10 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраевнинг ҳисоботи эшитилди. У 2025−2028 йилларга мўлжалланган Сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантириш дастурининг ижроси ҳамда сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш ҳақида маълумот берди.
Шавкат Хамраев маълум қилишича, 2025 йилда Ўзбекистон бўйлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун 40 млрд куб метрдан ортиқ сув етказиб берилган. Вазирнинг сўзларига кўра, сувни тежаш бўйича «муайян натижалар»га сув омборларида олдиндан захиралар яратилгани, каналларни бетонлаштириш ҳамда сувни тежовчи технологиялар қўлланилишини кенгайтириш ҳисобига эришилган.
«Аммо бугунги кун ҳолатида трансчегаравий сув омборлари билан ҳисоблаганда, сув захирамиз ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,5 миллиард кубометрга кам. Ички сув омборларимизда эса 2,7 миллиард кубометр кам сув йиғилган», — деди Шавкат Хамраев.
Унинг таъкидлашича, сўнгги 5 йилда сув хўжалиги тизимини тубдан ислоҳ қилиш, мавжуд сув захираларидан тежамкорлик асосида фойдаланишга 60 триллион сўм бюджет маблағлари ҳамда 622 миллион доллар хорижий инвестициялар йўналтирилди. Натижада 2025 йилга келиб, республика бўйича сув тежайдиган технологияларнинг умумий майдони 2,6 миллион гектарга ёки суғориладиган майдонга нисбатан 60 фоизга етказилган. Бу ишларни давом эттириш учун Сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2025−2028 йилларга мўлжалланган дастури тасдиқланди.
2025 йилда амалга оширилган ишлар
Бу йил дарё ва сойлардаги тўртта йирик гидрологик постлар рақамли технологиялар асосидаги автоматлаштириш ускуналари билан жиҳозланди.
Ирригация ва мелиорация объектларида жами 564,9 км канал, 26,9 км лоток тармоқлари, 32 та гидротехника иншооти, қуввати 47,2 куб метр/сония бўлган насос станциялари, 3,9 км босимли қувурлар, 45,8 км ёпиқ суғориш қувурлари, 12,7 км дамбалар, шунингдек, 45 та суғориш қудуғи қурилди ва реконструкция қилинди.
Бундан ташқари, мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш доирасида 95,3 млрд сўмлик ишлар амалга оширилиб, 197,3 км очиқ ва 100,02 км ёпиқ горизонтал коллектор-дренаж тармоқлари, 19 та гидротехника иншооти ҳамда 46 та кузатув қудуғига онлайн мониторинг ускуналари ўрнатилди.
Шунингдек, 4,94 минг км канал тозаланди, 5260 та гидротехника иншооти ва 5090 та гидропост таъмирланди. Насос станцияларининг самарадорлигини ошириш мақсадида Сув хўжалиги вазирлиги тизимида 157 та насос агрегати ва 166 та электр двигатели янгиланди.
Вазирнинг сўзларига кўра, энергиядан мақсадли фойдаланиш ва унинг самарадорлигини ошириш мақсадида насос станцияларида 165 та конденсатор, 135 та частота ўзгартиргич, қуввати 752 кВт·соат бўлган қуёш панеллари ҳамда 27 та қуёш сув иситкичи ўрнатилган.
Насос станциялари ва вертикал қудуқлар фаолияти учун 6,8 млрд кВт·соат электр энергияси лимити ажратилган бўлиб, 1 декабрь ҳолатига кўра ундан 6 млрд кВт·соати ишлатилган. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан деярли 200 млн кВт·соат электр энергияси тежаб қолинган.
Таққослаш учун: 2017 йилда насос станциялари 8,3 млрд кВт·соат электр энергияси истеъмол қилган. 2025 йил якунларига кўра эса ушбу кўрсаткич 6,4 млрд кВт·соатни ташкил этиши кутилмоқда. Демак, сўнгги йилларда 1,9 млрд кВт·соат электр энергиясини тежашга эришилган.
«Сув хўжалиги соҳасида самарадорлик ва натижадорликка эришишнинг бирдан-бир йўли — рақамлаштириш. Бу орқали шаффофлик ва аниқлик таъминланади, коррупциянинг олди олинади», — деди вазир.
Ҳудудларда 2025 йилнинг ўзида 817,2 минг гектарда сув тежовчи технологиялар ўрнатилди. Шундан 103,2 минг гектарида — томчилатиб суғориш, 30,7 минг гектарида — ёмғирлатиб суғориш, 13,7 минг гектарида — дискрет суғориш қўлланилди. Бундан ташқари, 74 минг гектар майдонда эгилувчан қувурлар орқали, 49 минг гектарда эса плёнкадан фойдаланган ҳолда эгатлаб суғориш амалга оширилди.
Унинг маълум қилишича, 2025 йилда ирригация тадбирлари учун 1,35 трлн сўм ажратилган бўлиб, шундан 1,20 трлн сўми ўзлаштирилган.
Шавкат Хамраев маълум қилишича, сув хўжалигида бюджет юкламаларини камайтириш мақсадида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида урғу бериляпти. 2020−2025 йилларда умумий қиймати 5,2 триллион сўмлик жами 478 та давлат-хусусий шериклик лойиҳаси бўйича битимлар тузилиб, хусусий шериклар томонидан 176 миллиард сўм инвестиция киритилди. Жумладан, жорий йилда 34 та насос станцияси ва 9 та қудуқ бўйича 5 та лойиҳада битимлар имзоланиб, реестрга киритилди.
2025 йилнинг ўзида 817,2 минг гектарда сув тежовчи технологиялар ўрнатилди. Натижада, айнан сув тежовчи технологиялар ҳисобидан жорий йилда 2,3 миллиард кубометр сув иқтисод қилишга эришилди. Технологияларни жорий этиш сув ресурсларини 45−50%гача тежаш имконини беради.
Назорат ва қоидабузарликларга қарши кураш
Вазирнинг айтишича, ажратилаётган маблағлардан мақсадли фойдаланиш, коррупсион ҳолатларнинг олдини олиш бўйича вазирлик томонидан Ҳисоб палатаси ва прокуратура органлари билан ҳамкорликда муайян ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, лойиҳа-смета ҳужжатларидаги нархлар ва иш турлари қурилиш сифати ва ҳажмига таъсир этмаган ҳолда бир қатор объектларнинг дастлабки қурилиш қиймати 25−30 фоизга мақбуллаштирилди.
Бундан ташқари, Мирзобод туманида, Бўка туманида, Чуст туманида қатор каналларда мана шу ишлар қилинаётганда сифатсиз ишлар аниқланиб, баъзи бир жойларда ортиқча маблағлар режалаштирилгани прокуратура ва назорат органлари билан ўз вақтида бартараф қилинган. Қонун бузилишига йўл қўйган 22 нафар масъулга маъмурий, 800 нафарга интизомий жазо қўлланилди, шундан 14 нафар шахс эгаллаб турган лавозимидан озод этилди ҳамда 56 нафар мансабдор шахслар расман огоҳлантирилди.
2026 йилга режалар
Шавкат Хамраевнинг таъкидлашича, 2026 йилда 503 минг гектар ер майдонининг 75,4 минг гектарида томчилатиб суғориш, 34,6 минг гектарида ёмғирлатиб суғориш, 28,9 минг гектарида дискрет суғориш ҳамда 164,1 минг гектарида бошқа суғориш усуллари жорий этилади. Шунингдек, 200 минг гектар қишлоқ хўжалиги ерларида лазерли текислаш ишлари амалга оширилади.
Давлат бюджети ҳисобидан 1,4−1,6 трлн сўм ажратилади. Режага кўра, 642 км канал, 352 км лоток тармоқлари, 51,3 км ёпиқ суғориш тармоқлари, 22 та гидротехника иншооти, 24 та суғориш қудуғи ва бошқа гидротехника объектлари ҳамда насос станциялари, шунингдек, коллекторлар қурилиб, реконструкция қилинади.
«Натижада каналлардан фойдаланиш коэффициенти 0,68 гача ошади. 332,8 минг гектар майдонда сув таъминоти таъминланади, 54,2 минг гектарда мелиорация ҳолати яхшиланади, бу эса 250 млн куб метр сув йўқотилишининг олдини олиш имконини беради. Шунингдек, хорижий инвестициялар ҳисобидан тахминан 200 млн доллар ўзлаштирилади», — дея таъкидлади вазир.
Шу билан бирга, 500 км канал ва 30 та гидротехника иншооти реконструкция қилинади, 30 та насос станциясининг агрегатлари модернизация қилинади. Натижада 1,4 млн гектардан ортиқ ер майдонида сув таъминоти яхшиланади. Эскирган насослар ва электр двигателлари — 156 та насос ва 149 та электр двигатели — замонавий, энергия тежовчи ускуналарга алмаштирилади.
Режага кўра, 67 та конденсатор, 84 та частота билан бошқариш қурилмаси, 60 та қуёш панели ва 26 та қуёш сув иситгичи ўрнатилади. Вазирнинг таъкидлашича, ушбу чора-тадбирлар насос станцияларининг электр энергияси истеъмолини қўшимча равишда камайтириш имконини беради.
Шунингдек, Ўзбекистон чегараларида сув ҳажмини реал вақт режимида кузатиш учун камида 300 та рақамли қурилма, туманлар чегараларида эса реал вақт режимида сув ҳисобини юритиш учун камида 1895 та рақамли қурилма ўрнатилиши режалаштирилган.
ДХШ ва пилот лойиҳа
Насос станцияларни давлат-хусусий шериклик асосида бошқарув амалиёти янада кенгайтирилади, деди Хамраев. Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларидаги насос станцияларининг 50 фоизи хусусий шерикка берилади.
Бу борада Наманган вилоятининг Чортоқ туманида «бир насос — бир тизим» тамойили асосида «Чортоқ тажрибаси» амалга оширилади. Бунда хусусий шерик истеъмолчиларга сув лимити доирасида сув билан таъминлайди. Насосларга боғланган майдонлардан ҳисобланган сув солиғининг 40 фоизи мана шу хусусий шерикка тўлаб берилади.