АҚШнинг Браун университетида содир бўлган отишма оқибатида 2 талаба ҳалок бўлгани, уларнинг бири биринчи курс талабаси ўзбекистонлик МуҳаммадАзиз Умурзоқов экани ҳақида ёзгандик. Washington Post нашри воқеа юзасидан марҳумнинг яқинлари билан гаплашди. Қуйида ҳикоянинг ўзбекча таржимасини келтирамиз.
«Ҳаётимдаги энг зўр йил бўлди деганди»
13 декабрь, шанба куни тушдан кейин МуҳаммадАзизнинг икки опаси Ричмонд яқинидаги уйларида ўтириб, Браун университетидаги отишма ҳақидаги хабарларни катта хавотир билан кузатишаётган эди.
МуҳаммАдазиз бўлса қўнғироқ ва хабарларга жавоб бермаётганди. У аслида биокимё ва нейробиология йўналишида ўқирди, шунинг учун икки киши ҳалок бўлиб, тўққиз киши яраланган иқтисодиёт дарсига боришига ҳеч қандай сабаб йўқ эди. Аммо кейинроқ опалари Instagram орқали унинг дўстларини топишди ва даҳшатли ҳақиқатни билишди: у шунчаки дўстларига ҳамроҳлик қилиш учун дарсга кирган ва, одатига кўра, энг олд қаторда ўтирган эди.
Якшанбага ўтар кечаси соат 2−3 лар атрофида университет маъмурияти 18 ёшли талаба Умурзоқовнинг вафот этганини тасдиқлади. Яқинлари ва дўстлари уни билимга чанқоқ, меҳрибон ва бошқаларга доим мадад берадиган инсон сифатида хотирлашди.
«Бу — ўтакетган адолатсизлик. У тинимсиз ҳаракат қилди, кўп қийинчиликларни енгди, якунда эса қисмати шундай бўлди», — дейди унинг 22 ёшли опаси Рухсора Умурзоқова кўзда ёш билан.
Укаси мактабда аълочи ўқувчи бўлган, турли илмий тўгарак ва баҳсларда фаол қатнашган — у ҳаётда ўз ўрнини топишга интиларди.
Опасининг айтишича, болалигида МуҳаммадАзизнинг миясида жиддий операция ўтказилган ва даволаниш йиллар давомида чўзилган. Айнан шу синов унда келажакда нейрохирург бўлиш орзусини уйғотганди.
У мактабда қийин дастурларни (Advanced Placement) танлаб ўқиди ва Браун университети грантини ютиб олди. Ёзда эса ўзига ноутбук сотиб олиш учун Wawa дўконда ишлаб пул тўплади.
«У ҳеч қандай репетиторга бормади, ҳаммасига ўз кучи билан эришди», — дейди опаси. «У Браунга ўқишга кирганидан жуда бахтли эди. Бу ҳаётимдаги энг зўр йил, ўзимни бу ерда жуда яхши ҳис қиляпман деганди. У яқиндагина, Шукрона кунида бизни кўргани келганди».
Оила фахр билан уйларининг ҳовлисига Браун университети белгисини ўрнатиб қўйганди. Улар 2011 йилда хавфсизроқ ва тинчроқ ҳаёт илинжида Бруклиндан Виржинияга кўчиб ўтишган. Опаларининг сўзларига кўра, оила икки йил аввал Ўзбекистондан эмиграция қилган ва барчалари АҚШ фуқаролигини олган.
Уларнинг онаси ҳамшира, отаси эса юк машиналари компаниясига эгалик қилади ва узоқ масофаларга қатнайди.
«Ота-онамиз ўша куни Умрага кетишганди»
Ота-онаси йиллар давомида ният қилиб, пул йиғиб, айнан ўша шанба куни эрталаб қариндошлари билан Саудия Арабистонига — Умра зиёратига учиб кетишганди. Самолёт Мисрга қўнганида қизлари телефон орқали уларга укасидан дарак йўқлигини, Саудия Арабистонига етиб боришганида эса унинг вафот этганини айтишга мажбур бўлишди.
Ота-она зудлик билан ортга, Нью Йоркка қайтди.
«Улар адо бўлишганди», — дейди Умурзоқова. Укасига жуда катта умидлар боғланганди. «Бизда ўша машҳур Америка орзуси бор эди. Ота-онам доим Сизлар буюк ишларни қилишингиз керак, деб уқтиришарди… Бу жуда оғир йўқотиш бўлди».
«Эртага кўришгунча…»
Браун университетининг лос-анжелеслик биринчи курс талабаси Эно Томсон-Трайбнинг айтишича, Умурзоқов қизиқарли ва ўзига тортувчи шахс бўлиб, доимо дўстларини қўллаб-қувватлашга ҳаракат қиларди. Томсон-Трайб француз мусиқий асбобини чалишини айтди ва улар танишганидан атиги икки ҳафта ўтгач, Умурзоқов унинг концертига борганини эслади.
Отишмадан бир кун олдин улар кампусдаги ошхоналарнинг бирида лағмон еб ўтириб, таътил режалари ҳақида суҳбатлашишган. Умурзоқов, борадиган йўли бўлмаса-да, 35 даража иссиқда мактабнинг жанубий чегарасидаги мусиқа кутубхонасигача 15 дақиқалик масофани у билан бирга босиб ўтган.
Томсон-Трайб овози титраб, ўша куни кечқурун хайрлашаётганда дўстига: «Эртага кўришгунча…» деганини хотирлади, аммо кейин ҳеч қачон кўриша олмади.
МуҳаммАдазизнинг карьера мақсадлари ҳеч қачон хаёлидан кўтарилмасди. Ётоқхонадаги қўшниси ва дўсти Ванессанинг айтишича, у ҳатто кичик хато қилганда ҳам ҳазиллашиб: «Мени ўзингга нейрохирург сифатида ишониб топширган бўлармидинг?» деб сўраб турарди.
Шанба куни соат 14:57 да у дўстига сўнгги хабарини ёзганди: «Мени иқтисодиёт дарсига судраб келишди» ва синфхонадаги «Якуний имтиҳонга тайёргарлик» ёзуви туширилган расмни юборди.
Тахминан бир соат ўтгач, қуролланган шахс ўша синфхонада ўт очди.