• Ср. Янв 21st, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда зўравонликка учраган аёлларнинг 30 фоизи эри болаларига ҳам куч ишлатганини таъкидлади — тадқиқот


Ўзбекистон Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий сиёсат лабораторияси 2025 йилнинг сентябрь-октябрь ойларида зўравонликка учраган аёллар ўртасида тадқиқот ўтказди. Бир ой давом этган сўровномада мамлакатнинг барча ҳудудидан 867 нафар аёл қамраб олинди. Бу ҳақда 10 декабрь куни Тошкентда бўлиб ўтган тадбирда лаборатория директори Хуршид Зафарий маълум қилди, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.

Таъкидланишича, «Аёллар овози: зўравонликдан реабилитациягача» номли ушбу тадқиқот зўравонликнинг шакллари, психологик оқибатлари, аёлларнинг ёрдам излаш жараёни ва мавжуд ҳимоя механизмларининг самарадорлиги ҳақидаги маълумотларни тақдим этади.

867 аёл нафар аёлнинг 46,3 фоизи шаҳарда, 53,7 фоизи қишлоқда истиқомат қилади. 18−55 ёш оралиғидаги респондентларнинг ўртача ёши 36 ёшни ташкил қилади.

Хуршид Зафарий.

«Бу умуммиллий тадқиқот эмас, яъни бу фақатгина зўравонликни бошдан кечирган 900 га яқин аёл ичида ўтказилган сўров. Тадқиқот давомида ҳимоя ордери олган, бирламчи тиббий ёрдам хоналари ҳамда реабилитация марказларига жойлаштирилган аёлларнинг фикрлари ўрганилди. Саволлар ЖССТнинг гендер зўравонлигини ўлчаш бўйича саволномаси асосида тузилди», — дейди Хуршид Зафарий.

Тадқиқот натижалари аёлларга нисбатан зўравонлик кўпинча йиллаб давом этувчи, такрорланувчи ва кўп қиррали муаммо эканини кўрсатди. Масалан:

  • 69 фоиз аёллар ҳимоя ордери сўраб мурожаат қилишдан аввал узоқ вақт давомида зўравонликка чидаб келган;

  • 70 фоиздан ортиқ аёл мунтазам зўравонликка учраб келган;

  • 22,9 фоиз аёл ҳаётига таҳдид — пичоқ ўқталиш ёки ўлдиришга уриниш ҳолатлари содир бўлганини билдирган;

  • тахминан 20 фоиз аёл мунтазам жинсий мажбурлашни бошдан кечирган.

«Иштирокчиларнинг 20 фоизга яқини ўз жонига қасд қилиш тўғрисида ҳам ўйлаб кўрганини билдирди. Респондетнларнинг деярли тўртдан уч қисми сўнгги ойда кучли стресс, асабийлашиш ёки тушкунликни бошдан кечирган. Улар депрессиядан чиқиш бўйича тўлиқ маълумотга эга эмас. Уй ишларини қилиш ёки спорт билан шуғулланиш орқали депрессиядан чиқишини таъкидлаган. Шу тариқа, зўравонликни унутиб юборишга ҳаракат қилишини айтган. 90 фоиз аёллар тинчлантирувчи дорилардан фойдаланмаслигини билдирган», — дейди лаборатория директори.

Тадқиқотда болалар масаласига ҳам эътибор қаратилган. Аёлларнинг 63 фоизи фарзандлари камида бир марта зўравонлик ҳолатларига гувоҳ бўлганини, баъзиларида эса бу деярли ҳар куни такрорланганини қайд этган. Бу эса зўравонликнинг бир эмас, икки авлодга бир вақтнинг ўзида зарар етказаётганини кўрсатади. Аёлларнинг 30 фоизи эри болаларига нисбатан ҳам куч ишлатганини айтган.

«Оилавий зўравонлик омилларига аҳамият қаратадиган бўлсак, эрдан ташқари қайнона-қайнотанинг роли ҳам борлигини кўрамиз. Респондентларга кўра, 7,6 фоиз ҳолатларда қайнона томонидан зўравонлик содир этилган. Қайнона нафақат тўғридан-тўғри, балки ўғли орқали ҳам зўравонликка туртки берган. Айрим аёллар турмуш ўртоғи ва қайнонаси смартфондан фойдаланишини назорат қилиши, тармоқлардаги ёзишмаларини қайнонасига айтишга мажбурланганини билдирган», — дейди Хуршид Зафарий.

Унинг сўзларига кўра, ҳал этилмаган масалалардан бири иқтисодий мустақиллик бўлиб қолмоқда. Аёлларнинг тўртдан бир қисми даромадга эга эмас, ҳар учинчиси ўз даромадидан мустақил фойдаланмайди. Бу эса қарамликни кучайтиради ва зўравон муносабатлардан чиқиш имкониятини чеклайди.

Тадқиқот, шунингдек, Ўзбекистондаги ҳимоя тизими (ҳимоя ордерлари, бирламчи тиббий ёрдам хоналари ва реабилитация марказлари) аёллар томонидан юқори баҳоланганини кўрсатади. Ҳимоя ордери олган аёлларнинг кўпчилигида зўравонлик тўхтаган ёки камайган, реабилитация марказлари эса уларга хавфсизлик, психологик ва ҳуқуқий ёрдам олиш имконини берган. Аёлларнинг 5 фоизи реабилитация туфайли зўравоннинг олдига қайтмасликка қарор қилганини ҳам билдирган.

«Ҳисобот ижтимоий меъёрларда мавжуд зиддиятларни ҳам қайд этади: аёллар тенгликка интилсалар ҳам, оилада эркак устунлигини оқловчи қарашлар сақланиб қолган. Жумладан, зўравонликка учраган аёлларнинг 27 фоизи зўравонлик ҳолатларига аёлларнинг ўзлари айбдор бўлишларини таъкидлаган. Бундан кўришимиз мумкинки, аҳоли ўртасидаги турли стереотиплар зўравонликни тўхтатишга ёки муросасиз жамият яратишга тўсқинлик қилмоқда», — дейди у.

«Яна бир қизиқ факт шуки, „Эрнинг аёлини уришга ҳаққи борми?“, деган саволга „Ҳа“, деб жавоб берганлар ҳам кўп бўлди. Улар „оддий уй ишларини яхши қилмаса“, „болаларига яхши тарбия бермаса“ аёл калтакланиши тўғри, деган жавобларни оқлаган. Шу сабабли ҳисобот келгусида зўравонликни эрта аниқлаш, иқтисодий мустақилликни кучайтириш ва зарарли ижтимоий меъёрларни ўзгартириш бўйича тизимли ишларни кучайтиришни тавсия этади», — дея қўшимча қилди агентлик вакили.

Тадқиқот билан тўлиқ танишиш учун ҳавола.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *