• Ср. Янв 21st, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Аҳолининг ҳолидан хабар олиш, кўп қаватли уйларнинг йўлаклари, ертўла ва том қисмларини тартибли сақлаш зарур» — президент


Шавкат Мирзиёев 16 декабрь куни Тошкентнинг Юнусобод туманида қурилган йирик қувватли когенерация станцияси фаолияти билан танишди, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Қайд этилишича, пойтахтда аҳоли ва иқтисодиёт объектларини қиш мавсумида иссиқлик энергияси билан барқарор ва узлуксиз таъминлаш мақсадида бир вақтнинг ўзида электр ва иссиқлик ишлаб чиқарадиган бир қатор замонавий когенерация қурилмалари ишга туширилмоқда.

Хусусан, Юнусобод туманидаги 4-иссиқлик маркази ҳудудида давлат-хусусий шериклик асосида қуввати 100 МВт бўлган мазкур лойиҳа қурилди. Хитойнинг CNTIC компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилган лойиҳа 3,5 гектар майдонда жойлашди. Уни молиялаштириш учун 65 млн доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция йўналтирилди.

Когенерация иншоотига Буюк Британиянинг Rolls-Royce компаниясининг 70 та газ-поршен ускуналари ўрнатилган.

Қозонхоналардан истеъмолчиларгача бўлган иссиқлик таъминоти инфратузилмаси реконструкция қилинган, иссиқлик магистраллари янгиланган, тармоқлар изоляцияли қувурлар билан алмаштирилган. Бу эса турли даражадаги энергия йўқотишларининг олдини олиш имконини беради, дейилади хабарда.

Марказ ишга туширилиши натижасида йилига 876 млн киловатт-соат электр энергияси ва 858 минг гигакалория иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади. Шу билан бирга, йилигa 35 млн куб метр табиий газ иқтисод қилиниши кутилмоқда.

Эндиликда пойтахтнинг Юнусобод, Олмазор, Шайхонтоҳур, Мирзо Улуғбек ва Яккасарой туманларида жойлашган жами 1 минг 846 та объект доимий иссиқлик энергияси билан таъминланади, уларнинг 1 минг 400 таси аҳоли хонадони, қолган қисми эса ижтимоий соҳа объектларидир. Шунингдек, 292 минг хонадонга электр энергияси барқарор етказиб берилади, дейилади хабарда.

Лойиҳа ишга тушиши билан иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш учун сарфланадиган харажатлар 40−45 фоизга камайиши кутилмоқда. Атмосферага чиқадиган ифлослантирувчи моддалар миқдори сезиларли даражада қисқариб, оқова сув ташланмалари юзага келмайди.

Шу ернинг ўзида президент куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича амалга оширилган ишлар ва иссиқлик марказларини ривожлантириш, Тошкент иссиқлик электр станциясини модернизация қилиш, пойтахтда ободонлаштириш ишларини такомиллаштириш бўйича таклифлар, шунингдек, аномал совуқ шароитида хизматга жалб этиладиган куч ва воситаларни тақсимлаш юзасидан тақдимотлар билан танишди.

Пойтахтда 11 минг 630 та кўп қаватли уй бор. Уларга 358 та бошқарув сервис компанияси хизмат кўрсатмоқда. Давлат раҳбари уларнинг мавсумга қай даражада шайлиги билан қизиқди.

юнусобод тумани, иссиқлик таъминоти, когенерация

«Шаҳар шароитида бошқарув сервис компаниялари фаолияти аҳоли ҳаёти билан узвий боғлиқ. Шу боис улар соат механизмидай аниқ, узлуксиз ишлаши керак. Бунинг учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Эндиликда соҳа ходимларининг дунёқараши ва ёндашуви ҳам ўзгариши лозим. Аҳолининг ҳолидан хабар олиш, кўп қаватли уйларнинг ертўла ва том қисмларини, йўлаклар ва ўйин майдончаларини тартибли сақлаш зарур», — дея таъкидлади президент.

Шунингдек, энергетика, ободонлаштириш, қурилиш ва сервис тармоқлари масъулларига мавсум давомида тизимли ва мувофиқлашган ҳолда ишлаш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *