнгги йилларда газ қазиб олиш ҳажми камайиб бормоқда — ўтган йил якунига кўра 44,6 млрд куб метр (тўққиз ой якунларига кўра — 32,2 млрд куб метр, −4,4%). 2019 йил (59,4 млрд куб метр) билан солиштирганда, пасайиш 14,9 млрд куб метрни ташкил этган.

Йил бошидан буён газ ишлаб чиқариш ҳажми 35,5 млрд куб метрни ташкил этди (−4,8%, ёки 1,8 млрд куб метрга кам).

Бугунги кунда Ўзбекистон газни Россия ва Туркманистондан импорт қилмоқда. Жорий йилнинг 10 ойи давомида мамлакат 1,12 млрд долларлик импорт газ харид қилган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 16%га кам. Шу билан бирга, Ўзбекистон газ экспортини 5,1%га ошириб, 568,2 млн долларга етказди. Ўзбек гази асосан Хитойга етказиб берилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *