Қирғизистон фан, олий таълим ва инновация вазири Бактиёр Орозов «давлат ва муниципал ходимларнинг этика меъёрларга риоя қилмагани учун» лавозимидан озод қилинди.

Ишдан бўшатиш тўғрисидаги фармонни Қирғизистон президенти Садир Жапаров имзолади. Бу ҳақдаги хабар 15 декабрь куни тушдан кейин давлат раҳбарининг веб-сайтида эълон қилинди. Қўшимча тафсилотлар келтирилмади.

Kaktus.media’нинг ёзишича, Орозов 15 декабрь кечаси Чуй вилоятининг Кой-Тош қишлоғида маст ҳолда машина бошқараётганида ҳибсга олинган. Кейинчалик вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бу маълумотни тасдиқлади.

«Текширув давомида ҳайдовчида алкоголь мастлиги белгилари кузатилди. Шунинг учун у Бишкек марказий наркология бўлимига тиббий кўрикдан ўтиш учун юборилди ва унинг алкоголь истеъмол қилгани тасдиқланди. Ҳайдовчига нисбатан Ҳуқуқбузарлик кодексининг 193-моддаси бўйича баённома тузилди. Автомобиль ихтисослаштирилган жарима майдончасига жойлаштирилди», — дейилади ташкилот хабарида.

Kaktus.media эълон қилган видеода Орозовнинг ўзи пиво ичганини айтган.

Орозов 2025 йил май ойидан бери Фан, олий таълим ва инновациялар вазирлиги раҳбари лавозимида ишлаб келаётганди.