Тошкент вилояти Бекобод туманида 11 декабрь куни (ярим тунга яқин) ИИБ ходими Nexia 3 автомобилида пиёдани уриб юборган, оқибатда эркак ҳалок бўлган. Бу маълумотни Ўзбекистон Бош прокуратураси Gazeta`га тасдиқлади.

Йўл-транспорт ҳодисаси «Қорасув — Бўка — Бекобод» автомобиль йўлининг 64-километрида, «Қорақўйли» маҳалласи ҳудудида содир бўлган. Марҳум 43 ёшда бўлган.

12 декабрь куни туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлишига сабаб бўлиши) ва 117-моддаси 2-қисми (хавф остида қолдириш одам ўлишига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилди. Гумонланувчи қамоққа олинган.

Шу билан бирга, ҳалок бўлган шахснинг жасади ҳозиргача топилмаган. Бош прокуратурада қидирув ишлари давом этаётгани маълум қилинди.

Kun.uz суд ажримига таяниб ёзишича, 36 ёшли ИИБ ходими, катта тезкор ходим, маст ҳолатда бўлган. У жабрланувчига ёрдам кўрсатиш ўрнига, уриб юборилган эркакни машинасига солиб, далалардан бири томон кетган. Кейин эса хотинини чақирган, у Matiz автомобилида етиб келган.

Улар биргаликда жабрланувчини хотинининг машинасига юклаб, ЙТҲ содир бўлган жойдан 35 км узоқликда жойлашган Фарҳод канали томон йўл олган ва (йўлда эркак вафот этган) жасадни сувга ташлаган.

Gazeta ушбу маълумотларни ҳозирча расмий идораларда тасдиқлата олмади.