• Чт. Янв 22nd, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Жаҳон банки Ўзбекистонга кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун $105 млн ажратмоқда


Жаҳон банки Ўзбекистон учун 100 миллион долларлик кредит ва 5 миллион долларлик грантни тасдиқлади, дея хабар бермоқда Жаҳон банки матбуот хизмати.

Ушбу маблағлар «Иш ўринларини яратиш ва бизнесни ривожлантириш учун молиялаштиришдан фойдаланиш» (Access to Finance for Jobs and Growth Project, FINGROW) лойиҳасини амалга ошириш учун йўналтирилади.

Лойиҳанинг мақсади капитал танқислигини бошдан кечираётган микро, кичик ва ўрта корхоналарнинг (МКЎК) кредит ресурсларидан фойдаланиш ва уларнинг капиталига хусусий инвестицияларни жалб қилиш имкониятларини кенгайтиришдан иборат.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ўзбекистонда МКЎКлар барча корхоналарнинг 90 фоиздан ортиғини ташкил этади, умумий бандликнинг 75 фоизини таъминлайди ва ЯИМнинг қарийб 55 фоизини яратади.

«Сўнгги йилларда кичик ва ўрта бизнесни кредитлаш ҳажмининг ошишига қарамай, ҳали ҳам корхоналарнинг капиталдан фойдаланиш имконияти чекланган, бу эса уларнинг бизнесни ривожлантириши, иқтисодиётга ҳисса қўшиши ва иш ўринларини яратишига тўсқинлик қилмоқда», — дея қайд этди ЖБ.

Микро, кичик ва ўрта корхоналарнинг учдан бир қисмидан кўпроғи банкда ўз ҳисобига эга эмас ва улар савдосининг 30 фоиздан камроғи электрон шаклда амалга оширилади. Кредит маблағларидан фойдаланиш имконияти пастлигича қолмоқда. Масалан, кичик корхоналарнинг атиги 10 фоизи ва ўрта корхоналарнинг 16 фоизи кредитлари борлигини маълум қилишган.

ЖБ таъкидлашича, МКЎКларнинг кредит маблағларига бўлган умумий талаби 13 млрд долларга баҳоланмоқда, молиялаштириш тақчиллиги эса тахминан 6 млрд долларни ташкил этади.

«Хотин-қизлар раҳбарлик қилаётган корхоналар янада жиддийроқ молиявий чекловларга дуч келмоқда. Рўйхатдан ўтган МКЎКларнинг деярли учдан бир қисми аёлларга тегишли бўлишига қарамай, уларнинг бундай корхоналарга берилган кредитлардаги ҳиссаси атиги 14 фоизни ташкил этади. Натижада, аёллар бошчилигидаги корхоналарнинг 23 фоизи молиялаштиришдан фойдаланиш имкониятини ўзларининг асосий муаммолари деб ҳисоблашади, эркаклар бошчилигидаги корхоналарда бу кўрсаткич 10 фоизга тенг. Бундай тенгсизлик аёллар тадбиркорлигининг ўсишини ва мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятини чеклайди», дейилади банк ҳисоботида.

Ўзбекистонда бизнесни кенгайтиришга интилаётган МКЎКлар ҳам корхоналар капиталига хусусий инвестицияларни жалб қилишдан манфаатдор. Бундай инвестицияларга бўлган талаб 20−30 млрд долларга баҳоланмоқда, шу билан бирга, мамлакатда фаолият юритаётган учта тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаларининг жалб қилинган капиталининг умумий ҳажми атиги 2 млрд долларга яқинни ташкил этади.

Жаҳон банки томонидан молиялаштириладиган FINGROW лойиҳаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси (ТРК)га МКЎКларнинг молиялаштиришдан фойдаланишдаги муаммоларини ҳал қилишда ёрдам беради.

ТРКнинг профессионал бошқариладиган шўба тузилмалари банклар, микромолия ташкилотлари ва хусусий капитал соҳасидаги инвесторлар билан МКЎКларга кредит (банк) кафолатларини бериш ва рақобатбардош корхоналар капиталига хусусий инвестицияларни жалб қилишга кўмаклашиш учун ўзаро ҳамкорлик қилади.

«Инновацион молиявий хизматлардан фойдаланишни рағбатлантириш ҳамда капиталдан фойдаланишни кенгайтириш ва хусусий сектор ўсишини қўллаб-қувватлаш учун масъул бўлган институтларни мустаҳкамлаш орқали ФИНГРОW лойиҳаси Ўзбекистонда тезлик билан ўсиб бораётган корхоналар учун янги имкониятлар очади, тадбиркорликни ривожлантириш ва кўпроқ яхши ҳақ тўланадиган, шу жумладан аёллар ва ёшлар ўртасида иш ўринларини яратишга ёрдам беради», — деди Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Нажи Бенхасин.

Лойиҳа фаолияти 2030 йилга келиб тахминан 7000 та микро, кичик ва ўрта корхоналар, жумладан, аёллар ва ёшлар раҳбарлигидаги 4500 та корхона учун кредит маблағларидан фойдаланиш имкониятини яратиши кутилмоқда.

Жаҳон банкининг таъкидлашича, ушбу қўллаб-қувватлаш бенефициар компанияларга 100 мингга яқин янги ва яхши ҳақ тўланадиган иш ўринларини яратиш имконини беради, уларнинг ярмидан кўпини эса аёллар ва ёш ишчилар эгаллашади.

Бундан ташқари, лойиҳа доирасида 70 тагача юқори ўсиш салоҳиятига эга бўлган кичик ва ўрта корхоналар капиталига хусусий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда бизнесни кенгайтириш учун янги билим ва тажрибаларни улашиш орқали қўллаб-қувватланади. Ушбу корхоналарнинг аксарият қисми аёллар ва ёш раҳбарлар томонидан бошқарилади.

Тадбиркорликни ривожлантириш компаниясининг шуъба тузилмалари банклар, микромолия ташкилотлари ва хусусий инвесторлар билан ҳамкорликда қўшимча 500 млн долларлик хусусий капитални жалб қилади. Ушбу маблағлар кредит маблағларидан фойдаланишни таъминлаш ва кўпроқ МКЎКлар учун корхоналар капиталига хусусий инвестициялар оқимини таъминлаш имконини беради.

ЖБ маълумотларига кўра, Ўзбекистон ва Туркия Европа ҳамда Марказий Осиё минтақасида FINGROW дастури бўйича ёрдам олган биринчи давлатлар бўлди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *